Нуқтали расм чизиш усули. Болаларга одатдагидан бошқачароқ бўлган ҳамма нарса ёқади. Вақти-вақти билан болаларни нарсаларнинг расмларини жўн бўлмаган усулда чизишга ундаш мумкин. Нуқталар билан расм чизиш шундай усулларга киради. Бунда оқ қоғоз, қалам ва фломастердан фойдаланиш мумкин. Нуқтали расм чизишда бўёқдан фойдаланилса, натижа жуда яхши бўлиши мумкин. Бу усул қуйидагича бажарилади: доридан тозаланган гугурт чўпининг учига озроқ пахта ўралади ва қуюқ бўёққа ботирилади. Бунда бўёғи қалам билан ишлангандагидек бўлади. Учига пахта ўралган гугурт чўпини болага кўрсатиб, намунали тасвирга ўхшаш нуқтали расмни ўргатиш мумкин. Бунда расмнинг шаклини асосий қисмларига қўйилган нуқталар болалар чизадиган расмнинг асосий нуқталари бўлади.
Кляксография (сиёҳ доғлар) усули. Бу болани сиёҳ доғлар ҳосил қилишга ўргатишдир. Бола сиёҳ доғларга қараб нарсалар, образлар ва уларнинг турли жиҳатларини кўра бошлайди. Мана бу доғ ёки буниси нимага ўхшайди? У сенга нимани ёки кимни эслатаяпти? деган саволлар бериб бориш боланинг фикрлаш қобилияти ривожланишида жуда фойдалидир. Бундан сўнг болани мажбур қилмасдан, қизиқтириб кейинги босқич – доғларга сайқал бериш босқичига ўтиш керак. Натижада маъноли сурат ҳосил бўлади.
Худди шу усулда табиий материаллардан ҳам тасвирларни топиб уларга бироз ишлов берилса ажойиб табиий ўхшатма хайкалчалар пайдо бўлади. Умуман, бундай тасвирлаш усуллари ҳам бола учун қизиқарли бўлиб, ижодий қобилиятларини ва мантиқий фикрлашини ривожлантиради.
Мактабгача ёшдан бошлаб болаларни тасвирлашга ўргатиш учун тасвирий санъатга қизиқиш уйғотиш керак. Бу эса бола учун қилинган энг фойдали катта иш ҳисобланади. Боланинг қўли тасвирлашга келишиб, қўлидаги эгилувчанлик дастлабки расмларидаёқ билинади, нарса ва ҳодисаларга ўз муносабатини билдира бошлайди. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, турфа ранглар моҳиятида у атрофдаги оламни кўра бошлайди, англайди. Ниҳоят, расм чизиш бола кайфияти ва руҳиятини ифодалайди. Психологлар мактабгача ёшдаги болаларнинг ранг танлаш хусусиятига қараб бола руҳияти ҳақида фикр билдирганлар. Мисол учун, бола чизаётган расмларда қора, кулранг, тўқ жигарранг бўёқларни кўп ишлатсалар, демак, у нимадандир, кимдандир ранжиган, кимдандир аразлаб қолган. Ёки аксинча, бола ўз қувончини одатда сариқ, тўқ сариқ, қизил ранглар билан ифодалайди. Боланинг яхши ривожланиши кўпроқ тасвирий санъат билан шуғулланиш учун етарли шароит яратиб берилиши билан боғлиқ. 2 ёшли бола учун ҳам қалам ва бўёқлардан эркин фойдаланиши учун уйида ўзига хос ижодхонаси бўлиши керак. Мактабгача ёшдаги болаларни кузатишдан маълум бўлишича, кўпчилик оилаларда ёппасига рангли қалам ва фломастердан фойдаланиш кенг тарқалган. Гуашь, акварель, мум қалам, сангина, рангли бўрлар, пастель, кўмир, пластилин кам ҳоларда қўлланилади. Фломастерлар асосан тасвирий санъатнинг бошқа воситалари билан қўлланилгандагина мақсадга мувофиқ бўлади. Шундай бўлса-да, мактабгача ёшдаги болалар учун бу жуда қизиқарли материаллардан бири ҳисобланади. Чунки фломастернинг ранглари ёрқин ва тиниқ бўлади. Чизилганда бола қўли тез ҳаракатланади. Натижада болаларнинг тасвирий фаолият юритиш жараёнлари осон кечади.
Мактабгача ёшдаги болаларга таълим-тарбия бериш тизимида уларнинг қўлларини турли ҳаракатларга ўргатиш муҳим роль ўйнайди. Бола мактабга борганида уни ёзишга ўргатишда устозкўп қийинчиликларга дуч келишади. Чунки бола қўлларидаги майда мускулчалари тўлиқ ривожланмаган бўлади. Шунинг учун ҳам олти ёшли бола ёзишга ўрганиш жараёнида қийинчиликка дуч келмаслиги учун уларнинг қўлларини машқ қилдириш лозим. Бу машқлар турлича бўлиши мумкин. Яъни, тасвирий, техник ва дидактик ўйин шаклида бўлади. Берилган намуна андазаси устидан юргизиб тасвир ҳосил қилиш, нуқта устидан қалам билан юргизиб тасвирлаш, пластилин ва лой билан ҳайкалчалар ясаш, қуриш-ясаш, аппликация ва мозаика ишлаш, тайёр турли чизиқлар устидан юргизиш, муҳр тушириш шаклидаги машқлар шулар жумласидандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |