Расм чизиш – болалар ижодий фаоллиги кўриниши учун кенг имкониятлар берувчи, болаларнинг севимли машғулотларидан биридир. Расмлар тематикаси турлича бўлиши мумкин. Болалар уларни қизиқтирган барча нарсани чизишади. Атроф-оламдан алоҳида предметлар, саҳналар, адабий қаҳрамонлар ва декоратив нақшлар чизиш воситаларини улар қўллай олишади. Реал предмет билан ўхшашликни акс эттириш, декоратив планда тасвирлаш, объектга расм чизувчининг муносабатини ифодалаш учун ранг ишлатилади.
“Болажон” таянч дастурида ҳар бир ёш бўйича гуруҳлар учун материалларнинг график турлари белгилаб қўйилган. Лекин шунга қарамай катта ва мактабга тайёрлов гуруҳларида болаларнинг ижодий қобилиятларининг ривожланиши учун тасвирий фаолият машғулотларида тасвирий воситалардан қўшимча сифатида кўмирли қалам, рангли қалам, пастель, сангиналарни қўллаш тавсия қилинади. Бу материаллар болаларнинг тасвирий имкониятларини кенгайтиради. Кўмир ва сангина билан ишлашда тасвир бир рангли бўлади. Бу эса барча эътиборни предмет шакли ва фактурасини ифодалаш учун жамлашга имкон беради; рангли мум қаламчалар катта шакллар ва катта юзаларни бўяшни шакллантиради; пастель рангнинг турли тусларини ифодалашга имкон беради. Ясашнинг тасвирий фаолият турларидан бири сифатидаги ўзига хосликлари тасвирлашнинг хажмли усулида мужассам, ясаш хайкалторошлик тури у, нафақат, юмшоқ материал билан, балки қаттиқ материал билан (мармар, гранит) ишлашни ўз ичига олади.
Табиий ва бошқа материаллар билан ишлаш болаларга янги тасвирий малакаларни ўзлаштириш, ўз ижодий қобилиятини кўрсатиши учун қўшимча имконият яратади. Болалар иш учун зарур тасвирий ва техник усуллар-айлана шаклларни чизиш, қоғозда предметларни жойлаштириш малакаларини ўзлаштирганликларини ҳисобга олиш муҳим.
2.2. Тасвирий фаолият машғулотларида болаларга расм ишлаш техникасини ўргатиш
Ҳар қандай фаолиятда амал қилиниши лозим бўлган техника ва технологиялар мавжуд. МТМ даги тасвирий фаолият машғулотлари бундан мустасно эмас. Зеро, тасвирий фаолият эстетик тарбия масалаларини ечишда мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг дунёқарашини шакллантиришда муҳим.
Тасвирий фаолиятнинг ноанъанавий техникаси воситалари билан болалар бадиий ижодиёти масалаларини ўрганиш муаммоси мактабгача бадиий таълим назарияси ва амалиётида тўлиқ ечилмаган. Болаларнинг бадиий ижодий қобилиятлари ривожланиши учун расм чизишда турли бадиий материаллар ва тасвирлаш техникаларини ўргатишда дидактик мантиқий ўйинли тасвирлардан кенг фойдаланиш қизиқарли машғулотларни ўтказишга имкон беради. Бу ўйинлар, биринчи навбатда, фаолият турининг хусусиятига кўра танланади.
Болалар кўплаб кашфиётлар, қизиқарли оригинал маҳсулотни расм чизиш ва қуриш-ясаш турларида яратишади. Кашфиётлар янгилиги ва маҳсулот субъективлиги – бу бола ижодиётининг биринчи муҳим ўзига хослигидир. Мактабгача ёшдаги бола фаолияти катта эмоционал эътибор, изланишга интилиш, турли ечимларни қўллаб кўриш билан ажралиб туради. Ва бу бола ижодиётининг иккинчи ўзига хослигидир. Муҳими, бу изланишларни вақтида рағбатлантириш ва йўналтириш лозим бўлади. Тасвирий фаолият машғулотлари бу борада кенг имкониятлар тақдим этади.
Мактабгача таълим амалиётидан маълумки, “Тасвирий фаолият” бола ҳаётида, унинг фикрий ва ақлий жиҳатдан ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлган машғулот туридир.
Бошланғич синфга ўқиш учун борадиган болаларни оилада мактабга тайёрлаш ҳозирги кун тартибида турган асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Лекин мактабга борадиган болаларнинг тасвирий санъат юзасидан оладиган билим, малака ва кўникмаларининг кўлами ва уларни болаларга етказиш йўллари ота-оналар учун янгилик бўлганлиги сабабли ҳам бу борада анчагина тушунтириш ишларини олиб бориш талаб этилади.
Болалар тасвирий санъат билан шуғулланиш жараёнида уларнинг оғзаки ҳисоблаш, ҳикоя қилиш, ёзишга бўлган малакалари ҳам шаклланиб боради. Қаламда, мўйқаламда расм чизишдаги ўзига хос усуллар болалардаги ана шу малака ва кўникмаларни ривожлантиради.
Болаларнинг тасвирий фаолият борасидаги билим, малака ва кўникмаларини янада ривожлантиришда ота-оналарнинг бу борадаги тажрибалари етарлича бўлишига ҳам боғлиқдир. Бунинг учун дастурда кўрсатилган топшириқларни ота-оналарнинг ўзлари мустақил бажариб кўришлари ва сўнг болалаларга ўргатишлари керак бўлади. Шундагина улар фарзандларига бериладиган топшириқларнинг мазмуни ва методикаси ҳақида етарли маълумотга эга бўладилар.
Болаларнинг тасвирий фаолиятлари бир маромда кетиши учун турли, қизиқарли, мантиқий дидактик тасвирли топшириқлар маълум кетма-кетликда ўтказилиб бориши лозим. Бу эса ота-оналардан маълум тартибда иш олиб бориш лозимлигини тақозо этади. Болаларнинг тасвирий санъат билан шуғулланишлари жараёнида уларнинг мурғак қалбларидаги завқ-шавқ, эстетик ҳис-туйғуларнинг ривожланиб боришини эсдан чиқармаслик лозим. Шуни ёдда тутиш лозимки, ота-оналар ўз болаларининг ижодий қобилиятларини ривожлантириш йўлларини қанчалик яхши билсалар ва бунга амал қилсалар, шунчалик яхши самарага эга бўладилар. Одатда, болалар расм чизишга, рангли қоғозлардан, картондан, лой ёки пластилиндан турли нарсалар ясашга кўпроқ мойил бўладилар. Шундай ҳолда ота-оналар уларнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашлари ва керакли имкониятларни яратиб беришлари лозим. Бунда асосан болалар бадиий билим ва малакаларини маълум тартибда йўналтиришни талаб этади.
Мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг тасвирлаш жараёни таҳлили шуни кўрсатадики, расмни яратиш учун, биринчидан, чизилиши керак бўлган предметлар ва уларнинг сифатлари ҳақида аниқ тасаввур бўлиши, иккинчидандан, шу тасаввурларни график шаклда қоғозда ифодалаш, тасвирлаш масаласига эса қўл ҳаракатларини бўйсундириш керак. Шу боис лозим бўлган керак тасаввурларни шакллантириш мақсадида болаларнинг идрок этишга оид тасаввурларини шакллантиришдан ташқари, қўл харакатларини ривожлантириш, график малакаларни шакллантириш ҳам талаб қилинади.
Мактабгача таълим муассаларидаги тасвирий фаолият машғулотлари, шунингдек, болалар расмларининг таҳлиллари асосида болаларда тасвирлаш техникаси билан боғлиқ компетенцияларни шакллантиришда қуйидаги камчиликлар кузатилади:
- мактабгача таълим муассаларида болаларга чизиш техникасини ўргатишга кам эътибор қаратишади. Шунингдек, болалар расм чизишда керак бўладиган асбоб ва бадиий материаллардан фойдаланиш тартибларини яхши ўзлаштирмаганлар;
- расм чизишда болаларнинг қўл ҳаракатлари билан боғлиқ усулларини ўзлаштиришга мўлжалланган махсус машқлар тизими яратилмаган. Шунинг учун уларнинг ҳаракатлари ноаниқ, ишонарли эмас, келишмаган ва қўл мушаклари хаддан ташқари тортишгани учун қўл тез чарчайди;
- фаолиятда қўлланиладиган асбобларнинг болалар томонидан нотўғри ишлатиши, қўлларни қандай тутишни билмаслик болаларнинг расм чизиш усулларини тўғри ўзлаштирмасликларида намоён бўлади. Бу эса тасвирлаш билан боғлиқ операцияларини бажаришда болаларга қийинчилик туғдиради. Натижада болаларнинг ўйлаган нарсаларини расмда акс эттиришларига халақит беради.
Юқоридаги камчиликлар мавжудлиги учун расм чизишнинг техник малакаларини ўзлаштириш болаларнинг тасвирий фаолиятларига оид қобилиятларини ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шуларни эътиборга олган ҳолда мазкур битирув ишида самарадорлик даражаси амалиётда синаб кўрилди ҳамда болаларнинг қўл ҳаракатларини ривожлантириш, тасвирлаш техникасига оид малакаларини шакллантиришга оид махсус машқлар, дидактик ўйинлар ишлаб чиқилди.
Одатда, предметни тасвирлашдан олдин улар кузатилади ва иш жараёнига предметни контур бўйича қўл ҳаракатлари тасвирланаётган предметнинг шакли билан боғлиқ ҳолда ҳаракатланади. Ҳаракат кўникмаларининг илк шаклланиш босқичида иккинчи кичик, баъзида ўрта гуруҳларда ҳам ушбу усул қўлланилади. Катта гуруҳларда эса болаларнинг тақлидига асосий эътибор қаратилади. Таниқли психолог А.Б.Запарожец таъкидлаганидек, график малакаларни харакат кўникмаларининг шакллантириш тасвирий фаолиятда расм чизиш техникаларининг хилма-хилигидан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам мактабгача ёшдаги болаларнинг имкониятларини ҳисобга олиб, болалар расм чизишининг техник томонини бойитиш учун рангли қаламлар, рангли мум қаламчалар, фломастерлар, акварель, гуашь бўёқлари, кўмир қаламлар, сангина, рангли бўрларни қўллаш услубларини бойитиш ва бундан ташқари битта расмда турли материаллар ва техникалардан фойдаланиш яхши самара беради.
Турли бадиий материалларда расм чизишга ўргатиш болалар расмларининг бажариш техникаси бўйича хилма-хиллашади ва яхшиланади, мазмуни бўйича бойийди.
Тасвирий санъатни ўқитиш борасида ўзига хос мактаб яратган рассом-педагог П.П.Чистяков доим ўз ўқувчиларининг чизиш техникасини кучли ва кучсиз томонларига урғу берган ва рассомнинг ғоясини ифодалаш учун унинг аҳамиятини катта деб билган. Унинг ёзишича ”Афсуски, яхши ғоя билан биргаликда ноаниқ бажарилган ишни кўришга тўғри келади, бу катта камчилик” П.П.Чистяков таъкидлайдики,“Техника– бу рассомнинг тили. Бу тилни ўзлаштирмаган рассом ўз кечинмаларини, ғоясини томошабинга етказиб бера олмайди”. Бу фикрга И.Е.Репин, Крамскойлар ҳам қўшилишган. Ўзига талабчан бўлган Эжен Делекруанинг ҳисоблашича, рассом доим ўз маҳоратини контур соҳасида мукаммалаштириши керак, илк штрихлашнинг ўзиёқ тайёр асар хақида маълумот берсин, бунинг учун мунтазам штрих техникаси устида ишлаш керак. Ўзбекистонлик рассомлар Б.Жалолов, Ж.Умарбеков, А.Мирзаев кабиларнинг ижодида ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин. Демак, мактабгача ёшдаги болаларда тасвирий соводхонлик элементларини шакллантириш, уларда расм чизиш техникасига оид кампетенцияларни таркиб топтириш бадиий таълимнинг илк босқичи мактабгача таълим муассасларида олиб бориладиган тасвирий фаолият машғулотларининг муҳим дидактик шартларидан биридир.
XX аср бошларида бола расмларининг илк тадқиқотчилари рус ва чет эл тадқиқотчилари (В.М.Бахтерев, Карродо Риччи, Либерти Тедд), бола ижодиётининг ўзига хосликларини кўзда тутиб, уларга чизиш техникасини ўргатиш муҳимлигини таъкидлашган. Италия санъатшуноси Каррадо Риччи “Чизиш техникаси ўргатилмаса, ҳатто катталар ҳам болаларнинг даражасида қолиб кетишади”, - дейди, америкалик педагог, Филадельфиядаги бадиий санъат мактаби директори Либерти Тедд. Қўлнинг ривожланиши тасвир мазмунини ифодалашнинг муҳим шарти эканлигини айтиб ўтади.
Чизиш техникаси ўзи нима? Тасвирларни яратишда уларнинг ўрни қандай? Буни мактабгача ёшдаги болаларга қандай алоқаси бор? Мактабгача ёшдаги болаларнинг умумий тарбия тизимида уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун муҳим бўлган расм чизиш малакаларини шакллантиришга катта ўрин берилган. Расм чизиш жараёнида болада кузатувчанлик, бадиий дид, ижодий қобилиятлар, тасвирий воситалар ёрдамида мустақил тарзда гўзал нарсани яратиш малакалари шаклланади. Бу омил уларда санъат асарлари, атроф-муҳитдаги гўзалликни кўриш малакаларини ривожлантиради. Болаларнинг шахсий бадиий фаолияти қаламтасвир, рангтасвир, хайкалтарошлик, амалий санъат асарларини тушунишга олиб келади. Тасвирлаш усулларини ўзлаштириш боланинг бадиий-ижодий қобилиятига ижобий таъсир этади.
Бадиий ижодий фаолият маҳсули – чиройли образдир. МТМ да расм чизишни ўргатишнинг асосий мақсади – болаларга ҳаётий таассуротларнинг образли акс эттириш воситаси сифатида ҳодиса ва предметларни тасвирлашни ўргатишдир. Тасвирлаш учун аниқ, ёрқин тасаввурлар ва уларни график шаклда акс эттириш малакаси керак. Расм чизиш ва яратиш жараёнида бола ўз хатти-ҳаракатларини бошқаради, йўналтиради, шу тариқа, тасаввурдаги предметни акс эттиради ва уларни солиштиради. Демак, расм чизиш учун керакли тасаввурлар идрок қилиш жараёнида хосил қилинади.
Мактабгача таълим тасвирий фаолият соҳасининг таниқли мутахассис олими Н.П.Сакулинанинг тадқиқотларига кўра, предметни идрок қилишнинг маълум усуллари мавжуд бўлиб, бу жараёнда объект (буюм)ни тадқиқ этиш жараёни кечади ва бу усулни болаларга ўргатиш керак. Лекин у ёки бу предметни чизиш учун у предметнинг шакли, ранги, тузилиши хақидаги аниқ тасаввурнинг ўзи камлик қилади, бу хусусиятларни қоғозда график шаклда акс эттириш, тасвирлаш мақсадига қўл ҳаракатларини бўйсундиришни ўргатиш зарур. Лекин у ёки бу предметни чизиш учун у предметнинг шакли, ранги, тузилиши ҳақидаги аниқ тасаввурнинг ўзи камлик қилади, бу хусусиятларни қоғозда график шаклда акс эттириш, тасвирлаш мақсадига қўл ҳаракатларини бўйсундиришни ўргатиш зарур.
Расм чизишга йўналтирилган ҳаракатлар етарли даражада тасвирлаш жараённинг ўзи билан ташкиллаштирилади, деб ўйлаш ҳам мумкин. Лекин бундай эмас: болаларга чизиш техникасини ўргатиш – мустақил ва муҳим масала. Чизиш жараёнини кузатиш шуни кўрсатадики, агар болалар график малакаларни эгаллашмаган бўлса, тасвирни яратиш чоғида катта қийинчиликларга дуч келишади. Улар ўзлари хоҳлаётган нарсани тасвирлай олмасалар, ўзлари фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмайдилар. Шу боис уларда чизишга бўлган қизиқиш сустлашиб кетиши ҳам мумкин. Баъзи техник усулларни билишмаганликлари учун болалар уларни ўзлари топишга ҳаракат қилишади. Кўп ҳолларда бу нотўғри усуллар: чизиш асбоблари, материаллар ва қўлнинг ноаниқ ҳаракатланиши. Қўл чизилаётган расмни тўсиб қўйиб, қоғозда пайдо бўлаётган чизиқларни кўришга халақит беради, натижада расмда предмет шакли бузилади ва кичик боланинг хафсаласини пир қилади.
Расм чизиш техникаси – материал ва чизиш асбобларини бадиий ифодалаш ва тасвирлаш мақсади учун қўллаш усулидир. Техника тушунчасига қўл ва кўзни ривожлантириш ва уларнинг ҳамжиҳатликдаги фаолияти киради. Асосий ўрин тўғри тасвирланган контур, предметнинг шаклига берилади. МТМда расм чизиш, мактабгача ёшдаги болалар учун мос келадиган бадиий-ижодий фаолиятли ўзгартиришга қаратилади.
МТМда болаларга расм чизиш техникасини тўғри шакллантириш керак. Тасвирий санъатдаги чизиш техникаси тушунчаси болаларнинг чизиш техникасида ҳам қўлланилади. Фарқи шундаки, мактабгача ёшдаги болаларда қўлнинг турли нозик ҳаракатлари илк ривожланиши содир бўлади, бу ҳаракатлар чизиш учун муҳим ва улар чизиш ҳаракатлари деб аташ мумкин. Чизиқ контури, штрих, доғларни расм чизиш воситалари сифатида ўзлаштириш кичик бола учун махсус масала ҳисобланади ва уни ўзи мустақил еча олмайди.
Бола расмларини таҳлил қилишда боланинг қўл бармоқлари координацияси ривожланиши эътиборга олиниши керак.
Болаларга турли материалларни ўзлаштиришда уларга қандай муносабат қилиш малакаларини ўргатиш лозим. Масалан, болага қалам, рангли мум қаламчалар, фломастер, рангли қалам, мўйқалам ва акварель, гуашь бўёқларини бериб, албатта, уларни қандай қўллаш мумкинлигини намунада кўрсатиш лозим. Болаларга бадиий материалларни бериб тасвирлаш топширилса, уларга нимани тасвирлаш ва қандай қилиб тасвирлаш кераклигининг осон ва тез ечими ўргатилса, улар тасирлашдан бош завқланадилар. Табиийки, бу завқланиш тасвирий фаолиятнинг самарасига ижобий таъсир ўтказади.
Мактабгача ёшдаги болаларга тасвирлаш техникасини ўргатишнинг қизиқарли шаклларини топиш ҳам алоҳида эътиборга молик масала. Масалан, кўрган нарсаларга бўлган муносабатини ифодалаш ва ҳаракат қилиш хоҳишини қондириши туфайли ҳам мактабгача ёшдаги болалар учун тасвирий фаолият жуда қизиқ. Бизнинг ноанъанавий дидактик тасвирли мантиқий фикрлашга ундовчи ўйинлар (лобиринт, нуқтали, штрихли, мозаикали, геметрик шакллардан фойдаланиб тасвирлаш ва ҳ.к.) билан ташкил қилинадиган машғулотлар, биринчидан, болаларда тасвирлаш малакаларини ривожлантиради. Иккинчидан, бу машқлар орқали болалар тасвирлаш техникасини ўзлаштириб борадилар. Муҳими, уларда қўл мушаклари ривожланиши натижасида мактабгача ёшдаги болаларнинг барча гуруҳларигадаги болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун катта имкониятларни тақдим этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |