ЮРИДИК ФАКТЛАР - ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтирувчи, ўзгартирувчи ва бекор қилувчи ҳолатлар. Оқибатларининг хусусиятига кўра, ҳуқуқни вужудга келтирувчи, ҳуқуққа барҳам берувчи ва ҳуқуқни ўзгартирувчи фактлар фарқланади. Ирода белгисига кўра, юридик фактлар икки гуруҳга - ҳодисалар ва ҳаракатларга (ҳаракатсизликларга) бўлинади. Ҳуқуқ субъектларининг хоҳиш - иродасидан қатъи назар юз берадиган вазиятлар ҳодиса ҳисобланади. Масалан, табиий офатлар - ёнғинлар, сув тошиши, ер қимирлаши ва ҳ.к. Ушбу табиий офатлар натижасида, одамлар ҳалок бўлиши мумкин, уларнинг мол -мулкига зиён етади, бинобарин, зарарни қоплаш, мол -мулкни мерос қолдириш, суғурта пули тўлаш ва ҳоказолар билан боғлиқ тегишли ҳукуқий муносабатлар юзага келади. Ушбу ҳодисалар ўз ҳолича юридик аҳамиятга молик эмас ва ўз - ўзидан ҳеч қандай ҳолатларни вужудга келтирмайди, аммо бунга сабаб бўлиб хизмат қилади. Ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) - кишилар хоҳиш - иродасига боғлиқ бўлган, уларнинг ўзи содир қиладиган ёки қилишдан тийиладиган фактлардир. Ҳаракатлар, ўз навбатида, қонуний (ишга ёки олий ўқув юртига ўқишга кириш, никоҳни рўйхатдан ўтказиш) ва ноқонуний (ҳуқуқбузарликларнинг барча турлари) бўлади.
ЮРИДИК ШАХС - фуқаролик ҳуқуқи субъекти, фуқаролик - ҳуқуқий муносабатларининг иштирокчиси. Ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол -мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга оширадиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган давлат ва жамоат ташкилотлари юридик шахс ҳисобланади (Ўзбекистон Республикаси ФК 39 - моддасининг биринчи қисми).
ЮРИСДИКЦИЯ (лот. jurisdictio - суд процесси, jus - ҳуқуқ ва dico - гапираман) - тегишли давлат органларининг қонун (ёки бошқа норматив ҳужжат) билан белгиланган ҳуқуқий низоларни ҳамда қонунни бузиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилиш, яъни шахс ёки бошқа ҳуқуқ субъекти хатти-ҳаракатларини қонунийлиги нуқтаи назаридан баҳолаш, қонунни бузувчиларга юридик чораларни қўллаш ваколатлари мажмуи. Юрисдикция ҳал этилаётган ишларнинг тури ва характери (жиноят ва ножўя иш, мулкий низолар ва бошқалар), ҳудудий мансублиги, ишда қатнашган шахсларга кўра фарқланади. Юқорида айтиб ўтилган ваколатлар жорий этиладиган муносабатлар ҳам юрисдикция сифатида тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |