ҲУҚУҚИЙ ТИЗИМ - бир мамлакат доирасида ҳаракатланувчи объектив ҳуқуқ. Бошқача қилиб айтганда, у ёки бу мамлакат ҳудудида амал қилувчи ҳуқуқий тизим – муайян давлатнинг ҳудудида мавжуд бўлувчи, шу жамият миқёсида ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқдир. Агар дунёда 200 га яқин суверен давлатлар бўлса, демак шунча, яъни уларда амал қилувчи 200 га яқин ҳуқуқий тизим мавжуд. Ҳуқуқий тизимнинг асосий элементларига қуйидагилар киради: 1) ҳуқуқий норма; 2) ҳуқуқ принциплари; 3) ҳуқуқий сиёсат; 4) ҳуқуқий маданият; 5) қонунчилик ва қонунийлик; 6) ҳуқуқий муносабатлар; 7) ҳуқуқий мафкура; 8) юридик техника; 9) ҳуқуқий амалиёт; 10) юридик фан.
ҲОДИСА - ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтирувчи юридик факт турларидан бири. Ҳуқуқ субъектларининг хоҳиш - иродасидан қатъи назар юз берадиган вазиятлар (сув тошиши, ер қимирлаши, туғилиш, ўлим ва ш.к.) ҳодиса ҳисобланади. Ҳодиса инсон хоҳиш - иродасига боғлиқ эмаслиги тўғрисида сўз юритилганида унинг рўй беришига олиб келган сабаблар эмас, балки ҳодисанинг муайян ҳуқуқий муносабатларга таъсир кўрсатиш жараёни назарда тутилади.
ҲОКИМИЯТЛАР БЎЛИНИШИ - давлат назариясининг асосий принципларидан бири бўлиб, унга кўра ягона давлат ҳокимияти мустақил ва бир —бирига бўйсунмайдиган қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинади (улар билан бир қаторда баъзан таъсис этувчи, сайловчи ва назорат ҳокимияти ҳам ажратилади). Ушбу принципнинг вазифаси давлат ҳокимияти тўлалигича бир шахс ёки орган қўлида жамланишига йўл қўймасликдан иборат. Зеро, ҳокимиятнинг тўлиқ бир шахс ёки орган қўлида жамланиши демократияга инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита хавф туғдиради, авторитар тузум ўрнатилишига олиб келади. Ҳокимиятлар бўлиниши принципи биринчи марта 1787 й. АҚШ Конституциясида ўз ифодасини топган. Бу ерда уч ҳокимият нафақат ажратилган, балки “ўзаро мувозанат ва чекловлар тизими” орқали бир — бирини назорат қилади. Ҳокимиятлар бўлиниши тамойили ЎзР Конституциясининг 11 — моддасида конституциявий тузумнинг асосларидан бири сифатида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унга кўра “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқаруъчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади”. Ушбу принцип маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларига нисбатан қўлланилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |