Адаптация асослари
Адаптация - яшаш шароитларига мослашиш тирик материянинг энг асосий хоссаларидан биридир. Бола туғилишидан бошлаб, беҳосдан бутунлай бошқача шароитга тушиб қолади ва барча аъзолар ва тизимлар фаолиятини унга мослаштиришга мажбур бўлади. Молекуляр, ҳужайра, аъзолар ва тизимлар даражасида юзага чиқадиган ўзгаришлар адаптациянинг асосини ташкил қилади. Организм иқлим-географик, ишлаб чиқариш ва ижтимоий шароитларга мослашади.
Тирик организмлар мослашув хулқ-атворининг уч типини ажратиш мумкин: ноқулай таъсирлагичдан қочиш (масалан, совуқ таъсирида баъзи ҳайвонларнинг инларида яшириниши), унга нофаол мослашиши (пойкилотерм ҳайвонларда тана ҳарорати пасайиши ва мавсумий уйқу ) ва адаптпция реакциялари орқали фаол қаршилик кўрсатиш — махсус ва номахсус адаптация механизмларини ишга солиши.
Организмнинг номахсус, умуман мослашиши ички муҳит барқарорлигини сақлашга қаратилган. Биринчи галда юқори реактивликка эга тизимлар (нафас, қон айланиши) фаоллашади. Организм энергия манбалари сафарбар этилиб, метаболизм ўзгаради, пластик жамғармаларни фермент фаолликка эга бўлган оқсиллар ва тузилма оқсиллари синтезига сарфланишини тезлаштиради, организмнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш имкониятларини оширади.
Шароит ўзгариши ёки таъсирот муайян даражага етиши билан симпатик асаб тизими қўзғалади ва адреналин секрецияси кучаяди. Кейинчалик АКТГ – глюкокортикоидлар тизими ишга киришади. Глюкокортикоидлар ва тўқималар ажратадиган биологик фаол моддалар цАМФ, ҳужайраларда оқсил синтези, гамма-глобулинлар ажратилиши ва глюконеогенезни фаоллаштиради. Тўқималар энергетик, пластик ва ҳимоявий таъминланиши яхшиланади. Булар ҳаммаси номахсус давомли ёки чидамли адаптация асосини ташкил этади.
Кўрсатилган умумийликлардан ташқари ҳар бир муайян омилга махсус мослашишнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Тоғлик худудларда, паст атмосфера босими шароитида яшайдиган одамлар организмида содир бўладиган махсус мослашув реакцияларини биз “Нафас физиологияси “ бўлимида кўриб ўтувдик. Кислороднинг одатдагидан паст порциал босими таъсирига жавобан организмда эритроцитлар ишланишининг жадаллашуви – эритроцитоз, қонда гемоглобин миқдорининг кўпайиши, ўпкалар вентиляциясининг кучайиши, капилляр қон томирлар сонининг кўпайиши, уларнинг узунлиги ошиб, ҳужайраларнинг ва биринчи навбатда нерв ҳужайраларининг кислород етишмовчилигига чидамлигининг ошиши в.ҳ. кузатилади.
Марказий Осиё худудида юқори ҳароратга мослашишнинг аҳамияти катта. Юқори ҳарорат организмга мунтазам равишда таъсир қила бошлаганда шошилинч равишда ишга солинадиган реакциялар содир бўлади.
Юрак-томир, нафас ва бошқа тизимлар фаолиятида гомеостазни сақлаб қолишга қаратилган ўзгаришлар амалга ошади. Кейинчалик бу фавқулодда ўзгаришлар сусаяди ва юқори ҳароратда тана ҳарорати кўтарилиб кетмаслигини таъминловчи ўзгаришлар юзага келади. Улар организмдан иссиқлик чиқарилишини жадаллаштиришга ва иссиқлик ҳосил бўлишини камайтиришга қаратилган.
Маълумки, ҳаво ҳарорати тери ҳароратидан юқори бўлганда физикавий ҳарорат бошқарилишининг учта механизми – нурланиш, иссиқлик ўтказиш ва конвекция йўли билан иссиқликни йўқотиш тўхтайди. Бундай шароитда иссиқликни йўқотиш терлаш ва терни буғлатиш туфайли амалга ошади. Шу сабабли иссиқ ҳарорат таъсирида ажраладиган тер миқдори 3-4 марта кўпаяди ва соатига 3-4 л га етиши мумкин. Юқори ҳароратга мослашиш жараёнида тер таркибидаги электролитлар миқдори камаяди, бу эса организмни жуда кўп туз йўқотишдан сақлайди. Содир бўладиган ўзгаришлар орасида чанқоқлик одамни анча қийнаб қўяди. Натижада одам кўп миқдорда сув ичади ва шу йўл билан йўқотилган сув ўрни тўлдиради.Юқори |
ҳароратнинг мунтазам таъсири организмда иссиклик ҳосил бўлишини камайтиради. Бундай самарага ҳаракатларнинг камайтирилиши, скелет мускуллари тонусининг пасайиши, асосий алмашинувнинг сусайиши орқали эришилади.
Тадқиқотларнинг натижалари шуни кўрсатадики, бир омилга ривожланган мослашиш иккинчисига мослашишни енгиллаштиради. Масалан, жисмоний иш бажаришга ўрганган одам, юқори ҳарорат таъсирига тез ва осон мослашади.
Салбий таъсирловчилар жуда кучли бўлиб, узоқ давом этганда гомеостаз кўрсаткичлари меъеридан чиқиб кетади, натижада хасталик ривожланиши мумкин.
Адаптациянинг бир неча турлари мавжуд. Ўзгарган яшаш шароитларида организм ва унинг қисмлари фаоллик ҳолатининг тургунлашуви физиологик адаптация дейилади. Бунинг оқибатида организмнинг узоқ муддатли фаол ҳаёти, жумладан меҳнат фаолияти ва соғлом авлод колдириш қобилиятига имконият туғилади. Адаптациянинг шаклланиши ва механизмлари индивидуал хусусиятларга эга. Турли одамлар муҳитнинг бир хил шароитига турли тезлик ва ҳар хил ҳажмда адаптацияланадилар. Адаптациянинг тезлиги ва ҳажми ҳар бир одамнинг соғлиги, руҳий тургунлиги, жисмоний чиниққанлиги, типологик хусусиятлари, жинси ва ешига боғлиқ
Кўпчилик адаптацияларнинг ривожланишида икки босқич кузатилади: бошланғич – “шошилинч” адаптация ва кейинги “узоқ муддатли “ адаптация.
“Шошилинч“ адаптацион реакция тайёр физиологик механизмлар асосида муҳитнинг ўзгарган шароити таъсири бошланишидаёқ ривожланади. Масалан, совуқ таъсирида иссиқлик ҳосил бўлишининг кўпайиши ёки нафас билан олинадиган ҳавода кислород камайганда ўпка вентиляциясининг кучайиши в.ҳ. “Шошилинч“ адаптация қўшимча функционал имкониятларни сафарбар қилади ва аксарият мослашиш самарасини тўла таъминламайди.
“Узоқ муддатли“ адаптацион реакция ўзгарган ташқи муҳит омилларининг организмга кўп марталаб ва узоқ муддат таъсир этиши оқибатида аста-секинлик билан ривожланади. Бу мослашув кўп марталаб такрорланган “шошилинч” адаптация асосида содир бўлади. Структуравий функционал ўзгаришлар йиғилиб бориши натижасида организм янги сифат пайдо этади ва мослашган бўлади. Айнан “шошилинч “ адаптациядан “узоқ муддатли“ адаптацияга ўтиш янги шароитда организм мунтазам ҳаётини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |