285-модда. Бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузиш
Бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузиш, яъни мунтазам хўрлаш, азоб бериш, соғлиқнинг бузилишига сабаб бўлган баданга енгил шикаст етказиш ёки ўртача оғир шикаст етказиш, қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш -
олти ойгача қамоқ ёхуд бир йилгача интизомий қисмга юбориш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) қурол ишлатиб содир этилган бўлса;
в) баданга оғир шикаст етказилишга сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) одамларнинг ўлимига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидалари ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят мунтазам равишда хўрлаш, азоб бериш, соғлиқнинг бузилиши, баданга енгил ёки ўртача шикаст етказишда, қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этишда, бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузишда ўз ифодасини топади.
3. “Ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузиш деганда, хизматдошларини ўзига бўйсундиришни таъминлаш, хизматни ўташ чоғида ўзи учун имтиёзли шароитлар яратиш мақсадида бир ҳарбий хизматчининг бошқасига нисбатан турли хилдаги зўрликлар ишлатиши, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиши тушунилиши лозим”.
ЖК 285-моддаси 1-қисмида мунтазам хўрлаш, азоб бериш, соғлиқнинг бузилиши, баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш, қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этишда ифодаланувчи ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Шу муносабат билан айбдорнинг бу ҳаракатлари Жиноят кодексининг шахсга қарши жиноятлар тўғрисидаги тегишли моддаларига биноан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.
4. Мунтазам хўрлаш деганда, мазкур ҳаракатларнинг уч маротабадан кам бўлмаган такрорий содир этилиши тушунилади.
5. Хўрлаш - жабрланувчи шахсини мазах қилиш йўли билан шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи турли ҳаракатлар.
6. Азоб бериш жисмоний қийнаш орқали содир этилиши мумкин.
Қийнаш - узоқ ва азобли оғриқлар.
Азоб бериш чимчилаш, тишлаш, баданга майда жароҳатлар етказиш, тирнаш, жабрланувчининг баданига термик, кимёвий ва бошқа моддалар билан таъсир кўрсатиш ва ҳоказоларда ифодаланиши мумкин (Баданга енгил шикаст етказиш, озодликдан қонунга хилоф равишда маҳрум этиш тушунчалари тўғрисида ЖК 109, 138-моддалари шарҳига қаранг).
7. Шарҳланаётган моддий таркибли жиноят хўрлаш, азоб бериш, соғлиқнинг бузилишига сабаб бўлган баданга енгил шикаст етказиш ёхуд қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этиш пайтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Айбдорнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг шахсга қарши жиноятлар учун жавобгарликни кўзда тутувчи тегишли моддаларга кўра қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.
8. Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади. Жиноятнинг мотиви ва мақсади квалификация учун аҳамиятга эга эмас.
9. Жиноятнинг субъекти жабрланувчи билан бўйсуниш муносабатида бўлмаган ҳар қандай ҳарбий хизматчи бўлиши мумкин.
Ушбу қоидалар хизмат мавқеи ва ҳарбий унвонига кўра тенг, шунингдек, ҳарбий унвонига кўра катта ёки кичик мавқега эга бўлган, лекин ўзаро тобе муносабатда бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасида бузилган ҳолларда, жиноий жавобгарлик ЖК 285-моддаси бўйича келиб чиқади.
Зўравонлик ҳаракатларининг ўзаро тобе муносабатда бўлган ва бўлмаган шахслар тамонидан биргаликда содир этилиши квалификация учун маълум қийинчиликлар туғдиради. Масалан, аскар томонидан содир этилган устав қоидаларини бузишга айбдорга ҳам, жабрланувчига ҳам бошлиқ бўлган сержант қўшилади, ёхуд бошлиқнинг зўрлик ҳаракатларини бўйсунувчи қўллаб-қувватлайди.
Бундай ҳолларда бўйсунувчи томонидан етказилган зўравонлик ҳаракатларида иштирок этган бошлиқнинг ҳаракатлари ЖК 301-моддасида назарда тутилган ҳарбий мансабдорлик жинояти бўйича квалификация қилиниши лозим.
Мазкур ҳолатда бажарувчининг ҳаракатларини ЖК 285-моддаси бўйича квалификация қилиш лозим, чунки бошлиқ бу ҳолатда мазкур жиноят субъекти ҳисобланмайди ва иштирокчи деб топилмайди.
Хизмат мавқеига кўра ўзаро тенг муносабатда бўлган бошлиқнинг устав қоидаларини бузишига айбдор ва жабрланувчига бўйсунувчи шахс келиб қўшилса, бошлиқнинг ҳаракатларини ЖК 285-моддаси бўйича квалификация қилиш, бўйсунувчининг ҳаракатларини ЖК 28, 285-моддалари бўйича ушбу жиноят иштирокчиси сифатида квалификация қилиш лозим.
10. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидалари:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) қурол ишлатиб;
в) баданга оғир шикаст етказиб бузилганлиги учун жавобгарлик белгиланган.
11. Бир гуруҳ шахслар томонидан устав қоидаларининг бузилиши ягона қасд билан бирлашган, ҳар бири ЖК 285-моддаси бўйича кўзда тутилган жиноят субъекти ҳисобланувчи ва иштирокчи сифатида ҳаракат қилувчи икки ёки ундан ортиқ ҳарбий хизматчи томонидан биргаликда содир этилади.
Бир гуруҳ шахслар томонидан жиноят олдиндан тил бириктириб ёки бириктирмай содир этилиши мумкин. Бундай ҳолларда айбдорларнинг хатти-ҳаракати ЖК 285-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича квалификация қилиш учун зарурий шарт уларнинг ҳар бирининг уставга хилоф ишни бажараётганини англаши ҳисобланади (Бир гуруҳ шахслар тушунчаси тўғрисида ЖК 29-моддаси шарҳига қаранг).
Гуруҳ ичида ёки якка ҳолдаги уставга хилоф муносабатлар эпизодлари жиноятларнинг реал жами деб квалификация қилиниши ва ҳуқуқий жиҳатдан мустақил баҳоланиши лозим.
12. Қурол баданга шикаст етказиш учун қўлланиши, бошқа хил зўрлик пайтида эса, масалан, айбдор қурол ишлатиш таҳдиди остида жабрланувчини ҳарбий хизмат юзасидан ўзига юклатилган вазифаларни бажаришга, ўзи учун турли хизматлар қилишга мажбурлаш, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган хатти-ҳаракатлар қилиш пайтида, руҳий таъсир ўтказиш учун қўлланилиши мумкин.
Қуролдан унинг конструкцияси ва моҳиятидан келиб чиқадиган яксон қилувчи восита сифатида эмас, балки фақат калтаклаш предмети сифатида фойдаланиш қуролни қўллаш ҳисобланмайди.
13. ЖК 285-моддаси 3-қисмида жиноий қилмиш одам ўлишига сабаб бўлгани учун жавобгарлик белгиланган.
Агар уставга хилоф зўравонлик ҳаракатлари жабрланувчини қасддан ўлдириш билан тамомланса, айбдорнинг ҳаракати ЖК 285-моддаси 3-қисми ва Кодекснинг шахсга қарши жиноятларни кўзда тутувчи тегишли моддалари (жумладан, ЖК 97-моддаси) бўйича квалификация қилинади.
Амалиётда жабрланувчи юрагининг рефлектор равишда ёхуд айбдорнинг жабрланувчи кўкрак қафасига қўли билан зарба бериши натижасида механик асфиксия бўлиши сабабли тўхтаб қолиши кузатилади. Бундай ҳаракатлар, айбдорда жабрланувчини ҳаётдан маҳрум қилиш қасдининг ишончли далиллари мавжуд бўлмаса, ўзаро ҳарбий муносабатлар қоидаларининг шахснинг ўлимига сабаб бўлган бузилиши деб квалификация қилинмоғи лозим.
14. Жиноят одамларнинг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, жавобгарлик ЖК 285-моддаси 4-қисми бўйича келиб чиқади.
15. ЖК 285-моддаси 4-қисми “б” бандида кўзда тутилган “бошқа оғир оқибатлар” деганда, айбдорнинг уставга зид ҳаракатлари билан сабабий боғланишда бўлган, оғирлигининг хусусиятига қараб суд томонидан баҳоланиши лозим бўлган оқибатлар тушунилади.
16. Ҳарбий хизматчилар ўртасида устав қоидалари бузилиши айрим ҳолларда фақат одамларнинг ўлимига олиб келмай, жанговар топшириқнинг барбод бўлишига, жанговар техниканинг ишдан чиқишига ва бошқа оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундай ҳаракатлар, агар улар суд томонидан оғир деб топилган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 285-моддаси 4-қисми, “б” банди билан квалификация қилиш учун асос бўлиши мумкин.
17. Уставга хилоф зўравонлик ҳаракатлари жараёнида Жиноят кодекси 285-моддаси турли қисмларида кўзда тутилган зарар етказилса, у ҳолда қилмишни оғирроқ жазо белгиланган қисми бўйича квалификация қилиш лозим.
18. Ҳарбий хизматчилар ўртасида уставга оид муносабатларнинг бузилиши айбдорларнинг хизматнинг айрим махсус турларини ўташлари давомида содир этилиши мумкин (қоровуллик, ички хизмат, ҳарбий навбатчилик ва ҳоказолар). Агар айбдор томонидан айни пайтда махсус хизмат қоидалари ҳам бузилса, бу ҳаракатлар ЖК 285-моддаси ва у ёки бу хизмат турини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалар мажмуи билан квалификация қилиниши лозим.
19. Ҳарбий хизматчилар ўртасида уставга оид муносабатларнинг бузилиши жабрланувчидан озиқ-овқатини, ҳарбий кийим-кечагини ва бошқа моддий бойликларини олиб қўйиш йўли билан содир этилиши мумкин.
Агар бунда жабрланувчига тегишли бўлган шахсий мулк ашёлари олиб қўйилса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 285-моддасидан ташқари, мулкка қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи бошқа моддалар билан қўшимча квалификация қилиниши зарур.
Зўрлик ишлатиш ёки уни ишлатиш таҳдиди остида ҳарбий хизматчига бериладиган озиқ-овқат паёги ёки ҳарбий кийим-кечак ашёларини олиб қўйиш ЖК 285-моддасининг диспозицияси билан тўлалигича қамраб олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |