Ингичка ичакда овқат ҳазм бўлиши.
Ингичка ичак овқатнинг мономерларга парчаланиб, қон ва лимфага сўриладиган ҳолатга айланишини таъминлайди. Ингичка ичакда овқат олдин унинг бўшлиғида, кейинчалик ичак эпителийси зонасида, унинг микроворсинкаларида ва гликокаликсда фиксацияланган ферментлар ёрдамида ҳазм қилинади.
Бўшликдаги ва девор яқинидаги ОҲҚ меъда ости ва ичак шираси ферментлари иштирокида содир бўлади, бу жараёнда ўт ҳам муҳим роль ўйнайди.
ОҲҚ жараёнида ўн икки бармоқ ичак катта моҳиятга эга. Бўш ҳолатда, химус бўлмаганда бу ичакда муҳит кучсиз ишқорий (рН=7,9-8,0) бўлади. Меъдадан нордон массалар ўтганда муҳит нордонлашади, лекин тезда хлорид кислота ўт, меъда ости ва ичак шираси томонидан нейтраллаштирилади. Шу билан бирга пепсин таъсири тугайди. Ўн икки бармоқ ичакда нордонлик қанча юқори бўлса, меъда ости секрецияси шунча жадаллашади ва меъдадан ичакка овқат ўтиши секинлашади.
Одам меъда ости бези бир кеча-кундузда 1,5-2,0л шира ажратади. Бу шира рангсиз тиниқ суюқлик бўлиб, унинг рН=7,8-8,4 ва таркибидаги бикарбонатларга боғлиқ. Шира таркибида нартий ва калий хлоридлари ҳам бор, хлоридлар ва бикарбонатлар миқдори тескари мутаносибдир.
Меъда ости шираси оқсиллар, ёғлар ва карбонсувларни парчалайдиган ферментларга бой. Амилаза, липаза ва нуклеаза фаол шаклда ажратилади, протеазалар нофаол бўлади, кейинчалик бошқа ферментлар уларни фаоллаштиради.
Меъда ости ширасидаги трипсиноген ўн икки бармоқ ичакда унинг энтерокиназа ферменти таъсирида трипсинга айланади. Трипсин ҳам трипсиногенни фаоллаштиради, жараённи Са2+ ионлари жадаллаштиради.
Иккинчи фермент химотрипсин ҳам фаол бўлмаган химотрипсиноген шаклида ажратилади ва трипсин томонидан фаоллаштирилади. Химотрипсиноген ва химотрипсиннинг бир неча турлари мавжуд. Трипсин, химотрипсин ва эластаза оқсиллардаги ички пептид боғларни парчалайди, юксак молекулали полипептидларни куйи молекулали пептидлар ва аминокислоталаргача парчалайди.
Меъда ости бези прокарбоксипептидаза А ва В, проэластаза ва профосфолипазани синтезлайди. Трипсин таъсирида булар карбоксипептидаза А ва В, эластаза ва фосфолипазага айланади.
Меъда ости шираси полисахаридларни олиго-, ди- ва моносахаридларга парчалайдиган альфа-амилазага бой. Ширадаги рибонуклеаза ва дезоксирибонуклеаза нуклеин кислоталарга таъсир этади. Панкреатик липаза ёғларни моноглицеридлар ва ёғ кислоталарига парчалайди. Фосфолипаза ва эстераза ҳам липидларга таъсир этади. Липазанинг ёғларни гидролизлашини ўт ва Са2+ ионлари кучайтиради.
Меъда-ичак йўлларида овқат бўлмаганда меъда ости шираси оз миқдорда ажратилади. Овқат қабул қилишдан кейин 2-3 дақиқа ўтганда секреция кескин кучайиб, овқат таркибига боғлиқ ҳолда 6-14 соат давом этади. Ажратиладиган шира ҳажми, таркиби ва секреция динамикаси овқат миқдори ва сифатига боғлиқ. Оқсилли овқат панкреатик шира таркибида протеазалар купайишига, ёғли овқат-липазалар ва карбонсувлар-амилазалар кўпайишига олиб келади. Ҳазм тизими, хусусан меъда ости бези узоқ вақт давомида бир ҳил овқат истеъмол қилишга мослашган. Бу хаёт шароити ёки урф-одатлар туфайли доимо оқсилли ёки ёгли ёки углеводли овқатни истеъмол қиладиган ҳалқларда кузатилади. Бундай одамларда ферментнинг фаоллиги хаттоки, нахор пайтида ҳам юқори бўлади.
Меъда ости безлари секрецияси асаб ва гуморал механизмлар билан бошқарилади. И.П.Павлов адашган нерв таъсирланганда оз миқдорда ферментларга бой бўлган шира ажратилишини аниқлади. Меъда ости секрецияси овқатнинг кўриниши, хиди ва бошқа шартли рефлектор сигналлар ва чайнаш ҳамда ютиш каби шартсиз рефлектор сигналлар таъсирида бошланади. Афферент импульслар рецепторлардан узунчоқ мияга етказилади ва у ердан адашган нерв орқали безга келади ва шира ажралишига олиб келади. Симпатик нервлар меъда ости бези секрециясини тормозлайди, чунки симпатик импульслар таъсирида бездаги қон томирлар тораяди, натижада меъда ости безида шира ажралиши тормозланади. Симпатик нерв кесилиб, унинг таъсири йуқотилса, меъда ости безидан кўп миқдорда шира ажралади. Ташқи хароратнинг юқори бўлиши ҳам меъда ости бези секрециясини тормозлайди. Оғриқ, уйқу, оғир жисмоний меҳнат ва ақлий меҳнат ҳам секрецияни тормозлайди.
Панкреатик секрецияни қўзғатишда бевосита асаб таъсиротлар гуморал таъсиротлардан камрок моҳиятга эга. Гуморал бошқарилишда гастроинтестинал гормонлар етакчи роль ўйнайди.
И.П.Павлов лабораториясида ўн икки бармоқ ичакка хлорид кислота киритилганда кўп миқдорда меъда ости шираси ажратилгани аниқланган. Кейинчалик ўн икки бармоқ ичакда хлорид кислота таъсири остида ажратилган модда секретин деб аталди ва 1902 йилда инглиз олимлари Бейли ва Старлинг уни томир ичига киритганда меъда ости шираси секрециясининг кучайишини аниқладилар. Секретин таъсирида ажратиладиган шира бикарбонатларга бой, аммо ферментлари кам бўлади. Холецистокинин - панкреозимин ҳам секрецияни кучайтиради, лекин ажраладиган шира ферментларга бой бўлади.
Ингичка ичак шиллиқ пардасидаги ҳужайралар томонидан синтезланган холецистокинин-пакреозиминнинг қонга ўтиши оқсиллар ва ёғларнинг парчаланиш маҳсулоти бўлган пептидлар ва ёғ кислоталар таъсирида тезлашади.
Гастрин, серотонин, инсулин, бомбезин, ўт кислоталар тузлари ҳам меъда ости шираси секрециясини кучайтиради. Глюкагон, кальцитонин, соматостатин в.б. тормозлайди. Бу гормонлар таъсири аксарият меъда секрециясига таъсир этиш орқали амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |