Симпатик нервларнинг таъсирланиши кўз қорачиғи ва бронхларни кенгайтиради, юрак қисқаришлари ритми ва кучини оширади, тери ва ички аъзолар, айниқса тил, сўлак безлари, жинсий аъзолар томирларини торайтиради, жигар ва талоқни торайтириб, деподаги қонни ҳаракатдаги қонга қўшади. Юрак ишининг кучайиши ва кўпчилик томирларнинг торайиши қон босимини оширади. Симпатик нервлар жигарда гликогенолиз (гликогеннинг глюкозага парчаланиши) ни, адреналин ва баъзи бошқа гормонлар секрециясини ҳамда тер безлари фаолиятини кучайтиради. Улар МНТ ва ҳатто катта яримшарлар пўстлоғи функционал ҳолатини яхшилайди, меъда ва ичаклар секрецияси ва ҳаракатини сусайтиради, сийдик пуфаги деворидаги мушакларни бўшаштириб, сфинктерни қисқартиради.
Л.А.Орбели ва А.Г.Гинецинский ишлаб чарчаган мушакнинг симпатик нервини таъсирлаб, мушак қисқаришларининг қайта тикланишини кузатдилар. Симпатик импульслар таъсирида хали чарчамаган мушакнинг қисқариш кучи ошади. Шундай қилиб, симпатик нервлар скелет мушакларининг трофикасини яхшилаш орқали уларнинг иш қобилиятини оширади ва янги шароитга мослаштиради. Бу далилларга асосланиб Л.А.Орбели симпатик асаб тизимининг адаптацион-трофик функцияси тўғрисидаги таълимотни яратди (лат adaptatio – мослашув, юн trophe – озиқланиш). Бу функция барча аъзо ва тўқималарда моддалар алмашинуви даражасини ўзгартириш орқали организмни ташқи муҳитнинг ўзгарган шароитларига мослашувини таъминлайди. Адаптацион-трофик функция аъзолар функционал қобилиятини стабиллаштиради: симпатик нервлари кирқилган аъзолар ўз фаолиятини давом эттиради, аммо турли шароитда модда алмашинувини керакли йўналишда ўзгартираолмайди. Симпатик нервлардан аъзога келган импульслар ундаги физик-кимёвий ва биокимёвий жараёнларни ўзгартиради.
Парасимпатик нервлар қўзғалганда кўз қорачиғи тораяди, кўзда киприксимон мушак қисқариб, аккомодация юзага келади, бронхлар тораяди, юрак қисқаришлари секинлашади ва кучсизланади, ҳазм безлари секрецияси, меъда ва ичаклар ҳаракат фаолияти кучаяди, сийдик пуфаги мушаклари қисқариб, унинг сфинктери кенгаяди, жигарда қон таркибидаги глюкозадан гликоген синтез қилинади в.ҳ.
Парасимпатик нервларнинг аъзоларга таъсири доимо бир хил эмас, кўп жиҳатдан бу таъсир аъзо ичидаги интрамурал нейронларнинг фаолиятни бошқариш ҳолатига боғлиқ. Парасимпатик нервлардан келган импульслар аъзо ичидаги рефлектор бошқаришни амалга оширувчи импульслар билан хамкорликда ишлайди. Физиологик жараёнларнинг ҳолатига қараб, уларни ишга солиши ёки тўхтатиши, кучайтириши ёки кучсизлантириши мумкин.
Симпатик нервлар эса бир типда таъсир кўрсатади, улар бевосита ишчи тузилмалар билан синапс ҳосил қилган. Аммо ҳозирги кунда бевосита симпатик боғланишлардан ташқари эфферент аъзолар ҳужайраларига медиаторнинг носинаптик етказилиши ҳам мавжудлиги исботланган. Шу сабабли симпатик нерв охирлари каерда жойлашганлигидан қатъий назар, барча тўқималардаги ҳамма ҳужайраларга трофик таъсир кўрсатади. Симпатик нерв тизимининг адаптацион-трофик таъсири воситали ҳам бўлиши мумкин. Симпатик нервлар буйрак усти безининг мағиз моддасига таъсир этиб, ундан адреналин ва норадреналин секрециясини кучайтириш орқали тўқималарда трофикани ўзгартириши мумкин. Адреналин ва норадреналин гематоэнцефалик тўсиқдан ўтиб, гипоталамусдаги нейронларни фаоллаштириб, эндокрин безларни бу ишга жалб этади. Бундан ташқари, симпатик толалардан келган импульслар ва қондаги адреналин ва норадреналин тўқималарнинг озиқланишини ўзгартириш билан бирга, уларнинг гормонларга сезувчанлигини ўзгартиради.
Жисмоний иш бажарганда, тез юриш, югуриш баландга кўтарилиш, шошилинч иш бажариш, эмоционал қўзғалиш вақтида симпатик асаб тизими қўзғалиб, организмнинг барча ресурсларини ишга солади. Тинч ҳолатда, уйқу вақтида парасимпатик асаб тизими тонуси ошади. Ҳазм жараёнини кучайтириш ва жигарда гликогенни йиғиш йўли билан парасимпатик асаб тизими организмнинг энергетик ресурсларини ва иш бажариш қобилиятини қайта тиклайди. Ташқи муҳит ва организм ички ҳолатининг турли ўзгаришларида организм ички муҳитининг доимийлиги (гомеостаз) ни сақлашда вегетатив асаб тизимининг иштироки муҳим аҳамиятга эгадир.
Қуйидаги ҳодисалар бунга мисол бўла олади. Ҳаво ҳарорати кўтарилганда рефлекс йўли билан тер чиқади, тери томирлари кенгайиб иссиқлик чиқиши кучаяди, натижада гавда ҳарорати доимо бир даражада туриб, организм қизиб кетмайди. Кўп қон йўқотилганда юрак тезроқ уради, томирлар тораяди, талоқда йиғилиб турган қон томирларга чиқади. Бу ўзгаришлар туфайли қон босими бир мунча юқори даражада туради ва аъзолар озми-кўпми нормал миқдорда қон олади.
Бутун организмнинг умумий реакцияларида вегетатив асаб тизимининг иштироки ва мослаштирувчи роли организм ҳаётига хавф тахдид солганда (масалан, душман хужум қилганда, оғритувчи шикастларда, буғилиб қолишда ва х.) айниқса яққол кўринади. Бундай вазиятда таранглик реакцияси (стресс) ва эмоционал ҳолатлар (ғазаб, қўрқиш) рўй беради. Катта яримшарлар пўстлоғи ва бутун марказий асаб тизимида қўзғалиш кенг ёйилиб, мушаклар фаолияти кучаяди ва вегетатив реакцияларнинг мураккаб комплекси юзага чиқади. Натижада организмнинг ҳамма кучлари тахдид солаётган хавфни бартараф қилишга сафарбар қилинади.
Одам хурсанд бўлганда юрагининг тезроқ уриши, тери томирларининг кенгайиши, юз кизариши; қўркқанда эса терининг рангсизланиши, тер ажралиши, терининг туклари буртиб чиқиши, меъдадан шира чиқмай қолиши; газабланиш пайтида қорачиқларнинг кенгайиши ва ҳоказо вегетатив асаб тизими таъсири остида юзага келади.
Автоном асаб тизими нейронлари жуда кўп вегетатив рефлекслар деб номланган рефлектор реакцияларда қатнашадилар. Тиббиёт амалиётда висцеро-висцерал, висцеро-дермал ва дермо-висцерал рефлекслар муҳим аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |