15.7 Агроиқлимшуносликнинг имкониятлари. Қишлоқ хўжалигида турли агро ва гидрометеорологик ахборотлардан фойдаланиш 3 босқичга бўлинади:
1) Кўп йилга мўлжалланган лойиҳа қарорларини амалга оширишда: а) қишлоқ хўжалик экинларининг янги навларини жойлаштириш агроиқлимий маълумотлар асосида далиллар билан таъминланади; б) янги қўриқ ерларни ўзлаштиришга ихтисослашган қишлоқ хўжалигини шаклланиши учун гидромелиорация иншоотларини қуришда иқлимий ва агроиқлимий маълумотлар билан биргаликда уларнинг йиллик ўзгарувчанлиги ва такрорланиши маълумотларидан фойдаланилади.
2) Қишлоқ хўжалигига оид режали қарорларни ишлаб чиқаришни қўллашда: ҳосил миқдорини режалашда, ўғит ва химикатларга бўлган талабни аниқлашда, мавсумий дала ишларини тузишда ва ўтказиш-ларда. Бунда кундалик тезкор агрометеорологик ва гидрологик ахборотлар талаб қилинади, муайян аниқ ҳудуд ва экин учун юзага келган агрометеорологик шароитларни таҳлили, ҳамда турли муддатли синоптик, агрометеорологик ва гидрологик башорат маълумотларидан фойдаланиш зарурияти туғилади.
3) Қишлоқ хўжалик экинларининг вегетация даврида, чорвачилик фермалари ва чўл яйловларида ем-хашакга мўлжалланган технологик жараёнларни бошқариш мақсадида зудкор хўжалик режаларини қабул қилишда агро ва гидрометеорологик маълумотлардан фодаланилади.
Бунда ҳақиқий муҳит ҳолати агрофитоценозлар ҳақида тезкор ахборотномалардан ва қисқа муддатли синоптик, агрометеорологик ва гидрологик башоратлардан фойдаланиш имкониятлари бор. Мисол тариқасида таъкидлаб ўтамизки, тезкор хўжалик қарорларни қабул қилиш, уларни муваффақиятли бажариш кўп жиҳатдан ўз вақтида тайёрлаб берилган тезкор ахборотномаларнинг сифатига ва ҳажмига маълум даражада боғлиқ бўлади.
Лойиҳадаги қарорларни бажаришда ҳудудларни агроиқлимий районлаштириш усулларида, соҳавий қишлоқ хўжалиги ва алоҳида экинларни районлаштирилганлиги, қоракўл қўйларини қўзилатиш ва жунини қирқишда, турли атласлар, хариталар, тавсияномалар ва шуларга оид илмий асарлардан, юзага келган об-ҳаво шароитлари ҳақида маълумотномалардан фойдаланилади.
Сўнгги йилларда хатарли метеорологик элементларни: қора совуқ, дўл, сел ҳақидаги катталикларни такрорийлигини эътиборга олиб ва уларнинг салбий таъсирини камайтиришга мўлжалланган тадбирлардан самарали фойдаланганда қишлоқ хўжалиги экинларидан барқарор маҳсулот ёки кўп ҳосил олиш мумкинлиги исботланган режали қарорларни ишлаб чиқишда об-ҳаво ва иқлим шароитларни ҳисобга олиш зарурдир.
Иқлимшунос ва агроиқлимшунос олимларнинг тузган хариталарини ўрганиш учун Гидрометеорология илмий-текшириш институтининг илмий нашрларида чоп этилган мақолалар билан танишиб чиқишни тавсия этамиз.