2. Дециметрли бўлаклардаги хатоликни аниқлаш. Текшириш рейканинг қора томонида 01-29, қизил томонида 47-76 оралиқда Женева чизғичи ёрдамида бажарилади. Текширишни бошлашдан олдин дециметрли бўлакларнинг четлари ўткир қалам билан металл чизғич ёрдамида белгилаб олинади. Женева чизғичининг чап учидаги лупадан қаралиб, чизғичнинг ноль штрихи рейкадаги биринчи дециметр бошланиши билан туташтирилади. Кейин ўнг томондаги лупа чизғич бўйича сурилиб дециметрли бўлаклар четига келтирилади ва саноқлар олинади. Ўлчаш ҳар метрли оралиқда икки марта бажарилади. Иккинчи марта ўлчашдан олдин Женева чизғичи бир оз силжитилади. РН-3 рейкаларида дециметрли бўлаклар хатолиги: III класс нивелирлаш учун 0,4мм, IV класс нивелирлаш учун 0,6мм ва техник нивелирлаш учун 1,0мм дан ошмаслиги керак. Рейкадаги дециметрли бўлакларни текшириш билан биргаликда қора томондаги нолнинг рейка учидаги металл қоплама (товон) четига тўғри келиши ҳам текширилади. Техник нивелирлашда қўлланиладиган рейкаларда нолнинг товон четига тўғри келмаслик хатоси 1,0мм дан ортиқ бўлмаслиги керак.
РН-3 рейкаларидан саноқ миллиметр аниқлигида олинади. 62 - шаклда Н 3, Н 3К нивелирларидан кузатилаётган рейкаларнинг кўриш майдонидаги тасвири ва уларга мос саноқлар келтирилган. Нивелирларда тескари тасвир берувчи кўриш трубалари ўрнатилаганлиги учун рейкадаги бўлаклар қиймати тепадан пастга қараб ортиб боради. Нивелирлашда иплар турининг вертикал ипи рейканинг ўқи бўйича жойлаштирилади ва цилиндрик адилак пуфакчаси ярим паллаларининг тасвири туташтирилади (Н 3 нивелирида) ёки доиравий адилак пуфакчаси ўртага келтирилади (Н 3К нивелирида).