J-рецепторлар альвеолалар деворида қон айланиши кичик доираси капиллярлари яқинида жойлашган. Бу рецепторларнинг соғлом организмда нафасни бошқаришдаги иштироки аник эмас. Ўпка касалликларида содир бўладиган тез-тез ва юзаки нафас мана шу рецепторлар таъсирланишидан келиб чиқиши аниқланган.
Нафас олиш вақтида, ўпкалар етарли даражада кенгайганда, улардаги механорецепторлар таъсирланади. Бу рецепторларда вужудга келган қўзғалиш афферент нерв толалари орқали нафас марказига етказилади. Импульслар нафас марказидан нафас мускулларининг ҳаракатлантирувчи нервлари ядроларига тушиб, нафас олишда иштирок этувчи мускуллар қисқаришини тўхтатади. Нафас чикаришда, ўпкалар муайян даражада бўшашганда, механорецепторлар таъсирланиши рефлектор йўл билан нафас олиш мушакларининг қисқаришига олиб келади. Демак, нафас олиш рефлектор нафас чиқаришга, нафас чиқариш эса, нафас олишга сабаб бўлади (Геринг ва Брейер назарияси).
Нафаснинг рефлектор ўз-ўзини бошқариши ҳимоявий аҳамиятга эга бўлиб, у юқорида келтирилган ўпка рецепторлари иштирокида содир бўлишидан ташқари нафас марказининг ўз ички механизмлари фаолияти орқали ҳам амалга ошади. Нафас марказининг автоматизми юрак ўтказувчи тизими автоматизмидан қатор белгилари билан фарқ қилади: 1) нафас марказининг даврий қўзғалиши кўпгина нерв ҳужайралари ҳамкорлиги билан шартланган бўлиб, бу ҳужайралар орасида тормозловчи нейронлар айниқса муҳим роль ўйнайди; 2) нафас марказининг автоматик фаолияти учун хеморецепторлар ва ретикуляр формациядан сигналларнинг мунтазам келиб туриши шарт, бу сигналлар нафас маркази қўзғалувчанлигини ошириб туради; 3) одамда нафас марказининг автоматик фаолияти анчагина кучли ифодаланган ихтиёрий назорат остидадир. Одам кенг миқёсда ўз нафасининг тезлигини ва чуқурлигини ўзгартира олади. Нафас маркази ретикуляр формация, мияча, ўрта мия, оралиқ мия ва катта ярим шарлардан келадиган импульслар таъсири остида бўлади.
Нафас функциясига бир томондан мунтазамлик, иккинчи томондан чуқурлик ва тезликнинг хаддан ортиқ ўзгарувчанлиги хосдир. Нафас бошқарилиши биринчи навбатда артериал қон газ таркиби доимийлигини таъминлаб туради. Бу унинг гомеостатик функцияси бўлиб, асосан нафас маркази томонидан бажарилади. Бундан ташқари нафас бошқарилиши нафасни ўзгариб турувчи ташқи муҳит шароитига ва организм ҳолатига мослаштириб туради. Ҳар қандай ўзгаришлар: хулқ-атвор, диққат, фикрлаш, эмоциялар, нутқ, ашўла айтиш, уйқу, в. ҳ. амалда доимо нафас чуқурлиги ва тезлигини ўзгартириб туради. Гипоталамуснинг нафас марказига таъсири остида организмнинг умумий ҳимоя реакциялари, жумладан оғритувчи таъсимротлар, жисмоний иш ва эмоционал қўзғалиш вақтида нафас кучаяди. Гипоталамусдаги терморегуляция маркази тана ҳарорати ошганда нафаснинг тезлашувини таъминлайди. Нафас тезлашганда эса, ўлик бўшлик вентиляцияси ошиб, иссиқлик чиқариш кучаяди
Шу билан биргаликда нафас ўзгаришларига шартли рефлекслар ҳам ҳосил бўлади. Масалан, таркибида кўпроқ СО2 бўлган ҳаво билан нафас олган ҳайвонда ўпкалар вентиляцияси кучаяди. Шундан олдин қўнғироқ чалинса ва биргаликда бир неча марта такрорланса, фақат қўнғироқ товушининг ўзи ўпкалар вентиляциясининг кучайишига олиб келади. Шартли рефлектор ўзгаришлар орқали нафаснинг таъсиротдан олдинроқ бошқарилиши содир бўлади. Бу айниқса спортчиларда старт олди ҳолатларида яққол намоён бўлади. Жисмоний иш бошланишидан олдин нафас тизими унинг бажарилишига тайёр бўлади. Катта яримшарлар пўстлоғининг нафасга таъсири нафаснинг иҳтиёрий ўзгаришларида ҳам кузатилади. Одам 40-60 сонияга нафасни тўхтатиши ёки қисқа муддатга ўпка вентиляциясини 170л\минутгача ошириши мумкин. Нутқ, ашўла айтиш ва пуфлаб чалинадиган мусиқа асбобларини чалганда нафас бошқарилиши ҳам мия пўстлоғи иштирокида бажарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |