284-модда. Бўйсунувчининг ўз бошлиғини ёки бошлиқнинг ўзига бўйсунувчини ҳақорат қилиши
Бўйсунувчининг ўз бошлиғини, шунингдек, бошлиқнинг ўзига бўйсунувчини ҳақорат қилиши шундай ҳаракатлар учун интизомий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки уч ойгача қамоқ билан жазоланади.
1. Қонун бўйсунувчининг бошлиқ ёки бошлиқнинг бўйсунувчи шаъни ва қадр-қимматини ҳақоратлагани учун жавобгарлик белгилайди. Жиноят қонуни бошлиқнинг шаъни ва қадр-қимматини бўйсунувчи, шунингдек, бўйсунувчининг шаъни ва қадр-қимматини бошлиқ тажовузидан бир хил ҳимоя қилади, бу эса ҳарбий уставлар талабларига мувофиқдир.
2. Жиноят объекти ўрнатилган бўйсуниш тартиби ва бошлиқ, шунингдек, бўйсунувчининг шаъни ва қадр-қиммати ҳисобланади. Жабрланувчи бошлиқ ёки бўйсунувчи бўлиши мумкин.
3. Объектив томондан жиноят бўйсунувчининг айни шундай ҳақорат учун илгари интизомий жазога тортилганидан кейин бўйсунувчининг ўз бошлиғини ёки бошлиқнинг ўзига бўйсунувчини ҳақорат қилишидан иборат.
Биринчи бор ҳақорат қилган шахс Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари интизомий уставига мувофиқ интизомий жазога тортилади. Ҳақорат шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан камситишда ўз ифодасини топади (ЖК 140-моддаси шарҳига қаранг).
4. Шарҳланаётган моддада кўзда тутилган жиноят ҳарбий муносабатлар уставларида мустаҳкамланган тартибни бузади, ҳарбий хизматчининг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайди. Жиноят фақат ҳарбий қисм ҳудудида ва хизмат пайтида эмас, балки мазкур ҳудудлардан ташқарида, ҳарбий хизматчининг қисқа муддатли таътили, сафари чоғида ва бошқа пайтларда содир этилган бўлиши ҳам мумкин.
5. Агар ҳақорат қилиш ҳарбий хизматчиларнинг шахсий муносабатлари негизида юз берган бўлиб, улар ўртасидаги тобелик муносабатига дахлдор, жабрланувчининг ҳарбий хизматга доир вазифаларини бажариши билан боғлиқ бўлмаса ёхуд мазкур вазифаларни ижро этиш чоғида юз берган бўлмаса, у ҳолда бундай қилмиш ҳарбий жиноят деб топилмайди. Бундай ҳақорат ЖК 140-моддасига мувофиқ квалификация қилиниши лозим.
6. Шаън ва қадр-қимматни таҳқирлаш - жабрланувчи шахсининг салбий баҳоланиши, атрофдагилар олдида унинг мавқеини ерга уриш, унинг инсоний қадр-қимматини ва ҳарбий унвонини обрўсизлантиришни билдиради. Шаън ва қадр-қимматни таҳқирлаш содир этилиши усулига кўра оғзаки, ёзма ёхуд турли ҳаракатлар билан ифода этилиши (тупуриш, тарсаки тушуриш, погон ёки, бошқа белгиларни юлиб ташлаш ва ҳоказолар), ёхуд ахлоқнинг умумэътироф этилган нормаларига, одоб-ахлоқ, этиканинг элементар талабларига хилоф беадаб ибора ёки хатти-ҳаракатда ифода этилиши мумкин.
7. Ҳақорат қилиш бошлиққа нисбатан жисмоний зўрлик ишлатиш, жумладан, уни уриш, унинг баданига ҳар хил даражада шикаст етказиш билан амалга оширилса, бундай ҳолларда айбдорнинг ҳаракатлари нафақат мазкур модда бўйича, балки жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 283-моддаси билан ҳам квалификация қилиниши лозим.
Ўз хусусияти ва йўналишига кўра бошлиқнинг бўйсунувчига нисбатан ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини пастга уриш мақсадида ваколати доирасидан четга чиқадиган жисмоний зўрлик ишлатиш ҳаракатлари ЖК 301-моддасида назарда тутилган ҳарбий мансабдорлик жиноятлари деб топилиши мумкин.
8. Шахсни ҳақорат қилиш реал фактлар ёки ҳолатларга асосланган бўлиши мумкин, лекин унинг номаъқул шаклдаги ифодаланиши шарҳланаётган модданинг таркибий қисми ҳисобланади.
9. Жиноий жавобгарлик келиб чиқишининг муқаррар шарти бўйсунувчининг айни шундай ҳақорат учун илгари интизомий жазога тортилганидир, яъни маъмурий преюдиция тушунчасига тенг бўлган интизомий преюдиция ҳисобланади (Маъмурий преюдиция тушунчаси тўғрисида ЖК 177-моддаси шарҳига қаранг).
10. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Айбдор ҳаракатлари ўз хизмат вазифасини бажариб турган муайян ҳарбий хизматчининг қадр-қиммати ва шаънини таҳқирлашга қаратилганини англаб етади ва айни вақтда у мазкур қилмишларни содир этишни истайди. Ҳақоратнинг мотивлари турлича бўлиши мумкин ва жиноятни квалификация қилишга таъсир кўрсатмайди.
11. Фақат бўйсунувчи ёхуд хизмати бўйича ёки ҳарбий унвонига кўра бошлиқ бўлган шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.
12. Бир ҳарбий хизматчининг бошқа ҳарбий хизматчини ҳақоратлагани учун жавобгарлик, агар улар ўзаро тобе муносабатда бўлмасалар, ЖК 140-моддасига кўра келиб чиқади.
Бироқ, айни вақтда, жабрланувчига жисмоний шикаст етказилган ёки унга нисбатан бошқа турдаги зўрлик ишлатилган ҳолларда айбдорнинг қилмиши ЖК 285-моддасида назарда тутилган жиноят таркибини вужудга келтириши ёки шахсга қарши жиноятларнинг тегишли моддаси бўйича квалификация қилиниши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |