ЎЗ-ЎЗИГА ИШОНИШ - эҳтиётсизликнинг тури бўлиб, агар жиноятни содир этган шахс, ўз хулқ атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи ета туриб, эҳтиёткорлик чора-тадбирларига онгли равишда риоя этмаган ҳолда бундай оқибатлар келиб чиқмаслигига асоссиз равишда умид қилган бўлса, бундай жиноят ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилган деб топилади.
ҲУҚУҚ АНАЛОГИЯСИ (ўхшашлиги) - юнонча “analogia” сўзидан олинган бўлиб, маъносига кўра “мувофиқлик”, “ўхшашлик” сўзларига яқин, - ҳуқуқда ўхшаш нормаларнинг йўқ бўлса, бу ҳолда ҳуқуқнинг тегишли ҳуқуқ тармоғи ва ҳуқуқ институтини ҳуқуқий тартибга солишнинг умумий асослари ва умумий принциплари қўлланилади.
ҲУҚУҚ ИЖОДКОРЛИГИ - бу ваколатли давлат органларининг норматив-ҳуқуқий актларини яратиш, уларга ўзгартириш киритиш ёки уларни бекор қилишга қаратилган фаолиятидир.
ҲУҚУҚ ИНСТИТУТИ - бу ўзаро ўхшаш бўлган ижтимоий муносабатларнинг муайян тури ёки томонларини тартибга солувчи ҳуқуқ нормаларининг йиғиндисидир.
ҲУҚУҚ ЛАЁҚАТИ - жисмоний шахс (фуқаро) ёки юридик шахснинг қонунда назарда тутилган ва йўл қўйилган ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда мажбуриятларни бажариш лаёқати (давлат томонидан эътироф этилади).
Ҳуқуқ лаёқати киши туғилганидан бошлаб, юридик шахсда эса унинг Низоми тасдиқланган пайтдан вужудга келади.
ҲУҚУҚ НОРМАЛАРИ - давлат томонидан ўрнатиладиган ва маъқулланадиган, муайян шаклда ифодаланадиган, ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган умуммажбурий ҳулқ-атвор қоидалари. Ҳ.н. уларда мустаҳкамланган қоидаларнинг характерига қараб ҳуқуқ ва ваколат берувчи, мажбурият юкловчи ва таъқиқловчи (ман қилувчи) нормаларга ажратилади. 1) Ҳуқуқ субъектига муайян ҳаракатларни содир этиш мумкинлигини кўрсатувчи ҳ.н. ҳуқуқ ва ваколат берувчи нормалар дейилади. Масалан, Ўз.Р Конституциясининг 29-моддасига биноан, “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга…” 2) Ҳуқуқ субъектига муайян ҳаракатларни содир этиш лозимлигини (шартлигини) кўрсатувчи ҳ.н. мажбурият юкловчи нормалар дейилади. Масалан, Ўз.Р Конституциясининг 51-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар” дейилган ва бу қоида мажбурият юклаш характерига эга. 3) Ҳуқуқ субъектига муайян хатти-ҳаракатларни содир этишни ман қилувчи нормалар таъқиқловчи нормалар деб аталади. Масалан, Ўз.Р Конституциясининг 58-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган “…Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, шунингдек жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди” деган қоида таъқиқловчи норма ҳисобланади. Булардан ташқари, ҳ.н. бошқа бир қатор мезонлар асосида ҳам таснифланади. Жумладан, ҳ.н. ўзида хатти-ҳаракатни шакллантиришнинг мавҳумлигига қараб абстракт (мавҳум) ва казуистик нормаларга, гипотезада мустаҳкамланган ҳолатнинг фактик жиҳатлари аниқ ёки нисбий эканлигига қараб аниқ ва нисбий аниқ нормаларга, гипотезанинг ҳажмига қараб оддий, мураккаб ва альтернатив нормаларга, диспозициянинг аниқлигига қараб мутлақ аниқ, нисбатан аниқ ва бланкет нормаларга, ҳуқуқий тартибга солиш усулига кўра императив ва диспозитив нормаларга, субъектларига қараб умумий ва махсус нормаларга, ҳаракатланиш ҳудудига қараб умумий ҳаракат қилувчи ва маҳаллий миқёсда ҳаракат қилувчи нормаларга бўлинади. Шунингдек, ҳуқуқни қўриқловчи нормалар санкцияларнинг аниқлигига қараб мутлақ аниқ ва нисбатан аниқ нормаларга ҳам бўлинади. Ҳуқуқ соҳаларида эса ҳуқуқ нормаси халқаро, конституциявий, маъмурий-ҳуқуқий, фуқаровий-ҳуқуқий, жиноий-ҳуқуқий ва б. турларга ажратилади. Ҳуқуқ нормаларининг ички таркиби мантиқан қуйидагилардан иборат: гипотеза - ҳуқуқ нормаларининг қўлланиш шарти; диспозиция - юриш-туриш, хулқ-атвор қоидалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ифодаси; санкция - ҳаракатнинг давлат - ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳоланиши, қонун бузилиши натижасида давлат томонидан қўлланиладиган ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга мажбур этувчи чора.
Do'stlaringiz bilan baham: |