Амалий машғулот:
Одам гавдасини рангтасвирда ишлаш (қисқа муддатли).
Мазмуни: Мато сатҳида қўйилмани жойлаштириш, нисбатларни аниқлаш, суюқ ранглар билан юзани қоплаш. Ёритилиш таъсирида одам гавдаси, унинг юзи, қўли, кийимини ифода этиш. Рангтасвир ифодасида яхлитлик.
Ўқув машғулотларда одам қоматини мукаммал тасвирлашда унинг конструктив қурилиши, ҳажми, шаклни ранглаш, шахсий сифатларини аниқлаш учун рассом бу жараёнга сидқи дилдан ёндошиши зарур. Талаба жонли инсон қоматини тасвирлар экан, унинг атроф-мухит билан ўзаро алоқаси, юз ва қоматдаги ранг бойлиги ҳамда характерли томонларини ҳаққоний кўрсата олиши муҳимдир.
Қоматни рангтасвирига ўтишдан аввал рассом қаламтасвирда умумий хажм ва катта шаклнинг яхлитлигини конструктив қура олиши ҳамда катта шаклдаги майда бўлаклар характерини тусда моҳирона тасвирлай олиши зарур. Акс ҳолда у ранглар воситасида катта шаклдаги майда бўлакларни ранглашда катта қийинчиликларга учрайди.
Шу билан бир қаторда талаба мўйқаламда ҳам саводли ишлай билиши муҳимдир. Мойбўёқда ишлаш учун тайёрлов иш кўмирда бажарилади. Рангда ишлашдан аввал кўмир, скипидар ва лак аралаштирилган суюқлик билан мустахкамланади. Ортиқча кўмир қуруқ латта билан артиб ташланади. Мабодо қоматни тасвирлаш бўйича тажрибага эга бўлсангиз, матога бирдан мўйқалам билан тасвирлашингиз мумкин. Инсонни тасвирлашда мумкин шаклни аниқ нисбатларига эътиборни қаратиш лозим. Арзимас кичик бир хато ҳам қоматни умумий қурилишига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун қаламда тасвирлаш жараёнида натурани маълум ўлчамда тўғри жойлаштириш, умумий нисбатлар, бошни эгилган ёки бурилган ҳолатларини аниқ қуриш муҳимдир. Ҳар бир жараён умумийдан яккага, катта бўлакдан кичикка қараб олиб борилади. Дастлаб катта шаклнинг рангли ва тусли муносабатлари, сўнгра шаклнинг бўлаклари аниқланади. Тасвирлашда қуйидаги кетма-кетликка риоя қилиш: суюқ мой билан текислик юзаси ёпиб чиқилади, сўнгра шаклга бўёқ суртмаси берилиб, иш яхлит ҳолатда умумлаштирилади.
Суюқ бўёқ мато юзасига оқ ранг аралаштирмасдан юпқа қатлам тарзида суртилади. Шуни ёддан чиқармаслик керакки, тасвирлаш жараёнида иложи борича асосий ранг муносабатларида ишлаш зарур. Суюқ бўёқлар билан подмалёвка ишлашнинг ўзидаёқ натуранинг асосий бўлаклари орасидаги асосий ранг муносабатлари: баданнинг яланғоч қисмлари, кийимда, сочлари ҳамда фон буюмларни ўраб турган ҳолати аниқ топилган бўлиши мақсадга мувофиқдир. Ишнинг дастлабки босқичидаёқ натуранинг умумий ёруғлик тусини тўғри аниқлашга эришиш зарур. Унинг умумий ёруғлик кучини кучайтириб ҳам юбормаслик керак. Бошнинг умумий тус ҳолатини жуда ёрқин рангларда ишлаш мумкин эмас, акс ҳолда натура матодан чиқиб кетаётгандек бўлиши мумкин. Бошнинг умумий рангини аниқлаш учун уни юз рангига келадиган предметлар - қизил, сиёхранг, сариқ ва бошқалар билан таққослаш фойдалидир.
Ишни бошиданоқ натуранинг тус ва ранг муносабатлари тўғри ва аниқ топилиши учун, уни энг тўқ қисмидан ёруғлик кучини аниқлаб тасвирлаш мақсадга мувофиқдир.
Инсоннинг юз ва бадандаги соялари жуда ёрқин бўлиб, жонли рангни умуман яширмайди. Ярим ёруғ жойларни соя қисмлари билан таққослаб, навбатдаги тусларни аниқлаб борамиз.
Инсон боши – бу юзнинг чизиқлари эмас, балки хажмли шакл бўлиб, жуда майда хажмлардан ташкил топган. Юзнинг ҳар бир шакл бўлаклари текисликни ташкил этиб, ёруғлик манбаига нисбатан турли бурилишларда бўлади. Бўлакларни ёзар эканмиз ҳар доим умумий майда бўлакларга, мўйқаламнинг ҳар бир харакати онгли равишда шаклларни ясаши, яъни деталнинг анатомик қурилишини ҳисобга олиб, П. Чистяковнинг таъбири билан айтганда «ҳар бир суртмада мускул, суяк сезилиши керак». Тананинг алоҳида мускул қисмларини тасвирлар эканмиз, улардаги катта шакл яхлитлигининг ўзаро алоқадорлигини ёддан чиқармаслик керак.
Ишни якуний қисмида умумлаштириш, бўлакларни яхлитликка бўйсундиришдир. Бу босқичда асосий кўринишдаги катта бўлакларнинг тус муносабатларини сезиш муҳимдир. Айниқса ишга яхлит қараганда айрим бўлаклар шаклни бузиб олдинга отилиб «боқираётгандек» кузатувчи эътиборини чалғитса, унга дарҳол ишлов бериб умумийга бўйсундириш мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |