Аудитор фирмалар – корхона, фирма, компаниялар молиявий- хўжалик фаолиятини текшириб берувчи, улар ҳисоботини экспертизадан ўтказувчи идора. Улар одатда акционер жамият ёки кооператив шаклда фаолият кўрсатади ва тўлиқ мустақилликка эга бўлади. Аудитор фирмалар ўз ишини ҳар бир мамлакатда ёки халқаро миқёсда қабул қилинган ҳисоб-китоб ва тафтиш қоидаларига биноан олиб боради.
Аудиторлик ҳисоботи – раҳбар, мулк эгаси, хўжалик юритувчи субъект қатнашчилари (акциядорлар) умумий йиғилишига қаратилган ҳужжат бўлиб, текширув вақтида аниқланган бухгалтерия ҳисоботини юритиш тартибидан четга чиқиш, молиявий ҳисоботдаги тартиббузиш ҳоллари тўғрисидаги батафсил маълумотларни ўз ичига қамраб олган ҳужжатдир.
Аудиторлик хулосаси – аудиторлик ташкилотнинг молиявий ҳисоботнинг тўғрилиги ва бухгалтерия ҳисобини юритишнинг белгиланган қонунчилик талабларига мувофиқлиги тўғрисида ёзма шаклда ифодаланган фикридан иборат бўлган ҳужжатдир.
Афера – қаллоблик, муттаҳамлик, виждонсиз ҳаракат ёки иш.
Аферист – қаллоблик, фирибгарлик қилувчи ва бундан даромад олувчи киши;
товламачи, муттаҳам.
Банкротлик (итал. bancrotto - айнан синган курси) – синиш; фуқаро, корхона, фирма ёки банкнинг маблағ етишмаслигидан ўз мажбуриятлари бўйича қарзларни тўлашга қурби етмаслиги.
Банкротлик – корхонанинг суд томонидан белгиланган молиявий инқирози, яъни кредиторлар томонидан қўйилган талаблар ва бюджет олдидаги мажбуриятларни белгиланган муддатларда қондира олмаслиги.
Барқарор ривожланиш — ҳозирги даврдаги жамият тараққиётининг энг муҳим моделларидан бири бўлиб, унга кўра энг асосий вазифа ривожланишнинг узвийлигини таъминлашдир. Барқарор ривожланиш иқтисодий, экологик, демографик ва бошқа компонентларни ўз ичига олган ҳолда нафақат бугунги авлодларнинг эҳтиёжларини қондириш, балки келажакдаги авлодлар учун эҳтиёжларнинг кафолатланишини ҳам мақсад қилади.
Бозор муҳофазаси – миллий бозорнинг ёки айрим товарлар бозорининг, давлатнинг экспорт-импортини тартибга солувчи тадбирлар воситасида ҳимоя қилиниши. Б.М. четдан товар келтиришни чеклаш, таъқиқлаш ёки бож тўловини ошириш орқали амалга оширилади.
Бойкот (инг. boycott) – норозилик билдириш учун бирон-бир иқтисодий фаолиятни амалга оширишдан бош тортиш. Иқтисодий алоқа қилувчи томонларнинг манфаати ўзаро зид келиб қолганда уларнинг бири бойкот эълон қилади, келишилган шартномани бажариш тўхтатилади. Савдо-сотиқ ишларида бойкот товарларни етказиб туришдан бош тортиш, олдин белгиланган нархдан воз кечиш кўринишларида юз беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |