Мавзу: Эндокрин тизим. Гипофиз. Гипоталамо-гипофизар тизим. Қалқонсимон без, қалқонсимон олди безлар ва айрисимон без гормонлари.
.
Эндокрин безлар асаб тизими билан биргаликда организм фаолиятини бошқаришда катта аҳамиятга эга. Эндокрин тизимга гипофиз, эпифиз, қалқонсимон без, қалқонсимон олди безлар, айрисимон без, меъда ости безининг Лангерганс оролчалари, буйрак усти бези, жинсий безлар, ҳазм аъзолари шиллиқ пардасидаги инкретор ҳужайралар киради.
Барча ички секреция безларида томирлар тизими юксак даражада ривожланган бўлиб, улардаги томирларнинг девори айниқса юпқа ва ўтказувчандир. Бу безлар кичик аъзолар бўлишига қарамасдан ўз оғирлигига нисбатан жуда кўп қон билан таъминланади. Одатда бунинг сабаби аъзолар ва тизимлар фаолиятида гормонларнинг муҳимлиги ва ички секреция безлари маҳсулотининг ҳаммасини қонга ўтиши ҳамда томирлар тизими бўйлаб бутун организмга тарқатилишининг зарурлиги билан тушунтирилади.
Ички секреция безларининг фаолияти организм ҳаёти учун жуда муҳимдир. Баъзи безларсиз юксак ҳайвонлар ва одам ҳаёти умуман мумкин эмас. Масалан, тажрибада қалқонсимон олди безчалар ёки буйрак усти безининг пўстлоқ моддаси олиб ташланса, ҳайвон албатта ўлади.
Ички секреция безлари фаолиятининг меъердан четлашуви хилма-хил ва кўп сонли касалликларнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Бунда ички секреция безининг гиперфункцияси, яъни керагидан кўп, нормадан ортиқча миқдорда гормон ишлаб чиқариш, гипофункцияси – ажратиладиган гормонлар миқдорининг камайиши ва дисфункцияси – кимёвий таркиби бузилган, ўзгарган гормонлар ишлаб чиқариш тафовут қилинади.
Эндокрин безлар махсус моддалар – гормонлар (юн horman-қўзғатиш) ишлаб чиқаради, уларнинг чиқарув йўллари йўқ, синтезланган моддалар бевосита қонга ўтади.
Гормонлар қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга:
1. Ҳар бир гормон муайян ихтисослашган безда ишлаб чиқарилади.
2. Ҳар бир гормон муайян аъзо ва фаолиятларга таъсир этиб, уларда ўзига хос ўзгаришлар пайдо қилади.
3. Гормонлар жуда катта биологик фаолликка эга. Инсулиннинг 1г 125000 қуёнда қондаги қанд миқдорини камайтиради, 1г адреналин 10 млн ажратиб олинган бақа юрагининг ишини тезлаштира олади.
4. Гормон ишлаб чиқарадиган без билан у таъсир қиладиган аъзо (нишон) орасида одатда маълум масофа бўлади (дистант таъсир).
5. Гормонлар ҳужайра мембраналаридан ўтиш қобилиятига эга.
6. Гормонлар нисбатан тез парчаланади. Ярим парчаланиш вақти бир неча секунддан (пептид гормонлар) бир неча кунгача (йодтиронинлар) бўлиши мумкин.
7. Гормонлар фақат ҳужайраларда ёки уларнинг фаол тузилмаларида содир бўлувчи жараёнларга таъсир этади.
Кимёвий тузилишга кўра гормонларни қуйидаги гуруҳларга ажратадилар:
1. Аминлар – адреналин, норадреналин, мелатонин, дофамин.
2. Йодтиронинлар – тироксин ва трийодтиронин.
Мазкур иккала гуруҳ гормонлари аминокислоталардан ҳосил бўлади.Уларнинг аксарияти тирозин аминокислотасидан ишланади, серотонин триптофандан, гистамин гистидиндан ҳосил бўлади.
3. Пептид гормонлар – антидиуретик гормон (АДГ), окситоцин, меланоцитларни рағбатлантирувчи гормон (МСГ), тиреотропин-рилизинг гормон (ТРГ), гонадотропин-рилизинг гормон (ГнРГ), соматостатин, кортиқотропин-рилизинг гормон, соматокринин, ангиотензин .
4. Оқсил гормонлар – инсулин, глюкагон, ўсиш гормони, плацентар лактоген, пролактин, паратгормон, инолактин, паратгормон, энкефалин, кальцитонин, адренокортиқотроп гормон, секретин, холецистокинин, гастрин, меъданинг ингибирловчи пептиди. АКТГ 39, СТГ-191, пролактин 198 аминокислота қолдиғидан иборат.
5. Глюкопротеид гормонлар – фолликулларни рағбатлантирувчи (ФСГ), лютеинловчи (ЛГ), тиреотропин ва хорионик гонадотропин.
Оқсил гормонлар, глюкопротеидлар ва пептид гормонлар гидрофиллик хусусиятига эга, шу сабабли улар биринчидан фосфолипид тўсиқлар (ҳужайра мембранаси) орқали нофаол ўтиш қобилиятига эга эмас ва иккинчидан қонда эриши сабабли қон билан мустақил ташилади.
6. Стероид гормонлар – глюкокортиқоидлар, эстрогенлар, тестостерон, прогестерон, альдостерон, булар холестериндан ҳосил бўлади.
Бундан ташқари гормонларнинг мазкур гуруҳига арахидон кислота ва ундан ҳосил бўлган простагландинлар, простациклинлар, тромбаксанлар ва лейкотриенлар ҳам киритилади. Бу гормонларнинг барчаси гидрофоблик хусусиятига эга. Шу сабабли стероид гормонлар синтезланган жойидан хеч қандай тўсқинчиликсиз бошқа муҳитлар (қон, ҳужайралараро суюқлик) га ўтади. Аммо қонда ташилиши учун махсус ташувчилар керак.
Стероид гормонлар ва аминокислоталардан ҳосил бўлган гормонлар муайян турга хос (специфик) эмас ва ҳар хил ҳайвон турлари намояндаларига бир хил таъсир этади. Оқсил-пептидли гормонлар ҳар бир турнинг ўзига хос, спецификдир. Ҳайвон организмидан ажратиб олиниб, одамни даволаш учун ишлатилганда улар организмда ҳимоя реакцияларини, масалан, махсус антителоларни ишлаб чиқаришни юзага келтиради. Бу антителолар гормонни нобуд қилади. Бундай гормонлар ёт оқсил сифатида аллергик реакцияларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Гормон молекулаларининг ҳар бир фрагменти – бўлаги алоҳида функцияларни бажаради: 1) гормоннинг таъсир этиш жойини топишни таъминловчи фрагменти, 2) гормоннинг ҳужайрага ўзига хос специфик таъсирини таъмин этувчи фрагментлар, 3) гормоннинг фаоллик даражаси ва гормон молекуласи бошқа хоссаларини бошқарувчи фрагментлар ажратилади.
Гормонларнинг таъсири нишон-аъзолар ҳужайраларидаги баъзи ферментларнинг каталитик фаоллигини кучайтириш еки сусайтириш орқали юзага чиқади. Бундан ташқари гормонлар ҳужайраларда ферментлар синтезини тезлаштириб, ундаги ферментлар миқдорини ошириш йўли билан таъсир қилади.
Гормонлар қон билан барча аъзо ва тўқималарга етказилса ҳам, фақат шу гормонга нисбатан сезувчан бўлган рецепторли ҳужайраларга таъсир қилади. Ҳужайралардаги рецепторлар махсус оқсилдан иборат бўлиб, ҳужайра ичида ёки унинг мембранаси ташқи юзасида жойлашгандир. Ҳужайра ичига ўтолмайдиган катехоламинлар ва пептид гормонлар мембранага ташқаридан таъсир этади. Бу таъсирни ҳужайра ичидаги органоидларга махсус воситачилар – медиаторлар (циклик аденозинмонофосфат – цАМФ, циклик гуанозинмонофосфат – цГМФ, Са2+ ионлари, простагландинлар в.б.) етказиб беради.
Ҳужайра мембранасидан нисбатан осонроқ ичкарига ўтувчи стероид ва муайян даражада йодтиронинлар ҳужайра ичидаги тузилмаларга бевосита таъсир кўрсатади. Бу гормонлар ядрода содир бўлувчи жараёнларга таъсир этиб, оқсил синтезини ўзгартиради. Шунинг учун бу таъсир аста-секин ишга киришади ва узоқ давом этади.
Умуман гормонлар учта жуда муҳим вазифани бажаради:
1. Организмнинг жисмоний, жинсий ва руҳий ривожланиши ва кўпайишини таъминлайди.
2. Организм ва унинг тизимларини доим ўзгариб турувчи шароитларга мослаштиради.
3. Баъзи физиологик кўрсаткичларнинг (қонда глюкоза, кальций, фосфор в.б. миқдорининг) барқарорлигини сақлайди – гомеостатик фаолият.
Гормонларнинг моддалар алмашинувига таъсирини метаболик, шакллантирувчи жараёнлар, тафовутланиш, ўсишга таъсирини морфогенетик, аъзолар фаолиятини ишга солишини кинетик, аъзолар фаолиятини кучайтириши, сусайтириши ёки йўналтириб туришини коррекцияловчи таъсир дейилади.
Фаолий йуналганлиги бўйича гормонларни уч гуруҳга бўлиш мумкин:
1. Нишон-аъзоларга бевосита таъсир қилувчи эффектор гормонлар.
2. Эффектор гормонларнинг синтези ва ажралишини бошқарадиган гландотроп гормонлар.
3. Гипоталамуснинг асаб ҳужайраларида синтезланувчи ва гландотроп гормонларнинг ажралишини бошқарувчи рилизинг ва ингибитор гормонлар.
Гормонлар томонидан амалга ошириладиган гуморал таъсирларнинг қуйидаги вариантлари (Балаболкин М.М.1989й. бўйича) тафовут қилинади.
1) гормонал ёки хақиқий эндокрин – гормон уни синтезлаган ҳужайрадан қон оқимига ўтиб, қон билан нишон-аъзога етиб боради ва ўзи ҳосил бўлган жойдан анча узоқда фаолият кўрсатади,
2) паракрин таъсир - синтезланган жойдан гормон ҳужайрадан ташки бушликка ўтади ва у ердан атрофдаги нишон-ҳужайраларга таъсир этади,
3) изокрин таъсир паракринга ўхшайди, аммо бунда гормонни синтезловчи ҳужайра билан нишон-ҳужайра ўзаро яқин алоқада,
4) нейрокрин таъсир – гормоннинг таъсири медиатор таъсиридай бўлади,
5) аутокрин таъсир – ҳужайрада синтезланадиган гормон мазкур ҳужайранинг ўзига таъсир этади, яъни бунда бир ҳужайранинг ўзи ҳам гормон ҳосил қилувчи ҳам нишон-ҳужайра вазифасини бажаради.
Энг муҳими, эндокрин ва паракрин самараларни аниқ чегаралаш лозим.
Гормонларнинг қон билан ташилиши турли йўл билан амалга оширилади. Сувда эрийдиган гормонлар плазмада эркин кўринишда, бошқа гормонлар плазма оқсиллари ёки шаклли элементлар билан бириккан ҳолда ташилади. Альбуминлар, гамма глобулинлар, трансферон каби муайян гормонларни бириктириб, комплекслар ҳосил қилувчи қон плазмаси оқсиллари мавжуд.
Гидрофиллик хусусиятга эга бўлган оқсил гормонлар қонда яхши эрийдилар ва махсус тошувчиларга мухтож эмаслар. Уларнинг қонда ва тўқималарда парчаланиши нишон-ҳужайралар, қон, жигар ва буйраклардаги махсус протеиназалар томонидан амалга оширилади. Мазкур гормонлар қондаги ҳаётининг ярим даври 10-20 дақиқа. Стероид гормонларни қонда махсус глобулинлар ва транскортин ташийди, уларнинг қондаги ҳаёти ярим даври 0,5-1,5 соат. Адреналин, норадреналин ва дофаминнинг фақатгина 5-10% қонда эркин ҳолда, қолгани оқсиллар билан бириккан ҳолда ташилади, уларнинг қондаги ҳаётининг ярим даври 1-3 дақиқа.
Гормонларнинг характерли хоссаси уларнинг юксак физиологик фаоллигидир. Гормоннинг жуда кичик миқдори ҳам организм функцияларини ўзгартиради. Масалан, адреналин ажратиб олинган юракка 1:10 нинг 7 даражаси г\мл концентрацияда ҳам таъсир эта олади. Инсулиннинг 1 г 125000 қуёнда қондаги шакар миқдорини камайтиришга етарлидир. Гормонлар тўқималарда, жумладан жигарда, нисбатан тез парчаланади. Шунинг учун гормонларнинг қондаги миқдори муайян бир меъерда сақланишини, уларнинг узлуксиз ва узоқроқ вақт давомида таъсир этишини таъминлаш учун гормонлар ички секрецияси безларидан узлуксиз равишда ажратилиши керак.
Эндокрин безлар фаолиятини ўрганишда қатор усуллардан фойдаланилади. Бу усуллардан энг кўп қўлланиладиганлари қуйидагилар:
1. Экстирпация – операция йўли билан безни олиб ташлаш. Без экстирпациясидан сўнг пайдо бўлган белгилар комплекси унинг фаолиятини аниқ характерлаб беради.
2. Трансплантация – безнинг кучириб ўтказилиши. Одатда трансплантация экстирпациядан сўнг бажарилади ва уни тўлдиради. Трансплантация муваффақият билан якунланганда экстирпациядан сўнг бузилган функциялар қайта тикланади.
3. Ички секреция безлари экстракти – улардан ажратиб олинган суюқ қисмнинг организга юборилиши. Экстрактлар оғиз орқали юборилганда яхши натижа бермайди, чунки ҳазм ширалари уни тез парчалайди.
4. Парабиоз – хирургик йўл билан иккала организмни улаш ёки икки ҳайвон қон томирларини ўзаро улаш. Одатда парабиоз каламушларда муваффақиятли кечади. Ўзаро уланган ҳайвонлар бирининг бирор ички секреция бези олиб ташланса ҳам хеч қандай ўзгаришлар бўлмаслиги мумкин, чунки қонга иккинчи ҳайвондаги шу номли без гормонлари ўтиб туради.
5. Клиник усул – ички секреция безлари гиперфункцияси ёки гипофункцияси билан касалланганларни кузатиш. Бу усул яхши самаралар беради ва муҳим аҳамиятга эга.
6. Биокимёвий усул – гормоннинг кимёвий таркибини аниқлаш, эндокрин безга оқиб келадиган ва ундан оқиб кетадиган қондаги гормонлар миқдори ва таркибини солиштириш, гормонни тоза ҳолда ажратиш, уни лабороторияда синтезлаш в.ҳ.
7. Ауторадиография – кимёвий элементлар радиоактив изотоплари ёрдамида тажрибалар ўтказиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |