Турли шароитларда нафаснинг хусусиятлари
Жисмоний иш бажарилганда мушакларга жуда кўп О2 керак. Одам тинч ҳолатда ҳар бир минутда ўртача 300 мл О2 истеъмол этади. Тез юрганда бу кўрсаткич 2,5 л гача, жуда оғир жисмоний иш бажарганда 4 л гача ошади. Шу билан бир вақтда тўқималарда СО2 ва бошқа нордон моддалар ҳосил бўлиши кучаяди. Организмнинг кислородга талабини қондириш нафас ва қон айланиши кучайиши орқали амалга оширилади.
Ўпкалар вентиляцияси энергия сарфига муттаносиб ошиб боради, у 10-20 марта ошиб, 1 минутда 120-150 л га етиши мумкин.
Жисмоний иш вақтида ўпка вентиляциясини бошқариш механизми анча мураккаб. Ишнинг бошланғич вақтида, қоннинг газ таркиби хали ўзгармаганда ўпка вентиляцияси катта ячримшарлар пўстлоғи ва мушаклардаги проприорецепторлардан келган импульслар таъсири остида ўзгаради. Кейинчалик нафас бошқарилишида артериал ва марказий хеморецепторлар ҳам иштирок эта бошлайди. Иш тугаши билан ўпка вентиляцияси пасаяди, аммо тинч ҳолатдагидай бўлмайди, чунки ишлаган мушакларда йиғилган сут кислотаси хали таъсир қилиб туради.
Одам баландликка кўтарилганда (альпинистлар, парашютистлар, кабина герметизацияси бузилаганда учувчилар) атмосфера босими пасайган шароитга тушиб қолади. Одатда денгиз сатхидан 1,5-2 км баландга кўтарилганда организмнинг О2 билан таъминланиши деярли ўзгармайди. Бундан баландроқда О2 нинг парциал босими пасайиши туфайли гипоксия содир бўлади. 2,5-5 км баландликда хеморецепторлар таъсирланиши натижасида ўпка вентиляцияси кучаяди. Бундан ташқари юрак қисқаришлари тезлашиб, артериал босим ошади. Баландликда ўпка вентиляциясининг кучайиши нафасга салбий таъсир қилиши ҳам мумкин, чунки организмдан СО2 чиқарилиши кучайиб, гипокапнияга олиб келади, бу эса хеморецепторлар таъсирланишини пасайтириб, ўпка вентиляцияси ошишини чеклаб қўяди.
Атмосфера босимининг бундан кейинги пасайишида 4-5 км баландликда баландлик (тоғ) касаллиги ривожланади: ҳолсизлик, кучсизланиш, лабларнинг кўкариши, юрак қисқаришларининг сийраклашуви, қон босимининг пасайиши, бош оғриғи, нафас чуқурлигининг пасайиши кузатилади. 7 кмдан ортиқроқ баландликда эсдан кетиш, нафас ва қон айланишининг ҳаёт учун хавфли ўзгариши мумкин. Гипоксиянинг тез ривожланиши айниқса хавфлидир, хеч нимани сезмасдан эсдан кетиш мумкин. Тоза О2 билан нафас олиш 11-12 км баландликда ҳам нормал иш қобилиятини сақлаб қолиш имкониятини яратади. Махсус барокамераларда машқ қилиш жуда муҳимдир.
Тоғлик худудларда, паст атмосфера босими шароитида узоқ яшаш О2 танқислигига мосланиш (адаптация) га олиб келади, бу мосланиш қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади:
1) эритропоэз кучайиши туфайли қонда эритроцитлар сони ошади,
2) қонда гемоглабин миқдори ошиши оқибатида қоннинг кислород сиғими ошади,
3) ўпка вентиляцияси кучаяди,
4) тўқима капиллярларида оксигемоглобин диссоциацияси тезлашади,
5) тўқималарда капиллярлар зичлиги ошади, узунлиги ва эгилмалари кўпаяди,
6) ҳужайралар, айниқса, асаб ҳужайраларининг гипоксияга чидамлилиги ошади.
Баландлик касаллигида (баъзан ухлаганда ва вақтидан олдин туғилган болаларда) Чейн-Стокс номи билан аталган нафас содир бўлиши мумкин - нафас частотаси даврий ўзгаради ёки нафас чуқурлиги даврий ошиб ва пасайиб туради (тўлқинсимон нафас). Нафас ҳаракатларининг гуруҳлари бир-бировидан 5-20 с га ажралиб туради.
Одам гаввослик ва кессон ишларини бажараётган вақтда юксалган атмосфера босими таъсирида бўлади. Сув остига тушаётганда ҳар 10 м ўтиши билан босим 1 атмосферага ошади. Бундан келиб чиқадики, 90 м чуқурликда одам танасига 10 атм. га яқин босим таъсир этади. Бундай шароитда қонда эриган газлар, жумладан кислород ва азот, миқдори ошиб кетади. Кислород парциал босимининг ошиб кетиши “кислороддан заҳарланиш“ ва мушакларнинг кучли қисқариши туфайли қотиб қолиши- “томир тортишига“ олиб келади. Шунинг учун одам чуқурликда чекланган вақт бўлиши мумкин. Катта чуқурликларга тушганда гелий-кислород аралашмасидан фойдаланадилар, чунки гелий қонда деярли эримайди.
Чуқурликда бажарилган ишлардан кейин одамнинг баланд босимдан нормал босимга ўтиши махсус диққатни талаб қилади. Тез содир бўладиган декомпрессия (босимнинг кескин пасайиши ) вақтида, масалан, гаввос тезлик билан сув остидан тортиб олинса, қонда ва тўқималарда эриган кўп миқдордаги газлар организмдан чиқарилиб улгурилмайди ва газлар пуфакчалар ҳосил қилади. Бу жиҳатдан айниқса азот хавфлидир, чунки О2 ва СО2 қон ва тўқималар томонидан тез бириктириб олинади. Азот пуфакчалари майда томирларда тиқилиб, газ эмболиясига сабаб бўлади. Тезлик билан, шошилинч бажарилган декомпрессия кессон касаллиги деб номланган ҳолатга олиб келади: мушаклар оғрийди, бош айланади, қусиш, нафаснинг тез-тез ва юзаки бўлиши кузатилади, эсдан кетиш ва ҳатто фалажланиш мумкин. Кессон касаллигининг олдини олиш учун чуқурликдаги кишини аста-секин кўтариш керак.
Организмнинг нафас функциясига жумладан ўпка вентиляциясига таъсир қиладиган қатор омиллардан совуқ ва иссиқ ҳарорат алоҳида ўрин эгаллайди. Терига иссиқ ва совуқ кучли таъсир қилса, нафас маркази қўзғалиб, ўпка вентиляцияси ошади. Марказий Осиё худудида ёзда ҳавонинг жуда исиб кетиши гипервентиляцияни пайдо қилади. Бу гипервентиляция тана ҳарорати доимийлигини сақлашга қаратилган умумий реакциянинг таркибий қисмидир. Иссиқ ҳароратда ҳансираш тер безлари бўлмаган ҳайвонларда (масалан, итларда) яққол намоён бўлади. Ит тез-тез ва юзаки нафас олади, тилидан ва оғиз бўшлигидан сўлакдаги сувни кўплаб буғланишига ва шу йўл билан иссиқлик йўқотилишига эришади.
Совуқ иқлим шароитида тана ҳароратининг бир оз пасайиши ҳам ўпка вентиляциясини кўпайтиради. Ўпка вентиляциясининг бу кўпайиши рефлектор йўл билан тери рецепторларидан келган импульслар таъсирида ва модда алмашинувининг жадаллашуви натижасида содир бўлади. Тана ҳарорати сезиларли пасайиб, гипотермия ривожланганда, нафас маркази тормозланиб, нафас сустлашиб кетади.
Катор касалликларда тўқималарга О2 етказишни кучайтириш мақсадида баланд босимдаги О2 билан даволаш усулидан фойдаланилади. Беморни О2 босими 3-4 атм. гача кўтарилган махсус барокамерада жойлаштирадилар. Бунинг оқибатида қон ва тўқималарда эриган О2 миқдори кескин ошади, О2 ҳатто гемоглобин иштирокисиз ташилади. Ис гази билан заҳарланганда ҳам соф кислород билан нафас олдирилади. Аммо узоқ муддат соф кислород билан нафас олиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Соғлом одамларда туш орқасида оғриқ пайдо бўлади, айниқса чуқур нафас олганда, ўпканинг тириклик сиғими кичраяди. МНТ хаддан ортиқ қўзғалиши оқибатида мускуллар қотиб қолиши мумкин. Кислороддан заҳарланишнинг сабаби баъзи ферментлар, жумладан дегидрогеназалар, фаолсизлантирилишида бўлса керак деб, таҳмин қилинади.
Вақтидан олдин туғилган чақалоқларда соф О2 нинг узоқ муддатли таъсиридан кўз гавҳари орқасида фиброз тўқима ривожланади ва чақалоқ кқриш қобилиятидан махрум бўлади.
Нафас маркази фаолиятсизлиги билан боғлиқ ҳолда мустақил нафаснинг тўхтаб қолиши сунъий нафас заруратини келтириб чиқаради. Шу йўл билан ўпка венетиляцияси муайян даражада таъминланади. Кўкрак қафасида операция қилинганда ва миорелаксантлар (мушакларни фалажлайдиган моддалар) юборилганда беморни албатта сунъий нафасга ўтказадилар.
Сунъий нафаснинг 3 усули мавжуд:
1) ҳаво йўлларидан ўпкаларга ҳавони босим билан даврий юбориб туриш, бу усулда оғиз орқали махсус най трахеяга киритилади – интубация қилинади. Шошилинч ҳолларда, биринчи ёрдам сифатида “оғиздан оғизга “ нафас усули ишлатилади;
2) кукрак қафасини ритм билан қисиш ва кенгайтириш, бу усулда кўкрак қафаси қўл билан даврий қисилади. Сунъий нафас узоқ муддатда керак бўлса “темир ўпка” номли асбоб ишлатилади. Бу асбоб тана пелтизмографи, яъни герметик ёпиқ махсус камерадан иборат;
3) диафрагма нервларини даврий таъсирлаш, ҳозирча жуда кам ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |