202-модда. Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш
Овчилик, балиқчилик ёки ҳайвонот дунёсининг бошқа турларини ушлаш қоидаларини бузиш, ноёб ҳайвонларни тутишнинг белгиланган тартиби ёки шартларини ёхуд ўсимликларнинг дори-дармон, озиқ-овқат ва манзарали (декаратив) турларини йиғиш ёки тайёрлаш, шунингдек, махсус қўриқланадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот ва ўсимлик оламидан фойдаланиш тартибини бузиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ўша қилмишлар:
а) ҳайвонлар, паррандалар, балиқ, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг Қизил китобга киритилган бошқа турларини нобуд қилиш билан;
б) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар:
а) хавфли рецидивист томонидан;
б) шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб;
в) ер, сув ёки ҳавода ишлатиладиган механизациялаштирилган воситалардан фойдаланиб;
г) портлаш қурилмалари, заҳарли кимёвий моддалар ёки бошқа ялпи қириб юборадиган ёки нобуд қиладиган усулларни қўллаган ҳолда;
д) уюшган гуруҳ томонидан;
е) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида: “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, - деб қайд этилган. Конституциянинг 55-моддасида: “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, - деб таъкидланган.
Овчилик, балиқчилик ёки ҳайвонот ёхуд ўсимлик дунёсининг бошқа турларидан фойдаланиш қоидалари ҳамда нодир ҳайвонларни овлаш тартиби, шартлари ёки махсус қўриқланадиган табиий ҳудудларда ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш қоидалари қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда баён этилган, булар: Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрдаги “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 3 сентябрдаги “Қимматбаҳо ва йўқолиб бораётган ўсимликлар ва ҳайвонлар турларини муҳофаза қилишни кучайтириш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги 937-сонли Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларни муҳофаза қилишни кучайтиришга оид чоралар ва улардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги 600-сонли Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 28 октябрда тасдиқланган “Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш ҳамда овчилик-балиқ овлаш хўжалигини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом, шунингдек, 1993 йил 23 апрелда Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш бош давлат нозири тасдиқлаган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида овчилик ва балиқчилик қоидалари” ҳамда бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлардир.
2. Мазкур жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, ов қилиш, балиқ тутиш қоидаларининг бузилиши ёки ҳайвонот дунёсининг бошқа, шу жумладан ноёб турларини овлаш, шунингдек, улардан фойдаланиш ҳайвон, қуш ва балиқларнинг қирилиб кетиши, ҳайвонлар ноёб турларининг йўқ бўлиб кетишига ва табиатда экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлиб, шунинг учун шарҳланаётган модда мақсади ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини жиноят-ҳуқуқий воситалар ёрдамида асрашдан ва сув биоресурслари популяцияларининг (ҳайвон ва ўсимликларининг) сақланиб қолиш (омон қолиш) шарт-шароитларини қўшимча равишда таъминлаш, ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон ва ўсимлик турларининг Ерда ҳаётнинг биологик ранг-баранглигини сақлаб қолишга кўмаклашадиган ноёб тур сифатида ва атроф муҳитнинг асралаётган объекти сифатида ҳалок бўлишининг олдини олишдан иборат.
3. Жиноят объекти Ўзбекистон ҳудудида тарқалган ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси муҳофазасини, улар яшайдиган нормал экологик муҳитни таъминлаш ҳамда биоресурслар ва ўсимликлардан оқилона фойдаланишни таъмилаш бўйича, шунингдек, атроф табиий муҳитнинг ажралмас қисми сифатида ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг ирсий фондини сақлаш шароитларини яратиш бўйича муносабатлар ҳисобланади.
4. Жиноят предмети ёввойи, уй ҳайвонлари, паррандалар, ҳар қандай балиқлар ва бошқа турдаги ҳайвонлар, шунингдек, доривор, истеъмолбоп, манзарали ўсимликлар ёввойи турларининг ҳар қандай хиллари ҳисобланади.
5. Жиноят таркибининг объектив томони:
* овчилик қоидалари, балиқчилик ёки ҳайвонот дунёсининг бошқа турларини ушлаш қоидалари, ноёб ҳайвонларни тутишнинг белгиланган тартиби ёки шартлари, ўсимликларнинг дори-дармон, истеъмолбоп ва манзарали (декоратив) турларини йиғиш ёки тайёрлашнинг белгиланган тартибини, алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот ва ўсимлик оламидан фойдаланиш тартибини бузиш ҳаракатларини;
* кўп миқдордаги зарар кўринишидаги оқибатни;
* юқорида кўрсатилган ҳаракатлар билан келиб чиққан оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланишни ўз ичига олади.
6. Ов - ёввойи ҳайвонларни қўлга киритиш мақсадида излаб топиш, таъқиб қилиш ва қўлга киритиш ҳисобланади. Ов қилиш жойларида милтиқ, ов итлари ва ов қуроллари билан бўлиш овга тенглаштирилади.
Ов қилиш, балиқ овлаш ва ҳайвонот турларини овлаш ҳуқуқидан Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатларнинг, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган ўн саккиз ёшга тўлган, ўқотар милтиғига эга бўлган, Овчи ва балиқчилар жамиятининг аъзоси бўлган, овчилик минимуми бўйича синовларни топширган ва давлат божини тўлаб қўйган барча шахслар фойдаланадилар. Спорт, ишқибозлар учун ва саноат мақсадларида, илмий мақсадларда балиқ тутиш ҳам барча фуқароларга қўриқхоналар, балиқ боқиш жойлари, ҳовуз ҳамда бошқа балиқчилик хўжаликларидан ташқари, барча сув ҳавзаларида, бироқ балиқ тутиш ва сувдан фойдаланишга оид белгиланган қоидаларига албатта риоя қилган ҳолда, рухсат этилади.
7. Ов қилиш ёки балиқ тутиш қоидаларини бузиш деганда, овни тегишли рухсатномасиз ёхуд ёввойи қушлар ёки балиқларни рухсатномада кўрсатилган миқдордан ортиқ овлаш, шунингдек, овни тақиқланган вақтда ёки рухсат берилмаган жойларда ёхуд рухсат этилмаган қурол, восита ва усуллар билан амалга ошириш тушунилиши лозим.
8. Қўлга киритиш деганда, тутиш, жонсизлантириш, ҳайвон ҳамда ўсимликларни, ҳажмидан қатъи назар, ўлжага эга бўлиш билан якунланадиган табиий муҳитдан бошқача йўл билан олиш тушунилади.
9. Ўлжани қўлга киритишнинг ноқонунийлиги уни тутишда шахс қўлга киритишга белгиланган таъқиқни ҳар қанча миқдорда бузган, ёки талаб этилган ҳолларда махсус рухсатнома (лицензия) олмаган, ёхуд рухсатнома (лицензия)нинг мажбурий бўлган ва ўлжани овлаш ё тутиш ҳажми, жойи, вақти ва усулларини белгилайдиган шартларини бузганида рўй беради. Сув ҳайвонлари ва ўсимликларини тутиш ҳамда йиғиш учун рухсат ваколатли идоралар томонидан берилиб, рухсатнома олган шахсга турли ваколатлар ва ҳар қандай шароитда ҳаракат қилиш учун рухсат берилади.
10. Табиий ўсимликлар жамоаларида доривор, озиқ-овқат ҳамда манзарали ўсимликларнинг ёввойи турларини тайёрлаш (йиғиш) деганда, юқорида номи келтирилган ўсимликларни муҳитидан, тайёрлаш (йиғиш) предметидан, йиғилган ўлжа миқдоридан қатъи назар, амалда эга бўлиш билан якунланадиган ажратиш ёки бошқача олиш жараёни тушунилади.
Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрдаги “Ўсимлик дунёсини асраш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни 6-моддасига биноан, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш (йиғиш, тайёрлаш) умумий ёки махсус бўлиши мумкин.
Ўсимлик дунёси объектларидан умумий фойдаланиш жисмоний шахслар томонидан ҳаётий зарур эҳтиёжларни қондириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ва тартибда бепул амалга оширилади.
Ўсимлик дунёси объектлари махсус фойдаланишга ишлаб чиқариш фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш учун ҳақ эвазига юридик ва жисмоний шахсларга рухсатномалар асосида бериб қўйилади. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш учун объектни, турни, ҳажмни ва муайян ҳудуд доирасида фойдаланиш муддатини белгилайдиган рухсатнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат органлари томонидан берилади. Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатларида белгиланади.
Шундай қилиб, қонунга хилоф йиғиш (тайёрлаш), у тегишли рухсатномасиз ёки меъёрда белгиланганидан ташқари ҳажмда, шунингдек, йиғиш (тайёрлаш) тақиқланган ҳудудда амалга оширилганида, юз беради деб ҳисобланади.
11. Ернинг ва (ёки) сув кенгликларининг (акваторияларнинг) устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик бўлган, хўжалик мақсадидаги доимий ёки вақтинча фойдаланишдан тўлиқ ёки қисман чиқарилган участкалари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳисобланади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар биологик, ландшафт ранг-баранглигини таъминлаш ва экологик мувозанатни сақлаб туриш учун мўлжалланган яхлит экологик тизимни ташкил этади.
12. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва объектларга давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат табиат ёдгорликлари, айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар, муҳофаза этиладиган ландшафтлар, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар, шунингдек, Халқаро Қизил китобга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвон ва ўсимликлар киради.
13. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш деганда, уларда зарур рухсатсиз қурилиш ишларини олиб бориш; ўсимликларни тўплаш, паррандалар ва ҳайвонларни лицензиясиз тутиш ва отиш ва ҳоказолар тушунилади.
14. ЖК 202-моддасининг 1-қисмидаги жиноят, анча миқдордаги зарар етказилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
15. Табиатни муҳофаза қилиш хақидаги қонунларни бузиш билан боғлиқ бўлган жиноят ишлари бўйича етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги даъволарни кўришда судлар қонун зарарни тўлиқ ҳажмда ундиришни кўзда тутишидан келиб чиқишлари шарт. Зарарни ундириш миқдорини камайтиришга фақат алоҳида ҳолларда суд томонидан аниқланган ҳуқуқбузарнинг мулкий аҳволига қараб, жиноят ғараз ниятда содир этилмаган тақдирда, йўл қўйилади ва бу ҳолат қабул қилинган қарорда асослантирилган бўлиши шарт.
16. Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш хақидаги жиноят ишлари бўйича судланувчига тегишли жиноят қуроллари, шу жумладан автомашина, мотоцикл ва қайиқлар, агар жиноий ҳаракат улар ёрдамида амалга оширилса ёки содир этилиши осонлаштирилса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ мусодара қилиниши лозим.
17. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан ҳам, эгри қасддан ҳам содир этилади. Шахс ўз ҳаракатларининг ижтимоий хавфлилигини ва оқибатларининг келиб чиқиши аниқлигини англайди ва шундай бўлишини хоҳлайди. Зарар етказилганда, шахс буни келиб чиқишини хоҳламаган бўлиши мумкин, лекин бундай оқибатларга онгли равишда йўл қўяди ва уларга бефарқ муносабатда бўлади.
18. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
19. ЖК 202-моддасига мувофиқ табиатни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари ва мансабдор шахслари жавобгарликка тортиладилар. Агар мансабдор шахс браконьерлар билан жиноий битим тузса, жиноят содир этилишига ёрдам берса ёки ўзи ҳам шундай жиноятни содир этса, у табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги ва тегишли мансаб жинояти учун жавобгарликка тортилади.
20. ЖК 202-моддаси 2-қисми қуйидаги квалификация қилиш белгиларини мустаҳкамлаган:
а) ҳайвонлар, паррандалар, балиқ, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг Қизил китобига киритилган бошқа турларини нобуд қилиш билан;
2) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
3) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган жиноят.
21. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига ва Халқаро Қизил китобга киритилган ноёб ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларга ов қилиш, қўлга киритиш, йиғиш ва тайёрлаш ман қилинган ҳайвонлар ва ўсимликларнинг барча зотлари, популяцияси ва турлари (масалан: қор қоплони, Тяньшань қўнғир айиғи, оққуш, қоравой, бургут, фламинго, кулранг эчкиэмар, кобра, бурама шоҳли эчки, Орол сазан балиғи ҳамда бошқа ҳайвонлар ва ўсимликлар) киради.
22. ЖК 202-моддаси 2-қисмининг “а” банди бўйича жавобгарлик ҳам Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига, ҳам Халқаро Қизил китобга киритилган ҳайвонлар, паррандалар, балиқлар, ҳайвонот дунёси ёки ўсимликларнинг бошқа турлари йўқ қилинган ҳолларда вужудга келади. Бунда етказилган зарарнинг хажми аҳамиятга эга эмас.
23. Кўп миқдордаги зарар Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига ва Халқаро Қизил китобга киритилган ёввойи ҳайвонлар турининг бирортасини овлаш, амалдаги нархлар бўйича аниқланадиган ҳайвонлар ёки паррандалар қиймати пулдаги баҳосининг ҳисобга олинган миқдоридан иборатдир. ЖК Махсус қисмининг VIII бўлимидаги кўп миқдордаги зарарга берилган таърифдан ҳам фойдаланиш зарур.
24. Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш қилмишини ягона жиноий мақсадга кўра бирлашган икки ёки бир неча кишининг илгаридан келишиб содир этиши сифатида баҳолаш зарур. Суд жазони ҳар бир иштирокчининг қилмишдаги ўрнига қараб тайинлаши керак.
25. Табиатни асрашга оид қонунчиликнинг бузилиши билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда судлар жиноий йўл билан қўлга киритилганлиги маълум бўлган ўлжани (балиқ, ёввойи ҳайвонлар, қушлар, ёғоч ва ҳоказоларни) сотиб олган ёки сотган шахсларни аниқлаш чораларини кўриши, шу билан бирга муайян шарт-шароитдан келиб чиқиб ЖК 171-моддасида кўзда тутилган жиноят белгиларига кўра жиноий иш қўзғатиш масаласини ҳал қилиши керак.
26. ЖК 202-моддаси 3-қисми қуйидаги махсус квалификация қилиш белгиларини мустаҳкамлаган:
а) хавфли рецедивист томонидан;
б) шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб;
в) ер, сув ёки ҳавода ишлатиладиган механизациялаштирилган воситалардан фойдаланиб;
г) портлаш қурилмалар, заҳарли кимёвий моддалар ёки бошқа ялпи қириб юборадиган ёки нобуд қиладиган усулларни қўллаган ҳолда;
д) уюшган гуруҳ томонидан;
е) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган жиноят.
27. Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш хавфли рецедивист томонидан содир этилганда, қилмиш ЖК 202-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан квалификация қилинади. (Хавфли рецедивист тушунчаси тўғрисида Жиноят кодекси 34-моддаси шарҳига қаранг.)
28. Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузишда ўз хизмат мавқеидан фойдаланаётган шахсларга мансабдор шахслар (корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари), шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти билан шуғулланувчилар (профессионал овчилар, ўрмон қоровуллари, табиатни муҳофаза қилиш идораларининг нозирлари, штатдан ташқари ходимлари) мансубдир.
Мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка ЖК 202-моддаси 3-қисми “б” банди билан тортиладилар ва ЖК 205-моддаси бўйича қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди. Агар бунда жуда кўп миқдорда зарар етказилган бўлса, мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 202-моддаси 3-қисмининг “б” ва “е” бандлари билан квалификация қилинади.
29. Ёввойи ҳайвонларни овлашда ер устидаги, сувдаги ва ҳаводаги механизациялашган воситалардан фойдаланишга ов қилишда вертолётлардан, автомобиллардан, мотоцикллардан, мопедлардан, қайиқлардан, моторли катерлардан, самолётлардан фойдаланиш киради.
30. Портлаш қурилмалари, заҳарли кимёвий моддалар ёки бошқа ялпи қириб юборадиган ёки нобуд қиладиган усулларни қўллаш деганда, милтиқ, камон, ўзи отар қуролларни, ов ҳандақларини, пастак жойларни тўғрилаб қўйиш, сиртмоқ, қармоқ, пичоқ, қопқонларни ўрнатиш, портловчи, кимёвий ва биологик моддалар, электр токи, тўрлар ва ҳоказоларни қўллашни тушуниш лозим.
31. Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибининг бузилиши уюшган гуруҳ томонидан содир этилганда, қилмиш ЖК 202-моддаси 3-қисмининг “д” банди бўйича квалификация қилиниши зарур. (Уюшган гуруҳ тушунчаси тўғрисида ЖК 29-моддаси шарҳига қаранг.)
32. Жуда кўп миқдордаги зарарга ўрнини тўлдириб бўлмайдиган, йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонларни, балиқларни, қушларни овлаш, шунингдек, ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш тааллуқлидир. Уларнинг миқдори овланган ҳайвонлар ва йиғилган ўсимликларнинг фактик нархи ҳамда ўрнатиланган тарифлар бўйича аниқланади ҳамда ЖК Махсус қисми VIII бўлими билан тартибга солинади.
33. Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик натижасида қўлга киритилган маҳсулотлар (гўшт, шохлар, балиқлар, терилар, тухумлар, мевалар) тортиб олинади ва реализация қилинади. Маҳсулотни реализация қилишдан тушган пул маблағи етказилган зарар ўрнини қоплашга ишлатилмайди. Етказилган зарар табиатни муҳофаза қилувчи органлар фойдасига ундирилади, улар эса олинган пул маблағларининг бир қисмини белгиланган тартибда давлат бюджетига ўтказади.
34. ЖК 202-моддаси 4-қисмига мувофиқ, агар етказилган зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |