ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБГА СОЛИШ - ижтимоий муносабатларга давлатнинг юридик нормалар (ҳуқуқ нормалари) ёрдамида таъсир кўрсатиш жараёни. Юридик нормаларнинг тегишли гуруҳи билан мустаҳкамлаб қўйиладиган ижтимоий муносабатларнинг муайян шакли ҳуқуқий тартибга солишнинг предметини ташкил этади. Масалан, давлатни бошқариш билан боғлиқ муносабатлар маъмурий ҳуқуқ предмети ҳисобланади. Ҳуқуқий тартибга солишнинг методи деганда, юридик нормаларнинг ижтимоий муносабатларга таъсир кўрсатиш усули тушунилади .
ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБГА СОЛИШ МЕТОДИ- юридик нормаларнинг ижтимоий муносабатларга таъсир этиш усули. Ҳ.т.с.м.лари қуйидаги жиҳатлар билан тавсифланади: а) фақат давлат органлари томонидан қўлланилади; б) юридик нормаларгагина тегишли бўлади; в) уларнинг таъсирчанлигини давлат мажбурлаш йўли билан таъминлайди. Императив ва диспозитив ҳуқуқий тартибга солиш методлари фарқланади. Императив метод ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинган ижтимоий муносабатлар иштирокчисига ҳокимият органи томонидан мажбурий таъсир кўрсатиш усулидир. Бунга маъмурий ҳуқуқ ёки жиноят ҳуқуқи мисол бўлиши мумкин. Диспозитив метод - тенг ҳуқуқли тарафлар ҳисобланган иштирокчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш усули. У тарафларга ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинган ўз муносабатлари шакли тўғрисидаги масалани ҳал қилиш имкониятини беради. Ушбу метод тартибга солишнинг қуйидаги уч усулини ўз ичига олади: а) ҳуқуқий кўринишдаги муайян ҳаракатларни бажаришга ижозат бериш; б) ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинган ижтимоий муносабатларнинг иштирокчиларига муайян ҳуқуқлар бериш; в) муайян муносабатларда иштирок этаётган шахсларга ўз хулқ-атвор тарзини танлаш имкониятини бериш.
ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБОТ - ҳуқуқнинг барча субъектлари ҳуқуқий нормалар кўрсатмаларига аниқ ва тўлиқ риоя қилиши натижасида вужудга келадиган ижтимоий муносабатлар тизими, жамоат тартибининг таркибий қисми. Ҳ.т. мазмунини субъектларнинг ҳуқуқий хулқ - атвори ташкил этади. Ҳуқуқ билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларнинг муайян ҳолати сифатида ҳ.т. ҳуқуқий қоидаларга риоя қилиниши, субъектив ҳуқуқларнинг таъминланиши ва рўёбга чиқарилиши, барча фуқаролар, органлар ва ташкилотларнинг ўз юридик бурчларини бажариши даражаси билан тавсифланади. Ҳ.т нинг шаклланишида ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмининг барча таркибий қисмлари иштирок этади.