XIII боб. ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ СОҲАСИДАГИ ЖИНОЯТЛАР
186-модда. Сифатсиз маҳсулот чиқариш ёки сотиш
Товар бозорига сифатсиз маҳсулот чиқариш ёки уни сотиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса, -
уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) одамлар ўлимига;
б) бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, -
етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. 1996 йил 26 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди, у товар истеъмолчилари билан боғлиқ бўлган барча ҳуқуқий масалаларни тартибга солади.
2. Жиноят объекти хўжалик соҳасидаги шахс манфаати, шунингдек фуқаро ҳаёти ёки соғлиғи ҳисобланади.
3. Объектив томондан жиноят баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлган сифатсиз маҳсулотни товар бозорига чиқариш ёки сотишда ифодаланади.
4. Маҳсулот чиқариш деганда, буюртмачи истеъмолчига қандайдир маҳсулотни бериш ёки юбориш тушунилиши лозим.
5. Реализация товарни бевосита истеъмолчиларга сотишни назарда тутади.
6. Шарҳланаётган модда бўйича жавобгарлик сифтсиз маҳсулотни товар бозорига чиқариш ёки реализация қилиш оқибатида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келган ҳолатларда пайдо бўлади.
7. Агар сифатсиз маҳсулотни товар бозорига чиқариш ёхуд реализация қилишда фуқаролар соғлиғи учун мазкур моддада белгиланган оқибатлар вужудга келмаса, жиноий жавобгарлик келиб чиқмайди. Бироқ, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек, истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.
Товар (иш, хизмат) камчиликлари натижасида етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига ҳар қандай шахс эга, бунга бу шахс сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан битим муносабатларида бўлганлиги ёки бўлмаганлиги таъсир қилмайди.
Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, агар у норматив ҳужжатларда назарда тутилган товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати мобайнида, бундай муддат белгиланмаган тақдирда эса, товар ишлаб чиқарилган (иш, хизмат қабул қилинган) пайтдан эътиборан ўн йил мобайнида юзага келган бўлса, қопланиши лозим.
Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки фойдаланиш, сақлаш ёхуд ташишнинг белгиланган қоидалари истеъмолчи томонидан бузилиши туфайли етказилганлигини исботласа, у жавобгарликдан озод қилинади.
8. Субъектив томондан жиноят сифатсиз маҳсулотни чиқариш ёки реализация қилишга нисбатан қасддан содир этилади, оқибатлар (соғлиққа етказилган зарар, ўлимга сабаб бўлиш) келиб чиқишига нисбатан субъектнинг айби эҳтиётсизликда ифодаланади.
9. Жиноят субъекти - ўн олти ёшга тўлган, товар бозорига сифатсиз маҳсулотни чиқариш учун масъул ёки реализацияси билан шуғулланувчи шахсдир.
10. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида инсон ўлимига олиб келган сифатсиз маҳсулотни чиқариш ёки реализация қилиш учун жавобгарлик назарда тутилган.
11. ЖК 186-моддаси 3-қисмида:
а) одамлар ўлимига;
б) бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлганлиги учун жавобгарлик назарда тутилган.
Бошқача оғир оқибатлар деганда, икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилиши, одамларнинг оммавий заҳарланиши, эпидемия тарқалиши ва бошқа оқибатлар кўринишидаги соғлиққа зарар етказилишини тушуниш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |