195-модда. Атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик
Мансабдор шахснинг экологияси ифлосланган жойларни дезактивация қилиш ёки бошқача тарзда тиклаш чораларини кўришдан бўйин товлаши ёки бундай ишларни етарли даражада бажармаслиги одамларнинг оммавий равишда касалланиши, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша қилмишлар одам ўлишига сабаб бўлса, -
уч ойдан олти ойгача қамоқ ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундан иборатки, унда атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик натижасида атмосфера, сув ресурслари, ўсимлик дунёси ифлосланади, ҳайвонот дунёси заҳарланади, рухсат этилган зарарли моддаларнинг санитария гигиена нормативига риоя қилинмайди, бу эса, ўз навбатида, инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солади.
Атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланишидан мақсад қилиб қонунчилик республикада экологик вазият ҳолати устидан доимий тегишли назорат ўрнатиш вазифасини қўяди. Атроф табиий муҳитнинг йўл қўйилган ифлосланиш фактлари ўз вақтида қайд қилинибгина қолмай, балки бундай ифлосланишнинг зарарли оқибатларини бартараф этишга масъул шахслар қонун билан уларга юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажаришлари шарт.
2. Жиноят объекти Ўзбекистон Республикасида экологик барқарорликни таъминлаш соҳасида юзага келадиган ва шаклланадиган ижтимоий муносабатлардир. Бевосита объекти атроф табиий муҳит, экологик хавфсизлик ҳисобланади. Инсон ҳаёти ёки соғлиғи, давлатимизнинг иқтисодий манфаатлари факультатив объект бўлиши мумкин.
3. Объектив томондан экологияси ифлосланган жойларни дезактивация қилиш ёки бошқача тарзда тиклаш чораларини кўришдан бўйин товлаш ёхуд бундай ишларни етарли даражада бажармаслик одамларнинг оммавий равишда касалланиши, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлган жиноий ҳаракатларда ифодаланади.
Дезактивация қилиш ёки бошқача тарзда тиклаш чораларини кўришдан бўйин товлаш ёхуд бундай ишларни етарли даражада бажармаслик жиноятининг оқибати одамларнинг оммавий касалланиши ёки атроф табиий муҳитга бошқача оғир оқибатлар етказилиши билан боғлиқдир.
Ҳаракат билан келиб чиққан оқибат ўртасида бевосита сабабий боғланиш белгиланган бўлиши керак. Жиноят оқибат (одамларнинг оммавий равишда касалланиши, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатлар) юзага келган пайтдан эътиборан тугалланган деб топилади.
4. Субъектив томондан жиноят қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилиши мумкин (масалан, қасддан хизмат вазифасини бажаришдан бўйин товлаш, ўзининг мажбуриятига бепарво ёки ўзига ўзи ишонган ҳолда муносабатда бўлиш, ёхуд ҳаракатга нисбатан қасддан, келиб чиққан оқибатга нисбатан эса эҳтиётсизликдан - айбнинг мураккаб шакли).
5. Жиноятнинг субъекти махсус бўлиб - ўн саккиз ёшга тўлган, хизмат, профессионал ёки бошқа функцияларни бажариш муносабати билан экологияси ифлосланган жойларни дезактивация қилиш ёхуд бошқача тарзда тиклаш чораларини кўриш вазифаси юклатилган шахс. Уларга корхона, муассаса раҳбарлари, бош муҳандислар, уларнинг ўринбосарлари ва ҳоказолар киради.
6. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида бир ёки ундан ортиқ шахснинг ўлими келиб чиққанлиги учун жавобгарлик белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |