192-модда. Рақобатчини обрўсизлантириш
Рақобатчини обрўсизлантириш, яъни босма ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнларда ёки оммавий ахборот воситалари орқали хўжалик юритувчи субъектнинг ишбилармонлик нуфузига путур етказиш мақсадида била туриб ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
1. Жиноят объекти товар бозорида хўжалик субъектларининг қонуний рақобатини тартибга солувчи ижтимоий муносабатлардир.
2. Объектив томондан жиноят босма ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнларда ёки оммавий ахборот воситалари орқали хўжалик юритувчи субъектнинг ишбилармонлик нуфузига путур етказиш мақсадида била туриб ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатишда ифодаланади.
3. Била туриб ёлғон маълумотларни тарқатиш деганда, оммавий босма ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнларда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни ошкор қилишни тушуниш лозим.
4. Агар маълумотлар ҳақиқатга тўлиқ мос келмаса, ёлғон маълумотлар ҳисобланади.
5. Ноаниқлик маълумотларнинг ҳақиқатга қисман мувофиқлигини билдиради.
6. Бузиб кўрсатилган маълумотлар - амалдаги маълумотларга мос бўлмаган маълумотлар бўлиши мумкин.
7. Босма усулда кўпайтириш деганда, босмахона усули билан кўпайтирилган маълумотларни тушуниш лозим.
8. Бошқача усулда кўпайтириш деганда, маълумотларни бошқача ҳар қандай усулда кўпайтиришни (ксерокопия орқали, фотосуратга олиш орқали, турли матн ёзиш машиналаридан, компьютерлардан фойдаланиш орқали, қўл билан ёзиш орқали ва ҳоказоларни) тушуниш лозим.
9. Жиноят била туриб ёлғон, ноаниқ, бузиб кўрсатилган маълумотларни босма ёки бошқача услубда кўпайтирилган матнларда ёки оммавий ахборот воситалари орқали ошкор қилинган пайтдан, яъни ўзга шахсларга маълум бўлган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
10. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. Айбдор ёлғон, ноаниқ, бузиб кўрсатилган ахборотни тарқатаётганини олдиндан билиши лозим.
11. Субъектив томоннинг зарурий белгиси жиноятни содир этиш мақсади - хўжалик юритувчи субъектнинг ишбилармонлик нуфузига путур етказиш ҳисобланади. Бундай маълумотларни тарқатган шахсда хўжалик юритувчи субъектнинг ишбилармонлик нуфузига путур етказиш мақсади бўлмаса, унинг ҳаракатида мазкур жиноят таркиби бўлмайди.
Агар шахс хўжалик юритувчи субъектнинг ишбилармонлик нуфузига путур етказувчи ҳақиқий маълумотларни ошкор этса, унинг ҳаракатида жиноят таркиби бўлмайди.
12. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс ҳисобланади.
13. агар жиноят рақобатчининг шахсий ҳаёти билан боғлиқ ёлғон маълумотлар асосида содир этилса, унинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 192-модда билан эмас, балки Жиноят кодекси 140-модда талаблари билан жиноий жавобгарликка тортилиши лозим (Масалан: тадбиркорнинг ўйнашлари кўплигининг айтилиши).
Do'stlaringiz bilan baham: |