Тижорат банкларининг халқаро ҳисоб - китоб операцияларида турли ҳисоб шакллари қўлланилиши мумкин. Булар қаторига банк буйруғига асосан пул ўтказиш (уткама тури), банк чеки, банк вексели, аккредитив, инкассо шакллари ва бошқаларни киритиш мумкин.
Ўтказма - бу банкнинг ўз мижозининг талаби асосан унинг маблағи ҳисобидан тўланиши зарур бўлган суммани олиши зарур бўлган хорижий корхонага (бенефициарга) маблағни почта ёки телеграф йўли билан ўтказиб қўйиш тўғрисидаги бошқа мамлакатдаги банк-корреспондентга берган буйруғи бўлиб ҳисобланади. Валютани олишнинг энг тез ва ишончли воситаси телеграф ўтказмасидир. Банк-корреспондентлар томонидан махсус коднинг қўлланиши валюта маблағлари бўйича зарар келтириш ва ўз мижозларига маблағларни ўтказишда банк томонидан хатоларга йўл қўйишдан сақлайди. Ўтказмада банк икки операцияни бир вақтнинг ўзида бажаради: миллий валюта ҳисобига мижозига хорижий валютани сотади ва хорижий валютани чет элга ўтказиб беради.
Банк чеки - бу банкнинг хорижий банк-корреспондентга маълум миқдордаги пулни чек эгасига унинг шу банкда мавжуд бўлган корреспондентлик варакасидан тулаш тўғрисидаги ёзма буйруғидир.
Банк вексели - бу ўтказма вексел (тратта) бўлиб, банк томонидан хорижий банк корреспондентга тулаш учун берилади.
Халқаро ҳисоб-китоблар деганда биз талаблар ва мажбуриятлар бўйича тўловларни мувофиқлаштириш тизими тушунамиз. Халқаро ҳисоб-китоблар тижорат банк-корреспондентлари орқали ўтказма, чеклар, векселлар, ўзаро талаб ва мажбуриятларни тенглаштириб воз кечиш йўли билан нақд валютасиз амалга оширилади.
Халқаро ҳисоб-китоблар шаклларининг баъзилари ўтказилиш йўллари билан ички ҳисоб-китобларга ўхшаш бўлсада, аммо уларнинг ўзига хос хусусиятлар мавжуд. Бу хусусиятларни қуйидагича таърифлаш мумкин.
Биринчидан, одатда улар ҳужжат тарзида, яъни молия (чек, вексель) ва тижорат (коносамент, накладной) ҳужжатларни ёрдамида амалга ошади.
Иккинчидан, халқаро ҳисоб-китоблар унификациялашган (бир шаклга келтирилган). Бундай ҳисоб-китобларни амалга оширишда кўпчилик мамлакатлар банклари, шу жумладан МДҲ, вексель ва чек конвенцияларига амал қилишади (Женевада 1930 ва 1931 йилларда кабул қилинган ва Париж халқаро савдо палатаси эълон қилган «Ҳужжатли аккредитивлар бўйича унификациялашган қоида ва анъаналари» ва «Инкассо бўйича унификациялашган қоидалар»га мувофиқ халқаро микёсда ҳисоб- китоб операциялари олиб борилади. Бу ҳужжатларга ташқи савдо алоқаларида банкка аккредитив тўғрисида буйрук берилганда ва инкассо топшириқномалари берилганда мурожаат этиш лозим бўлади.
Классик ва энг кенг таркалган ҳужжатли ҳисоб-китоблар шакли бўлиб ҳужжатли аккредитив ва ҳужжатли инкассо ҳисобланади.
Аккредитив бу банк (банк-эмитент) мажбурияти бўлиб мол сотиб олувчи (импортер) кўрсатмасига биноан мол сотувчи (экспортер) варагига маблағни ўтказиш ёки траттани тегишли суммада (хизмат ёки товар) акцептлашни сотувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатга мувофиқ амалга оширишни ифодалайди. Аккредитив шаклидаги ҳисоб-китобларда бир қанча банклар иштирок этиши мумкин: аккредитивни очувчи банк-эмитент; сотувчига аккредитив очилгани тўғрисида хабар берувчи банк; аккредитивни тўловчи ёки траттани акцептловчи банк. Шу билан биргаликда банк эмитентдан бошқа банклар ролида бир банкнинг узи ҳам иштирок этиши мумкин.
Аккредитив операциялари тўрт асосий босқични босиб ўтади.
Биринчи босқич. Импортёр товарнинг жўнатишга тайёрлиги тўғрисида хабар олгандан кейин ўз банкига (банк-эмитент) экспорт банкида маълум сумма ва муддатга аккредитив очиш топширигини беради. Аккредитив очиш топшириги билан бирга аккредитив берилиши учун талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилади.
Иккинчи босқич. Банк-эмитент тегишли банкда аккредитив очилади ва экспортёрга бу ҳақда хабар қилинади, зарур бўлса аккредетив очилганлиги тасдиқланади.
Учинчи босқич. Товарни жўнатган экспортер банкка талаб этилган хужатларни тақдим этади ва товар учун тегишли тўловни олади (одатда у экспортёрнинг ҳисобварақасига ўтказилади).
Тўртинчи босқич. Экспортёр банки товар ҳужжатларини банк-эмитентга юборади, у ўз навбатида бу ҳужжатларни импортёрга тақдим этади ва аккредитив суммасини қоплайди (импортёр бу суммани тўлаб беради).
Мажбурият турига кўра банк аккредитиви «чақириб олинадиган» ва «чақириб олинмайдиган» тасдиқланган бўлади. «Чақириб олинадиган» аккредитив муддатдан илгари импортёр ёки банк-эмитент кўрсатмасига биноан бекор қилиши мумкин. Бундай аккредитив экспортёр манфаатларига жавоб бермайди ва амалиётда кам учрайди. «Чақирилмайдиган» аккредитив экспортёр рухсатисиз бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин эмас. У банк-эмитентнинг экспортерга тўловни амалга ошириш ёки траттани акцептлашнинг каътий мажбуриятини ўз зиммасига олади. Экспортёр учун «чақирилмайдиган» аккредитив қўлланилиши жиҳатдан афзал ҳисобланади. Агар банк - эмитент аккредитивни очувчи банкка валюта қопламасини жўнатса, аккредитив таъминлаган, акс ҳолда таъминланмаган дейилади.
Ҳужжатли инкассо операциясида экспортёр ўз банкига инкассо топшириқномасини беради ва ташқи савдо шартномасида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этиш билан импортёрдан маълум валюта миқдорини олиш лозимлигини кўрсатади. Бошқача қилиб айтганда экспортёр ўз банки орқали импортёр банкига инкассация учун ҳужжатларни жўнатади. Инкассация операцияси тўрт асосий босқичдан ўтади.
Биринчи босқич. Экспортёр ўз банкига инкассо топшириқномаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни беради.
Иккинчи босқич. Экспортёр банки импортёр мамлакатдаги банк-корреспондентга инкассо топшириқномаси ва ҳужжатларни юборади.
Учинчи босқич. Банк-корреспондент импортёрга ҳужжатларни тақдим этади ва инкассо топшириқномасида кўрсатилган суммани олади ёки траттани акцептлайди.
Тўртинчи босқич. Олинган тўлов миқдори импортёр банкидан экспортёр банкига, ундан эса экспортёр счётига ўтказилади.
Валюта операцияларини валюталар ўртасидаги нисбатни аниқламасдан ва уларни алмашилмасдан ўтказиш мумкин эмас. Бу нисбатлар валюта «котировка»лари ёрдамида ўрнатилади. Валюта котировкаси деганда алмаштириш учун тақдим этилган валюталар курсини ўрнатиш ва улар орасидаги нисбатни ўрнатиш тушунилади.
Валюта котировкаси расмий ва бозор котировкасига бўлинади. Расмий валюта котировкасини давлат амалга оширади (асосан Марказий банк). Расмий валюта курсидан давлат валюта операцияларида, божхона ишларида, тўлов балансини тузишда фойдаланилади.
Валюта курсини аниқлаш усуллари валюта тизимларининг хусусиятларига кўра турли мамлакатларда турличадир. Каттик валюта чекланишлари мавжуд давлатларда влюта курси икки усулда ўрнатилиши мумкин. Биринчиси - соф бошқарув усули. Ҳукумат ёки Марказий банк талаб ва таклифдан катъий назар миллий валюта курсини белгилайди. Бунда валюта курси бошқа валюта ёки бир қанча валюталар (валюта савати)га нисбатан белгиланади. Шу билан биргаликда кўпчилик Марказий банклар турли операцияларда турлича валюта курсларини белгилашади.
Иккинчи усул Польша, Чехия, Словакия, Болгария, Руминия каби давлатларда кўпроқ қўлланилади. Бу усулда Марказий банк расмий валюта курсини биржа курси даражасида белгилайди ва биржа курсининг расмий валюта курсига нисбатан ўзгариш чегарасини белгилаб беради. Валюта курсининг шу ўзгариш чегарасини белгилаб бериш банк ишида валюта каридори деб ҳам юритилади. Амалиётда валютанинг биржа курсининг расмий курсга нисбатан ўзгариш хавфи кузатилса, Марказий банк валюта интервенциясини амалга оширади, яъни хорижий валютани сотади ёки сотиб олади.
Валютавий чеклашлари йўқ ёки сезилмас даражада бўлган давлатларда Марказий банк талаб ва таклиф (миллий валютанинг эркин сузиб юришида) ҳамда валюта интервенцияси (бошқарилувчи сузишда)дан келиб чиккан ҳолда валюта курсини белгилайди. Валюта биржалари фаолият кўрсатувчи давлатларда валюта курси қарийиб ҳар куни биржа маклери ва Марказий банк томонидан валютани сотиш ва сотиб олишга берилган аризалар, Марказий банк интервенцияси сиёсати бўйича фаолиятини инобатга олган ҳолда ўрнатилади.