Ҳолис фонда яланғоч эркак гавдаси.
Мазмуни: Қиёфачини мато сатхида тўғри жойлаштириш, гавданинг пухта Қаламтасвирини ишлаш, нисбатларни аниқлаб, характерини топиш ва ранглаш. Эркак гавдасидаги ранг ва тус муносабатлари ва ёритилиш хусусиятларини ҳисобга олиб рангтасвирини бажариш. Методик кетма-кетликка амал қилиш.
Бу ўқув қўйилмасини муваффақиятли бажариш учун зарур ўлчамдаги матони тайёрлаб сўнгра ишни бошлаш мумкин. Ишни жуда мураккаблаштирмаслик учун танланган мато ҳолис ҳамда ортиқча бурмаларсиз бўлгани маъқул. Ҳар бир вазифани бажаришда қўйилмага ўзига хос ёндошув керак. Қўйилмани асосий катта ўлчамда ишлашдан аввал, уни кичик ўлчамдаги ранглавҳасини бажариш, асосий ишни пухта бажарилишига замин тайёрлайди. Аммо шу нарсага эътиборни қаратмоқ лозимки, масалан, яланғоч қомат катта ранг доғларида бажарилса-ю, юз қисми аниқ майда деталларигача пухта ишланса мақсадга мувофиқ келмайди. Қоматнинг бирор-бир бўлаги хаддан зиёд пухта ишланса ишни яхлит кўришга халакит беради. Ёруғликда яланғоч қоматни ранглашда инсон терисини оқариб кўриниши мумкин. Яланғоч қоматдаги ранг муносабатларини аниқлаб бориб, соя қисмларига суюқ ранглар, ёруғ қисми эса тўқ ранг суртмалари бериб борилади. Бу каби ранг бериш қоидаси кўпгина буюк рассомлар иш тажрибасидан маълум. Ана шу қоидани ўқув қўйилмасида қўллаш мақсадга мувофиқдир.
Яланғоч эркак қоматини тасвирлаш жараёнида асосий эътибор қоматдаги иссиқ ва ўта совуқ тус муносабатларини аниқлашга қаратилади. Яланғоч қомат рангтасвирини ишлаш жараёнида ўта қора ва хира рангларни қўллаш ноўриндир.
Яланғоч қоматни тасвирлашда тананинг турли нозик ранглар хилма-хиллигини атроф муҳит билан ўзаро алоқадорлигини ҳам тасвирлаш зарур. Инсон танаси ўзининг асосий ранг доирасида кўз илғамас нозик иссиқ ва совуқ, оч ва тўқ ранглар жозибасига эга. Бу рангли хилма-хиллик инсон қон томирларининг турли чуқурликда жойлашуви, ёғ қатлами ва тери юзасининг майин ва ғадир-будур характерга эга эканлиги билан ҳосил бўлади.
Кўкрак терисининг ранги қорин ва куракдан, белдаги ранг тизза ва оёқ кафти рангларидан бирмунча фарқ қилади. Юз, қўллар ва бўйин тананинг бошқа аъзоларидан анча фарқ қилади. Кўпгина рефлекслар нозик ранглар турларига боғлиқ. Қоматнинг юқори қисмига девордаги ранг, полдан тушаётган иссиқ ёруғлик эса оёқларга таъсир этади. Тана рангига шунингдек кийим ва фон ҳам ўз таъсирини ўтказади.
Яланғоч қоматнинг рангтасвир жараёни тўғрисида О.Э.Браз шундай фикр билдирган: «Сиз натурани шунчаки кузатманг, аксинча яхлит қаранг, уни пухта ўрганмоқ зарур, бусиз тасвирлаб бўлмайди». Катта бўлакларни ранг муносабатларини таққослаб, дастлаб кўкракка ва қоринга сўнгра бўйин ҳамда тиззага ва оёқ панжаларини кузатинг, таҳлил қилиб ранг билан тус муносабатларидаги фарқни аниқланг ва ёзишни давом этинг.
Ишдан узоқлашиб, кўзни бироз қисиб сўнгра катта очинг ранглар фарқи ва уларнинг ёруғлик кучини ҳамма томонлама кўриб туриб ишлаш яхши натижалар беради. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, талаба натурани кузата туриб чалғий бошлайди ва уни алоҳида бўлаклар бўйича кўчира бошлайди, яхлит қарашни унутиб шуни «бузиб» самарали якунлай олмайди.
Инсон қомати ёнида бўлган предметларни тасвирлашда ишни тўғри ташкил этиш зарур, яъни ранг бериш жараёнида асосий эътиборни биринчи даражали натурага қаратиш муҳимдир. Тажрибасиз талабалар натурага иссиқ ва совуқ рангларни беришда адашиб ишлай олмайдилар. Мураккаб иссиқ нозик рангларни ягона қизғиш, совуқ рангларни эса яшил кўкимтир ранглар бериб ишлаб қўядилар. Қоида бўйича, натуранинг бирор қисмига иссиқ ки совуқ ранг беришда бир неча хил рангларни қориштириб нозик жозибали рангни топиб бўяш ишни сифатини янада оширади.
Ишни якуний қисмида умумлаштириш, бўлакларни яхлитликка бўйсундиришдир. Бу босқичда асосий кўринишдаги катта бўлакларнинг тус муносабатларини сезиш муҳимдир. Айниқса ишга яхлит қараганда айрим бўлаклар шаклни бузиб олдинга отилиб «боқираётгандек» кузатувчи эътиборини чалғитса, унга дарҳол ишлов бериб умумийга бўйсундириш мақсадга мувофиқдир.
Инсон калласини тасвирлашда энг муҳим ва қийин вазифа кўзни ифодалашдир. Бекорга айтилмаган, кўз бу қалбнинг кўзгусидир. Кўзни айнан кўчириш (қовоқ, қорачиғи, киприклар) шарт эмас. Хаддан ташқари ҳар бир бўлакни айнан кўчириш, уларнинг ички ифодасини тасвирлашга халақит беради. Кўзларнинг қараши ва ифодасини умумий ва яхлит кўрсатиш зарур. Таниқли румин рассоми Корнелиу Баба «Кўзни эмас, қарашни тасвирлаш зарур» деб таъкидлайди. Бу жуда тўғри танқид.
Инсон қоматини конструктив қурилиши, рангларда астойдил ишлаб маълум малакага эга бўлгач, портретнинг мураккаб вазифалари натуранинг шахсий психологик ҳолатини тасвирлаш мумкин. Бу эса ўз навбатида рассомдан катта тажриба, тинмай изланиш ва маҳоратни тилиб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |