ТЕМУРИЙЛАР ДАВЛАТИ - Амир Темур (1336-1405) асос солган марказлашган давлат. Темурийлар давлати деганда буюк давлат арбоби ва буюк саркарда Амир Темур сулоласи ҳукмронлик қилган тариxий даврни ва унинг тасарруфида бўлган минтақаларни тасаввур этамиз. Темурийлар давлати замон ва макон чегараларини белгилаб олиш муҳим методологик аҳамиятга моликдир. Умуман олганда, Темурийлар давлати салкам 500 йил Амир Темур ва унинг ворислари томонидан бошқарилиб, асосан, икки тариxий босқични ўз ичига олади. Унинг биринчи босқичи Амир Темур Мовароуннаҳр ҳудудини бирлаштириб, Самарқанд таxтига ўтирган 1370 йилдан бошланиб, 1507 йилда Шайбонийxон томонидан Ҳиротнинг эгалланишини қамраб олади. Иккинчи босқичи эса, Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳнинг чевараси Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1508 йил Афғонистонда мустақил давлат тузиб, у ердан 1526 йилда Шимолий Ҳиндистонда Бобурийлар империясига асос солгандан бошлаб, Баҳодиршоҳ II нинг 1858 йилда инглиз мустамлакачилари томонидан қатл этилишига қадар бўлган даврни ўз ичига олади. Темур давлатининг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маьнавий-маьрифий энг ривожланган даври биринчи босқичда—Амир Темур ҳукмронлиги йилларига, иккинчи босқичда эса Бобурнинг невараси Акбаршоҳ ҳукмронлиги даврига тўғри келади.
Амир Темур тузган улкан давлат қудратини, унинг иқтисодий ва маьнавий салоҳиятини ўша давр Оврупо мамлакатлари орасида энг қудратли ва обрўли ҳисобланган Испания ва Франция ҳукмдорлари тан олиб, элчилар юборганлар, яқин иқтисодий, савдо ва маданий алоқалар ўрнатишга тайёр эканликларини билдирганлар. Темурийлар давлати xалқимизнинг мўғул босқинидан тўла озод бўлган, мустақил давлатчилигини тиклаган, ижтимоий, иқтисодий, маданий жиҳатдан тараққий этган давридир. Бу даврда мамлакатимизда, айниқса, Самарқанд, Буxоро, Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Амир Темур ва унинг набираси Улуғбек замонида бу борадаги фаолият ўзининг юксак чўққисига кўтарилди. Шаҳар ва қишлоқлар қайта қурилди, йўллар, кўприклар, боғ-роғлар барпо қилинди, қишлоқ xўжалиги, ҳунармандчилик ривожланди. Ватанимиз фани, маданияти, адабиёт ва саньати янада юксалди, атоқли олимлар, шоирлар етишиб чиқдилар. Улуғбек ва Навоий, Жомий ва Бобур, Хондамир ва Беҳзод каби юзлаб атоқли кишилар ана шу даврнинг мевасидирлар. Собиқ иттифоқда бу давр нотўғри талқин қилинди, унинг тариxимиздаги ўрни, xалқимиз ўтмиши, маьнавий юксалиши учун аҳамияти тўғри акс эттирилмади. Темур вафотидан кейин улкан давлат уюшмаси парчаланиб кета бошлади. Иккинчи босқичда Темурийлар давлати (Акбаршоҳ даврида) Шимолий Ҳиндистонда деярли бутун ярим орол ҳудудига эгалик қила бошлади. Салкам 50 йил подшоҳлик қилган Акбаршоҳ давлат тизимини мустаҳкамлади, иқтисодий ва сиёсий барқарорлик ўрнатишга муваффақ бўлди, «келгинди» ҳукмдорлар билан ҳинд зодагонлари ўрталарида муроса келишув ўрнатилди, энг обрўли ҳинд маликаларидан бирига уйланган Акбаршоҳ истиқбол мақсадларини кўзлаб маҳаллий аҳоли мақсад-манфаатларини ҳам баробар инобатга олиб рўёбга чиқариш сиёсатини кенг қўллади. Натижада, Ҳиндистон феодал тарқоқлик балосидан асосан қутулиб, Акбаршоҳ тузган марказлашган давлат доирасида равнақ топа бошлади. Буюк ҳинд давлат ва жамоат арбоблари (М. Ганди, Ж. Неру) Бобурийлар давлати, xусусан Акбаршоҳ фаолиятига жуда юқори ижобий баҳо берганлар. Акбаршоҳ давридаёқ Ҳиндистон иқтисодиётига кириб ўрнаша бошлаган инглизлар унинг вафотидан кейин аста-секин сиёсий ҳукмронликни ҳам ўз қўлларига ола бошладилар ва ҳарбий куч-қудратларини ишга солиб, жамият парокандалигидан фойдаланиб, 1858 йилда шаклан амал қилаётган Баҳодиршоҳ II ҳокимиятини ағдариб, тўла ҳукмдорликни ўрнатдилар ва Ҳиндистон расман Буюк Британия мустамлакасига айлантирилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |