Ҳужайра ичидаги ОҲҚ-бу фагоцитоз ва пиноцитоз йўли билан ҳужайра ичига кирган озиқа моддаларнинг гидролизидир. Моддаларнинг гидролизи цитозольда лизосома ферментлари таъсирида ёки мембранасига ферментлар ёпишиб олган вакуолаларда содир бўлади. Одам организмида ҳужайра ичидаги ОҲҚ лейкоцитларга, лимфоид, ретикуляр ва гистоцитар ҳужайраларга хос.
Дистант ОҲҚда ширалар таркибидаги ферментлар меъда-ичак йўлларида, хосил бўлган жойидан анча узоқда овқат таркибидаги моддаларга таъсир этади. Масалан, сўлак ферментлари оғиз бўшлиғи ва меъдада, меъда ости шираси ферментлари ингичка ичак бўшлиғида фаолият кўрсатади.
Контакт ОҲҚ ҳужайра мембранасига ёпишиб олган ферментлар томонидан бажарилади ва шундан сўнг гидролиз махсулотлари қонга ва лимфага ўтади.
ОҲҚнинг асосий этаплари ҳазм безлари ажратган ширалар таркибидаги ферментлар томонидан бажарилади, яъни ҳазм аъзоларининг секретор функцияси билан таъминланади. Ҳазм безлари гидролазалардан ташқари ҳазм йўлларидаги рН ни оптимал даражада сақловчи ва оқсилларни денатурация қилувчи моддалар ҳам ишлаб чиқаради.
Ҳазм аъзоларининг яна бир функцияси харакат ёки мотор функцияси. Бу функция аъзолар деворидаги мушак толалари томонидан бажарилади ва чайнаш, ютиш, озиқа моддаларининг ҳазм ширалари билан аралашуви , уларнинг бир бўлимдан иккинчисига ўтиши ва организмдан ҳазм бўлмаган озиқа қолдиқларининг чиқарилишини таъминлайди. Харакат функцияси ҳазм аъзоларининг бўшлиғига шираларнинг чиқарилишида (чиқарув йўллари сфинктерларининг очилиши, ёпилиши, ўт пуфагининг қисқариши), шиллиқ парда бурмаларининг шаклланишида, ичак ворсинкаларининг қисқаришида муҳим рол ўйнайди.
Ҳазм тизимининг учинчи функцияси – меъда ва ичаклар бўшлиғидан гидролиз махсулотлари, ширалар, сув, тузлар ва витаминларнинг сўрилишидир.
ОҲҚ аъзолари ҳазм билан боғлиқ бўлмаган функцияларни ҳам бажаради. Улар алмашинув махсулотлари (сийдикчил, ўт пигментлари) ҳамда экзоген моддаларни организмдан чиқариб, гомеостазни таъминлашда иштирок этади. Бу функция экскретор функция дейилади. Ҳазм аъзоларидаги эндокрин ҳужайралар (тарқоқ эндокрин тизим) ишлаб чиқарган гормонлар организмда модда алмашинувини бошқаришда иштирок этади. Ҳазм йўлларидаги симбионт (бактерия) лар физиологик фаол моддалар синтезлаб, организм иммун хусусиятлари шаклланишида иштирок этади.
ОҲҚ тизими фаолияти асаб ва гуморал механизмлар орқали бошқарилади. Асаб бошқарилиш овқат маркази томонидан шатрли ва шартсиз рефлекслар орқали амалга оширилади. Бу рефлексларнинг эфферент йўллари симпатик ва парасимпатик толалардан иборат. Рефлекс ёйлари баъзида вегетатив асаб тизимининг интрамурал ва экстрамурал (аъзодан ташқари) тугунларида бирлашади.
Овқат ейилганда оғиз рецепторларини таъсирлаб, уларнинг шартсиз рефлектор секрециясига сабаб бўлади. Овқатнинг кўриниши, хиди, овқатланиш вақти ва жойи ҳазм безларини шартли рефлектор қўзғатади. Рефлектор таъсирлар сўлак безларига энг кучли, меъда безларига камроқ ва меъда ости безига энг кам. Рефлектор механизмлар моҳияти пасайиши билан гуморал механизмлар, айниқса меъда, ўн икки бармоқ ичак, меъда ости бези ва ингичка ичак шиллиқ пардасидаги махсус эндокрин ҳужайраларда хосил бўладиган гормонлар моҳияти ошади. Бу гормонлар гастроинтестинал гормонлар дейилади. Ингичка ва йуғон ичакларда маҳаллий механик ва кимёвий таъсирланиш моҳияти мухимдир. Бир аъзонинг фаолиятини бир неча механизмлар бошқариши ҳам мумкин. Масалан, меъда шираси секрециясини рефлекслар, гастроинтестинал гормонлар ва маҳаллий нейрогуморал механизмлар бошқаради.
Маҳаллий механик ва кимёвий таъсирланишлар рефлекслар ва гастроинтестинал гормонлар орқали ҳазм секрциясини ўзгартириши мумкин. Ҳазм аъзоларидаги нерв учларини Н+ ва (ОН)– ионлари ҳамда озиқа моддаларининг гидролиз махсулотлари қўзғата олади. Бу махсулотлар (масалан, гистамин ва серотонин) қонга ўтиб, қон оқими билан ҳазм безларига келади ва уларни бевосита қўзғатади.
ОҲҚ аъзоларининг гуморал бошқарилишида айниқса гастроинтенстинал гормонлар моҳияти катта. Уларнинг баъзилари тоза ҳолда ажратиб олинган, баъзиларининг аналоглари синтезланган. Бу гормонлар тиббиёт амалиетида кенг ишлатилади. Гастрин меъда секрециясини кучайтиради, холецистокинин-панкреозимин меъда ости безида ферментлар секрециясини, ўт пуфаги қисқариши ва ўт чиқарилишини кучайтиради, мотилин меъда ва ингичка ичак харакатларини кучайтиради, вилликинин ингичка ичак ворсинкалари қисқаришини кучайтиради в. ҳ. Гастроинтенстинал гормонлар организмда модда алмашинувига, ферментлар ва электролитлар секрецияси: сув, электролитлар ва озиқа моддаларининг сўрилиши, баъзи эндокрин безлар ва хатто юрак-томир тизими фаолиятига таъсир қилади. Бу гормонлар пептид табиатли бўлиб, тегишли ҳужайралардан бир неча омиллар таъсири остида ажратилади.
Баъзи гастроинтестинал пептид-гормонлар (гастрин, холецистокинин-панкреозимин, энкефалин в. б.) мия турли структураларида ҳам топилган ва бу ҳолат эндокрин ҳужайраларнинг нейроэктодермадан ривожланиши билан тушунтирилади.
И.П.Павлов эфферент нервлар ва гормонларнинг ОҲҚ аъзоларига таъсири 3 типга бўлади: функционал, томир харакатлантрувчи ва трофик. Биринчиси ҳужайра, аъзо ёки тизим функционал фаоллигини ўзгартиришдан иборат. Иккинчи тип – уларнинг қон билан таъминланишини ўзгартириб, уни аъзо функционал фаоллиги даражаси билан мослаштиришдир. Учинчи тип – таъсиротлар ҳазм аъзолари трофикаси, уларда ҳазм ширалари синтези ва ҳатто секретор ҳужайралар сонини ўзгартиради.
И.П.Павлов ҳазм безлари секрецияси фазалари ҳақидаги таълимотни асослади. Ҳазм безлари секрецияси ўзгариши механизми бўйича икки фаза ажратилади: мураккаб рефлектор ва асаб-кимёвий. Биринчиси шартли ва шартсиз рефлекслар орқали, иккинчиси — нейрогуморал механизмлар орқали амалга оширилади. Секреция “мия” фазасидан бошланади ва шартли (овқат кўриниши, хиди в. б.) ҳамда шартсиз (оғиз бўшлиғи, халқум, қизил ўнгач рецепторлари таъсирланиши) рефлекслар орқали содир бўлади.
Меъда таъсирланиши туфайли секреция қўзғалишига меъда фазаси, ичакда таъсирланиш ва интестинал гормонлар туфайли содир бўладиган серецияга ичак фазаси дейилади. ОҲҚ ҳозирги замон физиологияси асослари И.П.Павлов ва унинг шогирдлари томонидан яратилган. И.П.Павловгача ОҲҚ аъзолари функциялари ўткир тажрибаларда ўрганилган. Бу тажрибаларда организм фаолияти бузилган бўлади. 1842 йилда Москвалик хирург В.А.Басов “меъда сунъий йўли“ни яратишни таклиф этди . ОҲҚ аъзолари функцияларини сурункали тажрибаларда ўрганиш услубини И. П. Павлов такомиллаштирди. Жаррохлик ҳамма қонун-қоидаларига асосланган ҳолда фистула қўйиш операцияси ҳайвонда ўтказилади ва ҳайвон бутунлай тузалиб кетганидан кейин, яъни жарохат битиб, аъзолар фаолияти асл ҳолига қайтгандан сўнг тажрибаларни бошлайдилар.
Тоза ҳолдаги меъда ширасини меъдасига фистула (найча) куйилган ва эзофаготомия қилинган, яъни “ёлғондан овқатлантириш” операцияси ўтказилган хайвондан олинади. И.П.Павлов катта эгилма томонидан ажратиб олинган майда ошқозонча ясаш операциясини ишлаб чиқди. Бу майда ошқозонча меъданинг асосий қисми билан сероз-мушак кўприкча билан туташган бўлиб, кўприкчадан қон томирлари ва нервлар майда ошқозончага ўтади. И.П.Павлов умумий ўт йўлини тери жарохатига чиқариш операциясини таклиф қилди.
Ичак секрециясини текшириш ингичка ичакнинг ажратиб олинган бўлагида ўтказилади, бу булакнинг бир ёки икки учи тери жарохатига чиқарилади. Меъда ва ичак харакат фаолиятини ўрганишда ҳам меъда ва ичагига фистула қўйилган ҳайвонлардан фойдаланадилар.
Сўрилиш жараёнларини қонни олиб текшириш орқали ўрганадилар. Бунинг учун томир деворига най киритилиб, унинг иккинчи учи ташқарига чиқарилади. Най орқали томирга игна киритиб, сурункали тажриба вақтида қон олинади (Е.С.Лондоннинг ангиостомик услуби). Полимер катетерлар ва антикогаулянтлар ишлатиб, бу услубдан узоқ вақт фойдаланиш мумкин. Шу усул билан лимфани ҳам олиш мумкин. Рентген ва рентгенкинематография усулидан ҳам кенг фойдаланадилар.
Одам ОҲҚ тизими фаолиятини ўрганиш махсус, бир мунча бошкачароқ усуллар орқали амалга оширилади. Чайнаш жараёнини пастки жағ ҳаракатларини ёзиб олиш (мастикациография) ва чайнов мушакларининг электромиографияси билан текширадилар. Лешли-Красногорский капсуласи ёрдамида қулоқ олди, жаг ости ва тил ости сўлак безларининг хар биридан алоҳида сўлак йиғиб олиш мумкин.
Қорин бўшлиғидаги ҳазм аъзолари секретор фаолиятини ўрганиш учун зонддан фойдаланадилар. Зонд оғиз орқали ютилиши ёки бурун орқали киритилиши мумкин. Зонднинг меъда, ўн икки бармоқ ичак ёки ундан пастроққа тушириладиган учида рН, овқат бўтқасининг меъдадан ичакка ўтиши в. б. тўғрисида маълумот берувчи датчиклар бор.
Радиоэлектроника ривожланиши билан радиотелеметрия услуби тадбиқ этилди. Бунда одам жуда кичкина – миниатюр радиопередатчик-радиопилюляни ютади. Пилюля электромагнит тўлқинлари генератори, аккумулятор ёки қуруқ элемент ва датчикдан иборат. ОҲҚ йўлларидаги кўрсаткичлар таъсири остида радиопилюля тебраниш частоталари ўзгаради. Ўзгаришлар антенна ва қайд қилувчи мосламали радиоприемник томонидан қабул қилинади. Бу усул орқали меъда ва ичаклар секретор ва ҳаракат функциялари, овқат моддалари гидролизи в. б. тўғрисида маълумот олинади.
Электрогастромиография усули билан қорин териси ва оеқлардан потенциалларни ёзиб олиб, меъда харакат функцияси текширилади. Хозирги вақтда ингичка ичак ва ўт пуфаги фаолиятини қайд қилиш ҳам мумкин.
Бу мақсадларда рентгеноскопия, рентгенография, рентгенокине- мотографиядан ҳам кенг фойдаланилади.
Эндоскопия усуллари меъда ва ичак бошланғич қисми шиллиқ пардасини кўриш, расмини олиш, чиқарув йўллари тешикларини текшириш ва биопсия учун шиллиқ парда бўлакчасини олиш имконини беради. Оқсил ва ёғ гидролизини ва сўрилишини белгиланган (изотоплар билан) оқсиллар-казеин, альбумин, ёғ ёрдамида текширилади, уларни бемор оғиз орқали қабул қилади. Бошқа усуллар махсус курсларда баён этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |