2.1.2. Информатика курсининг тузилиши, мазмуни, ҳозирги кундаги аҳволи ва истиқболлари.
Информатика фани инсон фаолиятининг турли ҳолатларида ахборотларни излаш, тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш масалалари билан шуғулланувчи фандир. Информатика фани ХХ асрнинг 50-йилларида юзага келди. Бу фан Республикамизда 1985-86 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларида ўқув предмети сифатида ўқитилиб келмоқда.
Информатика фан сифатида информацион жараён (ахборотлашган жараён) ларнинг қонуниятларини ўрганади. Информацион жараён кенг тушунча бўлиб, маълумотларни жамлаш, узатиш, сақлаш, тўплаш, қидириш ва истеъмолчига беришгача бўлган жараёнларни ўзида акс эттиради.
Информатика атамаси французча «information» (ахборот) ва «automatique» (автоматика) сўзиларидан ҳосил бўлиб, ахборотни автоматик қайта ишлаш маъноларини англатади. Инглиз тилида бу фан Сomputer sciene (компьютер техникаси ҳақидаги фан, компьютер таълими, компьютер билимлари) деб юритилади. Информатика атамаси ХХ асрнинг 60-йилларида ишлатила бошлаган бўлсада, унинг алоҳида фан сифатида ажралиши 40-50 йилларга тўғри келади. Маълумки бу даврда тарихда биринчи ЭҲМ яратилган эди. (1943-1945 йилларда, А+Шда ЭНИАК деб номланган электрон ҳисоблаш машинаси). Биринчи ЭҲМ яратилгандан сўнг Информатика фани янада ривожланиб ҳозирги тараққиёт даражасига етди. Информатика компьютер техникасининг ривожланиши туфайли юзага келди, унга асосланади, компьютерсиз мавжуд бўла олмайди ва ўз навбатида унинг ривожига, янгиланишига ўз ҳиссасини қўшади.
Умумий қилиб айтганда, информатика фани ахборот технологиялари воситалари ёрдамида ахборотни тақдим этиш, қабул қилиш, сақлаш, унга ишлов бериш, узатиш усулларини ва уларни бошқариш усулларини тизимли равишда ўрганувчи фандир.
Ҳозирги вақтда Республикамизда информатика фанини ўрганиш уч босқичда олиб борилади:
1. Умумий ўрта таълим босқичи – бу босқичда информатика курснинг танишув қисми амалга оширилади ва курснинг номи Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари деб номланади.
2. Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими босқичи – бу босқичда информатика курси тўлиқ ўрганилади ва курс иккита алоҳида фан сифатида («Информатика» ва «Ахборот технологиялари») фаолият кўрсатади.
3. Олий таълим босқичи – бу босқичда информатика фани тўлиқ ўрганилиб турли соҳаларга қўллаш масалалари ҳал қилинади.
Бу босқичларда информатика фанини ўрганиш кетма-кетлиги Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида йўлга қўйилган ва улар бир-бирининг давоми сифатида фаолият кўрсатади.
Ҳозирги кунда умумий ўрта таълим мактабларида Информатика фани 8-9 синфларда (8-синфда ҳафтасига 1 соат, жами 34 соат, 9-синфда ҳафтасига 2 соат, жами 68 соат) ўқитилмоқда. Компьютер технологиясининг ривожланиши ва жахонда ахборотлаштириш масаласига эътиборнинг ошиши Информатика фанининг ўрганилишини қуйи синфлардан бошлашни талаб этмоқда. Бу борада Республикамизнинг таълим соҳасидаги истиқболларида режалаштириб қўйилган. 2006-2007 ўқув йилидан бошлаб Республикамиз умумий ўрта таълим мактабларининг 5-синфида Информатика фани 2 ҳафтада 1 соатдан жами 17 соатга мўлжалланган ўқув дастури асосида синов тариқасида ўқитила бошланди.
Таълим муассасаларда ўқитиладиган ҳар бир предмет ўзининг дидактик тизимига эга бўлиб, ўрганилаётган фан энг зарурий дидактик қоидаларни ҳисобга олади яъни номаълумдан маълумга, енгилдан мураккабга томон ўрганилиб борилади. Дидактик тизим бу ҳар бир ўқувчининг билиш фаолиятини бошқариш методикаси ва воситаларнинг мажмуасидир.
Информатика ўқитишда қуйидаги дидактик тизимлардан фойдаланиш мумкин:
Гуруҳни анъанавий техник воситаларни қўллаб ўқитиш;
Бир ўқувчи ва кўп ўқувчи тизими;
Кичик гуруҳлар ташкил этиш;
Автоматлашган аудиториялар;
Дастурли ўқитиш;
Компьютерли ўқитиш.
Информатика курсида компьютер соводхонлиги қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
Компьютер хабардорлик;
Компьютер саводхонлик;
Компьютер маданият;
Компьютер мафкура.
Информатика фанини ўқитиш учун қуйидаги ўқув-услубий таъминотлар мавжуд бўлиши зарур: Таълим муассасалари учун Информатика фанидан ДТС ва ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув ва методик қўлланмалар, йиллик тақвим режаси, кўргазмали воситалар, бир соатлик ўқув машғулоти ишланмаси, амалий ва лаборатория машғулотларини ўтказиш бўйича методик тавсиялар ва ишланмалар.
Республикамиз узлуксиз таълим тизимининг 3 та босқичида ДТС қўлланилмоқда. Улар умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими ва олий таълим.
1997 йил 29 августда «Таълим тўғрисида» ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» тўғрисидаги +онунлар жорий қилингандан сўнг таълим тизимида ҳам бир қанча ислоҳотлар олиб борилди. Турли таълим муассасаларда бўлгани каби умумий ўрта таълим мактабларида 1998-1999 ўқув йилидан бошлаб ДТС тажриба синов тариқасида қўлланила бошлади. Умумий ўрта таълим мактабларида 1999-2000 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич ДТС талаблари жорий қилина бошлади.
Умумий ўрта таълим мактабларида Информатика фанидан 2001-2002 ўқув йилидан ДТС ўқув жараёнига қўлланила бошлади.
ДТС ўқувчиларнинг умумтаълим тайёргарлигига, савиясига қўйиладиган мажбурий минимал даражани белгилаб беради. ДТС таълим мазмуни, шакллари, воситалари, усулларини ва унинг сифатини баҳолаш тартибини белгилайди. Жорий қилинган ДТС Республиканинг барча таълим муассасаларида таълимнинг барқарор даражасини таъминлаш шарти амалга оширувчи восита ҳисобланади. ДТС ўз моҳиятига кўра ўқув дастурлари, дарсликлар, қўлланмалар, низомлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни яратиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Таълим муассасаларида ДТС дан фойдаланиш муддати 5 йилгача бўлиб, вақт ўтгандан сўнг ДТС қайта ишланиб жорий қилинади. Умумий ўрта таълим мактаблари учун информатика фанидан 2001-2002 ўқув йилида ДТС жорий қилинган бўлса, 2006-2007 ўқув йилига келиб янги таҳрирдаги ДТС ўз фаолиятини бошлади.
Янги таҳрирдаги ДТС да ўқувчилар информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари фанига оид қуйидаги билим, кўникма ва малака елементларини эгаллашлари шарт:
информатика, компьютерлар, ахборот технологиялари, ахборот коммуникацияларига оид энг асосий тушунчаларни билиш;
ахборотларни қайта ишлашга оид асосий амаллар, усулларни билиш, аниқ вазиятларга қўллай олиш;
замонавий ахборот технологияларига алоқадор энг асосий дастур ва техник воситалар билан ишлай олиш;
замонавий компьютерлар архитектураси, иш механизми ва принципларини билиш;
алгоритмлаш асосларини билиш;
компьютерда масалалар ечиш босқичлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш ва бу жараённи таҳлил этиш елементларини билиш;
замонавий ахборот технологиялари ва тармоқларининг жамиятимиз тараққиётидаги истиқболлари ҳақида тасаввурга эга бўлиш;
дастурлаш асосларини билиш;
компьютер саводхони ва мустақил фойдаланувчи талабларига жавоб бериш;
турли ахборот манбалари шунингдек Интернет манбаларидан фойдалана олиш;
давлатимизда ахборот технологияларига оид қабул қилинган фармон, қарор ва қонунлар ҳақида маълумотга эга бўлиш;
кейинги таълим босқичида ва ҳаётда учрайдиган ўқув ёки бошқа хилдаги масалаларни ечиш учун ахборот технологияларини тадбиқ этиш ҳақида асос бўлувчи тасаввурга эга бўлиш.
Республикамизда Информатика фанидан ўқув дастурлари ва дарсликларини яратишда қуйидаги олимлар ўз ҳиссаларини қўшганлар:
умумий ўрта таълим мактаблари учун: А.А.Абдуқодиров, Т.Азларов, М.Маҳкамов, Б.Болтаев, А.Азаматов, Н.Тайлоқов.
ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими учун: А.А.Абдуқодиров, А.Сиддиқов, М.Якубова, Д.Каримова, А.Хаитов, Н.Тайлоқов, А.Ахмедов.
Олий таълим учун: ЎзМУ, ТДТУ ва ТДПУ каби олийгоҳларнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва олимлари: проф.М.Арипов, проф. А.Холжигитов, доц. А.Абдуқодиров, проф. А.А.Абдуқодиров ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |