185-модда. Қимматбаҳо металлар ёки тошларни топшириш қоидаларини бузиш
Ер остидан қазиб олинган қимматбаҳо металлар ёки тошларни давлатга топшириш қоидаларини бузиш, давлатга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
1. Жиноят объекти - қимматбаҳо металл ёки қимматбаҳо тошларни давлатга топширишнинг белгиланган тартибидир.
2. Жиноят предмети - ер остидан қазиб олинадиган қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш, платина, радий, иридий, осмий, палладий ва бошқалар) ёхуд қимматбаҳо тошлар (олмос, зумрад, дур, феруза ва бошқалар). Сунъий қимматбаҳо тошлар шарҳланаётган жиноятнинг предмети ҳисобланмайди.
3. Объектив томондан жиноят ер остидан қазиб олинадиган қимматбаҳо металлар ёки тошларни давлатга топшириш қоидаларини бузиш натижасида кўп миқдорда зарар келтиришда ифодаланади. Ер остидан қазиб олинган қимматбаҳо металл ёки қимматбаҳо тошлар давлатга топширилиши шарт.
Қимматбаҳо металл ёки қимматбаҳо тошларни топшириш қоидаларини бузиш, асосан, шахс томонидан аффинажга мажбурий топшириш ёки ер остидан қазиб олинган ёхуд иккиламчи хом ашёдан олинган қимматбаҳо тошларни давлатга мажбурий сотишдан ҳамда топилган ва кўтарилган қимматбаҳо металл ёки қимматбаҳо тошларни топширишдан ҳар қандай йўллар билан бўйин товлашда ёхуд бу предметларни қисман топширишда ифодаланиши мумкин.
4. Аффинаж - бу қимматбаҳо металларни мавжуд аралашмалардан тозалаш, бунинг натижасида олий сифатли (юқори пробали) металл пайдо бўлади. Қимматбаҳо металлар аффинажини амалга ошириш ҳуқуқига эга корхоналар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.
Аффинажга мажбурий топширишдан бўйин товлаш айбдор шахс қимматбаҳо металлар аффинажи бўйича ҳаракатни мустақил амалга ошираётганлигини англатади.
Мажбурий сотишдан бўйин товлаш ваколатли органларга қимматбаҳо металлар ёки қимматбаҳо тошларни сотиш бўйича ҳаракатларнинг амалга оширилмаганлигидадир.
5. Агар қимматбаҳо металларни ёхуд қимматбаҳо тошларни топшириш қоидаси бузилиши натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилса, бу жиноят таркибини ҳосил қилади. Кўп миқдордаги зарар жиноятнинг шартли белгисидир.
Моддий таркибли шарҳланаётган жиноят давлатга кўп миқдорда зарар етказилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
6. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан амалга оширилади. Мотив ва мақсад қилмишни квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас.
7. Мазкур жиноят субъекти - ўн олти ёшга тўлган, қимматбаҳо металлар ёки қимматбаҳо тошлар топшириш қоидаларини бузган ақли расо шахсдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |