194-модда. Атроф табиий муҳитнинг ифлосланганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан яшириш ёки бузиб кўрсатиш
Махсус ваколатга эга мансабдор шахслар томонидан зарарли экологик оқибатларни келтириб чиқарган ҳалокатлар ёки атроф табиий муҳитнинг радиациявий, кимёвий, бактериявий ифлосланганлиги ёхуд одам ҳаёти ёки соғлиғи, тирик табиат учун хавфли бўлган бошқача тарзда ифлосланганлиги ҳақидаги ёхуд аҳоли саломатлигининг ҳолатига доир маълумотларни қасддан яширилиши ёки бузиб тақдим этилиши аҳолининг оммавий касалланиши, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша қилмишлар одам ўлишига сабаб бўлса, -
уч ойдан олти ойгача қамоқ ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, “ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”.
Шарҳланаётган модданинг мақсади атроф муҳитнинг нормал ҳолатини сақлаш ва тегишли мансабдор шахслар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида атроф табиий муҳитни доим назорат қилиш орқали инсон ҳаёти ҳамда соғлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, шунингдек, табиатнинг бошқа объектлари учун келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишдан иборат.
2. Жиноятнинг объекти - хўжалик юритувчи комплексларнинг тегишли тармоқларида экологик хавфсизликни таъминлашдан келиб чиқадиган ижтимоий муносабатлар ҳамда атроф муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидир. Факультатив объект - инсон ҳаёти ва соғлиғи ҳисобланади.
3. Жиноятнинг объектив томони зарарли экологик оқибатларни келтириб чиқарган авариялар ва атроф табиий муҳитнинг бошқача тарзда ифлосланганлиги ҳақидаги маълумотларнинг қасддан яширилиши ва бузиб тақдим этилиши натижасида атроф муҳитга, инсон соғлиғи ва ҳаётига ҳамда ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар ва шикаст етказишда ифодаланади. Бундай қилмишлар ҳаракат ёки ҳаракатсизлик оқибатида содир этилиши мумкин.
4. Қасддан маълумотларни яшириш деганда, инсон ҳаёти ва соғлиғи ёки атроф муҳитга хавф туғдирадиган ҳолатлар ҳақида хабар берилиши шарт бўлган маълумотларни, бундай маълумотларни қабул қилишга ҳуқуқи бор ёки қабул қилишга муҳтож бўлган тегишли шахсларга етказмаслик тушунилади. Яшириш бундай маълумотларни тақдим этишга мажбур бўлган шахс томонидан бузиб кўрсатиш ёки яшириш орқали ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этиш йўли билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Қасддан яшириш жавобгар шахснинг атроф муҳит, инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган ҳамда зарар етказадиган авария ва ифлосланганлик ҳақида тегишли орган ёки мансабдор шахсларга ўз вақтида хабар бериш бўйича чора кўрмаганлик кўринишидаги пассив ҳаракатсизликда ифодаланиши мумкин.
5. Бузиб кўрсатилган маълумотлар деганда, атроф муҳит инсон ҳаёти ёки соғлиғи ёхуд бошқа объектларга зарар ва шикаст етказган ёки етказиш хавфини туғдирадиган факт ва ҳолатларга тегишли бўлган тўлиқ бўлмаган ёки ишончсиз, яъни ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тушуниш керак. Маълумотларни бузиб кўрсатиш актив ҳаракатда ифода этилиши мумкин.
6. Махсус ваколатга эга мансабдор шахс - бу фаолияти атроф табиий муҳит ҳолати ёмонлашишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган давлат органларининг ҳамда корхона, муассаса, ташкилотларнинг мансабдор шахслари.
Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, давлат бошқаруви маҳаллий органлари амалга оширади.
Махсус ваколатли давлат табиатни муҳофаза қилиш идоралари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
Саноатда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш ва кончилик назорати агентлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси.
Махсус ваколатли давлат табиатни муҳофаза қилиш идоралари табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назоратини амалга оширишда қатнашишга идоравий экологик хизмат бўлинмаларини белгиланган тартибда жалб этишлари мумкин.
Идоравий экологик хизмат бўлинмалари деганда, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг махсус ваколатли шахслари (атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекторлари, экологик хавфсизлик бўйича муҳандислар ва бошқалар) тушунилади.
7. Экологик оқибатли фалокат деганда, хўжалик ёки бошқа фаолиятда атроф табиий муҳитда инсон соғлиғига, табиий экологик тизим ҳолатига, ўсимлик ва ҳайвонларнинг генетик фондларига таҳдид солувчи ҳалокатли таъсирни, доимий салбий ўзгаришларни келтириб чиқарувчи фавқулодда вазият тушунилади.
8. Атроф муҳитнинг ифлосланиши деганда, хўжалик ва бошқа фаолият, табиий кучнинг ҳалокатли таъсири, фалокат ёки офат оқибатида инсон соғлиғига, табиий экологик тизимга, ўсимлик ва ҳайвонларнинг генетик фондлари ҳолатига таҳдид солувчи атроф табиий муҳитнинг доимий салбий ўзгариши содир бўладиган ҳудудни, шунингдек, сув ва ҳаво бўшлиқларининг радиациявий, кимёвий, бактериологик ёки бошқача ифлосланиши тушунилади.
Атроф муҳитнинг ифлосланиш ҳудуди - ҳаво, сув, ҳудудий бўшлиқнинг муайян қисми, шунингдек, табиий мувозанатнинг бузилиши, табиий экологик тизимнинг ишдан чиқиши билан боғлиқ бўлган атроф муҳитнинг доимий ёки қайтариб бўлмайдиган ўзгариши содир бўлган ёки бўлаётган ер қаъри участкасидир.
Атроф муҳитнинг радиациявий ифлосланиши деганда, тупроқда, сувда, атмосфера ҳавосида, ўсимликларда радионуклидларнинг табиий миқдорига нисбатан ёмонлашувида, аҳолининг нурланиш эквивалент дозасининг, атроф муҳитда радионуклидлар концентрациясининг белгиланган нормадан ошишида ва ионлаштирувчи нурланишнинг кучида ифодаланувчи радиациявий фоннинг ўзгариши тушунилади.
Табиий радиациявий фон - космик нурланиш орқали ҳамда ерда, сувда, ҳавода, биосферанинг бошқа элементларида, озиқ-овқат маҳсулотларида ва инсон организмида табиий равишда тақсимланган табиий радионуклидларнинг нурланиши орқали ҳосил бўладиган нурланиш дозаси.
Техноген равишда ўзгарган радиациявий фон - инсон фаолияти натижасида ўзгарган табиий радиациявий фон. Агар радиациявий фоннинг ўзгариши атроф муҳитнинг ифлосланишига олиб келса, у ижтимоий хавфли деб топилади.
Атроф муҳитнинг кимёвий ифлосланиши - атроф табиий муҳитнинг инсон соғлиғига, табиий экологик тизимга, ўсимлик ва ҳайвонларнинг генетик фондлари ҳолатига таҳдид солувчи кимёвий моддалар, чиқиндилар ва бошқа турдаги кимёвий ифлосланишни чиқариб ташлаш оқибатида келиб чиққан доимий салбий ўзгаришидир.
Атроф муҳитнинг бактериологик ифлосланиши - бундай ифлосланишда, табиий муҳитда, атмосферада, сув ёки тупроқда ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот оламида табиий экологик тизим, ўсимлик ва ҳайвонларнинг генетик фондлари ҳамда инсонларнинг ҳолати ўзгаришига потенциал ёрдам берувчи бактериологик моддалар билан боғлиқ доимий салбий ўзгаришлар рўй берган ёки бериши мумкин бўлади.
Атроф муҳитнинг инсон ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд табиатга хавфли бўлган бошқача ифлосланиши деганда, радиациявий, кимёвий ёки бактериологик моддалар билан боғлиқ бўлмаган, токсик ва бошқа моддаларни ташлаш ёки чиқариш оқибатида атроф муҳит жиддий ўзгарадиган ифлосланиш тушунилади (масалан, нефть, газ, экинзор майдонларига назорат қилиб бўлмайдиган тарзда ўт кетиши ва ҳоказолар).
9. Шарҳланаётган модда диспозициясига мувофиқ, аҳоли соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни яшириш ёки бузиб кўрсатиш ҳам жиноят ҳисобланади.
Бунда аҳоли соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар деганда, инсонларнинг эпидемиологик хусусиятга эга ва соғлом кишиларда касалликни келтириб чиқариши мумкин бўлган касалликлар тўғрисидаги маълумотлар тушунилиши даркор.
10. Жиноятни тугалланган деб топиш учун, маълумотларни яшириш ёки бузиб тақдим этиш натижасида шарҳланаётган модданинг диспозициясида кўрсатилган оқибатлар - аҳолининг оммавий касалланиши, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатлар келиб чиққан бўлиши керак. Бошқа ҳолларда маъмурий жавобгарлик юзага келади.
11. Аҳолининг оммавий касалланиши деганда, икки ёки ундан ортиқ шахсда организмнинг биологик хусусиятларида патологик ўзгаришлар рўй бериши, соғлиқнинг жисмоний, руҳий ёки бошқача бузилиши тушунилади.
12. Ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг оммавий қирилиб кетиши деганда, бир вақтнинг ўзида ҳайвонлар, паррандалар, ёки балиқларнинг бир ёки бир нечта турлари, муайян ҳудудда, бир ёки бир нечта объектларда кўп миқдорда нобуд бўлиши тушунилади. Бунда нобуд бўлишнинг оммавийлиги ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг турлари, уларни қайта тиклаш даражасига қараб, ҳар бир муайян ҳодисадан келиб чиқиб аниқланади.
13. Бошқа оғир оқибатлар деганда, кўп ва жуда кўп миқдорда моддий зарар етказиш, аҳолини кўчириш, бино ва бошқа хўжалик объектларини бузиш зарурияти, улардан тўғри мақсадга мувофиқ фойдаланишнинг иложи йўқлиги, бирор-бир ҳайвон ёки ўсимлик турининг йўқ бўлиши тушунилади.
14. Келиб чиққан оқибат билан экологик оқибатли фалокат ёки атроф муҳитнинг радиациявий, кимёвий, бактериологик ва инсонлар ҳаёти ёки соғлиғи учун ёхуд тирик табиат учун хавфли бўлган бошқа ифлосланишга олиб келган аҳоли соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида ва тўлиқ тақдим этиш мажбуриятини бузиш ўртасидаги сабабий боғланиш жиноятнинг зарурий белгиси ҳисобланади.
15. Субъектив томондан жиноят тўғри ёки эгри қасддан содир этилади. Айбдор шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англайди, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етади ва уларнинг юз беришини истайди ва онгли равишда уларнинг юз беришига йўл қўяди. Бундай маълумотларни эҳтиётсизликдан тақдим этмаслик ёки уларни бузиб тақдим этиш жиноят таркибини ҳосил қилмайди.
16. Жиноятнинг субъекти ўн саккиз ёшга тўлган, юқорида кўрсатилган маълумотларни тақдим этишга махсус ваколатли бўлган шахс бўлиши мумкин. Бундай шахсларга раҳбарлар, уларнинг ўринбосарлари, бош муҳандислар, атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекторлари ҳамда атроф муҳитнинг эҳтимол тутилган ифлосланиши билан боғлиқ бўлган ишлар хавфсизлигига масъул бўлган, бундай маълумотларни мустақил равишда тақдим этиш ҳуқуқига эга корхона ходимлари киради. Тегишли маълумотларни тақдим этиш давлат, идора, жамоат муассасаси ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, ташкилот ва муассаса ишчиларининг у ёки бу хизмат ваколатларини белгилаб берувчи қонун, устав (таъсис ҳужжатлари ва ички низом), кўрсатма, буйруқларга кўра уларнинг мажбурияти ҳисобланади. Шарҳланаётган ҳаракатни содир қилганлик учун муайян шахснинг жавобгарлиги тўғрисидаги масала кўрилаётганда экологик оқибатли фалокат ёки атроф муҳитнинг радиациявий, кимёвий, бактериологик ва инсонлар ҳаёти ёки соғлиғи ёхуд тирик табиат учун хавфли бўлган бошқа ифлосланиш, аҳоли соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича мажбуриятни белгилаш мақсадида локал норматив ҳужжатлардан ҳам фойдаланиш зарур.
17. Агар ЖК 194-моддаси 1-қисми диспозициясида кўрсатилган ҳаракатлар натижасида битта одам ўлса ҳам, шарҳланаётган модданинг 2-қисми бўйича жавобгарлик юзага келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |