204-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг тартибини бузиш
Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг тартибини бузиш кўп миқдорда зарар етказилиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ёки объектларни қасддан нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш кўп миқдорда зарар етказилиши ёхуд бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ бундай табиий ҳудудларга ернинг ва (ёки) сув кенгликларининг (акваторияларнинг) устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик бўлган, хўжалик мақсадидаги доимий ёки вақтинча фойдаланишдан тўлиқ ёки қисман чиқарилган участкалари тааллуқлидир. Мазкур ҳудудлар табиий ранг-барангликни сақлаб қолиш, экологик мутаносибликни ва биологик мониторингни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ишдан чиққан табиий мажмуаларни тиклашнинг ягона тизимини вужудга келтиради. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар хўжалик мақсадларида фойдаланишдан (тўла ёки қисман, доимий ёки вақтинча) олиб қўйилиши мумкин.
2. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ер тузиш режалари ва дастурларини, жадвалларни ишлаб чиқишда, ҳудудий режалаштиришда ва бошқа табиий захиралардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишга оид режаларда инобатга олинади.
Қонунда белгиланган тартибда мазкур ҳудудларга давлат қўриқхоналари, жумладан, биосфера, давлат боғлари, давлат табиий ёдгорликлари, давлатнинг алоҳида қўриқланадиган қўриқхоналари мақоми берилади.
3. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар давлат мулки бўлиб, давлат томонидан ҳимоя қилинади. Ботаника боғлари, дендрологик ва зоологик боғлар бошқа мулк шакллари асосида ҳам бирпо этилиши мумкин.
4. Шарҳланаётган модда мақсади - алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ва объектларнинг ҳимоясини таъминлаш, уларга, шу билан бирга у ерда яшайдиган ҳайвонот оламига ва шу ҳудудда ўсадиган ўрмон ҳамда ундан ташқари ўсимликларга зарар етказилишининг олдини олиш, биологик ранг-барангликни сақлаб қолишдан иборат.
5. Жиноят объекти - алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар - алоҳида ҳуқуқий қўриқлаш режимига эга ер, сув, ўрмон участкалари ва ер остининг бутлиги ҳамда тажовуздан сақланишини таъминлашга оид ижтимоий муносабатлардир.
6. Табиий мажмуалар ва табиатни қўриқлаш мақсадида, илмий, маданий, эстетик, рекреацион ва соғломлаштириш аҳамиятига эга бўлган, алоҳида қўриқланадиган, давлат ҳокимияти идоралари қарори билан хўжалик мақсадида фойдаланишдан бутунлай ёки қисман чиқариб олинган, умуммиллий бойлик объектлари ҳисобига киритилган табиий ҳудудлар, яъни ер участкалари, сув юзаси ва улар устидаги ҳаво бўшлиғи жиноят предмети ҳисобланади.
7. Қонунчилик томонидан алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сифатида: сув муҳофазаси минтақалари (зоналари), рекреация ва санитария-соғломлаштириш минтақалари, юза ва ер ости сувлари пайдо бўладиган минтақалар (дарё водийлари, кўтариш каналлари, тоғолди этаклари), нодир ва қимматбаҳо минерал конлари, махсус муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланадиган (буфер - олд) зоналари, балиқ ҳўжалиги минтақалари, тақиқланган ўрмон минтақалари, давлат табиат ёдгорликлари ва табиат боғлари, айрим табиий объектлар ҳамда мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар, муҳофаза этиладиган ландшафтлар, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар кўрсатилган. Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларининг қарорлари билан алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг бошқа тоифалари ҳам назарда тутилиши мумкин.
8. ЖК 204-моддаси 1-қисмининг объектив томони алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини катта зарар ёки бошқа оғир оқибатларни келтириб чиқарган бузиш билан ифодаланади.
Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузишга қуйидагилар киритилади:
* табиий-қўриқхона фондидан бошқа мақсадларда фойдаланиш;
* алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни барпо қилиш ва ташкиллаштириш лойиҳалари талабларига риоя қилмаслик;
* алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланадиган чегараси ичида тақиқланган хўжалик фаолиятини амалга ошириш;
* алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланадиган чегараси ичида олдиндан экология экспертизасини амалга оширмай туриб ёки унинг хулосаларини бузган ҳолда хўжалик фаолияти юритиш;
* фалокатларнинг экологик оқибатлари ҳамда алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга бошқача зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олиш ва уни бартараф қилиш чораларини кўрмаслик;
* алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан фойдаланиш талабларини бузиш;
* рухсат этилган кимёвий, физик, биологик ва бошқа таъсир меъёрини ошириб юбориш, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан фойдаланиш учун берилган рухсатнома талабларига риоя қилмаслик;
* алоҳида муҳофаза этиладиган табиий объектлардаги ҳамда улар таркибига киритиш учун захирага киритилган табиат мажмуаларига зарар етказиш, бузиш ва уларни йўқ қилиб юбориш;
* алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар чегараларини бошқа мақсадлар учун ўзбошимчалик билан ўзгартириш, ажратиб олиш.
ЖК 204-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган жиноят айбдор шахс томонидан алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини ҳар қандай тарзда бузиш кўп миқдорда зарар ёки бошқача оғир оқибатларни келтириб чиқарган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
9. Содир этилган қилмиш учун жиноий жавобгарликнинг юзага келиши шарти кўп миқдордаги зарар кўринишидаги оғир оқибатларнинг келиб чиқиши бўлиб, булар ер тузилмавий таркибининг ўзгариши, ер шўрланиши, сув ифлосланиши, ўсимликларга зарар етиши, ҳайвонларнинг касалланиши ва ҳоказолар ҳисобланади.
10. Бошқа оғир оқибатлар қаторига алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан кўзланган мақсадда фойдалана олмаслик, давлат қўриқхонаси ёки мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарнинг узоқ муддатга ёпилиши, қиммат тиклаш ишларини амалга ошириш, ўсимликларни қайта кўчириб экиш, ҳайвон, қушларни тутиб, бошқа ҳудудларга кўчириш зарурати кабилар киради.
11. Зарар етказилиши ва ҳаракат (ҳаракатсизлик) ўртасидаги сабабий боғланишнинг мавжудлиги аниқланиши шарт.
12. Жиноят оқибатлар келиб чиқиши, яъни реал тарзда кўп миқдордаги зарар ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиққанидан сўнг тугалланган деб ҳисобланади.
13. Субъектив томондан алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузиш тўғри ёки эгри қасддан, ёки эҳтиётсизлик туфайли содир этилиши мумкин.
14. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс ҳисобланади.
Улар жумласига хусусий ва мансабдор шахслар, шу жумладан ерларида мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари ва табиат ёдгорликлари жойлашган корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарлари, ушбу ҳудудларни муҳофаза қилиш ходимлари киради.
15. ЖК 204-моддаси 2-қисмининг объектив томони алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар объектларини қасддан нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш кўп миқдордаги зарар етказилиши ёхуд бошқа оғир оқибатларга олиб келишида ифодаланади. ЖК 204-моддаси 2-қисмида кўзда тутилган жиноят алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар объектларини қасддан нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш оқибатида кўп миқдордаги зарар ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиққан вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. (Нобуд қилиш ёки жиддий зарар етказиш тушунчалари тўғрисида ЖК 198-моддаси шарҳига қаранг.)
Do'stlaringiz bilan baham: |