1. Геодезик ўлчашлар ва уларнинг аниқлиги.
Геодезик ҳисоблашлар асослари
1.1. Геодезик ўлчашлар ва уларнинг аниқлиги
Геодезия илм ва амалиётидаги асосий масалаларнинг ҳал этилиши ер сиртида ёки план - картографик маҳсулотлар устида ўлчашларни бажариш ҳамда турли геометрик шаклларни тузиш билан боғлиқдир. Ўлчашда алоҳида физик қийматлар (чизиқ кесими, чизиқ йўналишлари орасидаги бурчак ва бошқ.) нинг ўлчамлари аниқланади ва улар қабул қилинган бирликда айрим сонлар кўринишида ифодаланган бўлиб, ўлчаш натижаси деб айтилади. Шунингдек, геодезик ўлчаш деб, техник воситалар ёрдамида берилган физик ўлчамнинг қийматини аниқлаш жараёнига айтилади.
Оддий ўлчаш – бу ўлчанадиган қийматни ўлчов бирлиги деб қабул қилинган бошқа унга бир турли ўлчам билан бевосита таққослаш орқали бажариладиган тўғридан-тўғри ўлчаш ҳисобланади (масалан, жойда масофани лента ёки рулетка ёрдамида ўлчаш; чизиқ узунлигини планда чизғичнинг миллиметрли шкаласи бўйича ўлчаш; транспортир орқали картада чизилган йўналишлар орасидаги бурчакни ўлчаш ва ҳ.к.)
Аммо, бевосита ўлчашларни бажариш ҳамма вақт мумкин эмас ва мақсадга мувофиқ эмас, шунинг учун айрим геодезик масалаларни ечишда воситали ўлчашлар қўлланилади. Улар аниқланадиган ўлчам ва бевосита ўлчашларга йўналтириладиган бошқа ўлчамлар орасидаги маълум боғланишларни қўллашга асосланган (масалан, жойда масофани электромагнит ёки оптик дальномерлар ёрдамида ўлчаш; нуқталар орасидаги нисбий баландликларни аниқлаш ва бошқ.).
Ўлчаш жараёни қуйидаги зарурий элементларни ўз ичига олади:
- объект - унинг хоссалари(масалан, ўлчами) ўлчаш натижаси орқали тавсифланади;
- натижани берилган ўлчаш бирлигида ҳосил қилишга имкон берувчи техник восита;
- ўлчаш услуби – назарий томондан асосланган амалий ишлар мажмуаси ва техник воситаларнинг қўллаш усуллари;
- ўлчаш бажарувчиси ёки натижани қабул қиладиган, қайд этувчи мослама;
- ўлчаш жараёни содир бўладиган ташқи муҳит .
Ушбу элементлар мажмуаси ўзаро алоқада бўлиб, ўлчаш шароитини ташкил қилади ва ўз навбатида якуний натижа ҳамда унинг аниқлигини бевосита тавсифлайди.
Ҳар қандай ўлчаш жараёни, қандай шароитда амалга оширилмасин, хатолар билан ҳамроҳ бўлади, яъни ўлчанадиган миқдорнинг ҳақиқий қийматидан ўлчаш натижасидаги хатолар билан фарқ қилади.
Умуман олганда, хатолар ўлчаш шароитини белгиланган техник воситалар ва ўлчаш услубларининг тўлиқ такомиллаштирилмаганлиги, ташқи муҳит ва объектнинг миқдорий хоссаларининг ўзгариб туриши, бажарувчининг шахсий хусусиятлари ва бошқа омиллар ҳисобига содир бўлади.
Агар бир нечта ўлчашлар бир хил шароитда бажарилган бўлса, унда улар натижаси тенг аниқлик деб айтилади.
Агар шароит мажмуасини ташкил этадиган элементлардан лоақал биттаси ўзгарса, унда ўлчаш натижалари тенг аниқсиз ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |