Одамнинг мақсадга йўналтирилган фаолияти механизмлари
Олий асаб фаолиятининг хал қилувчи ва етакчи механизми шартли рефлексдир, аммо одам хулқ-атвори, юриш-туриши рефлектор реакциялар йиғиндиси эмас. Одам хулқ-атвори гомеостазни сақлашга қаратилган муҳитнинг ўзгарувчан шароитларига рефлектор мослашувларидан ташқари муҳитни фаол ўзгартиришни ўз ичига олади. Бу фаолият аксарият гомеостазнинг бузилишига олиб келади ва унинг қайта тикланиши учун кўпгина вегетатив бошқарув механизмларининг фаоллашувини талаб этади.
Инсон фаолияти хатти-ҳаракатларининг вазифаси, мақсади ва уларнинг натижалари тўғрисидаги аниқ тасаввур билан боғлиқ. Одам фаолиятини бошқарувчи, аниқловчи максадлар одамнинг биологик ва ижтимоий эҳтиёжлари билан аниқланади. Тубан (куйи) ва юксак эҳтиёжлар, яъни эҳтиёжлар иерархияси мавжуддир. Бу эҳтиёжларни қониқтириш, одам ҳаётини таъминловчи асосий шартдир.
Мақсадга йўналтирилган фаолиятнинг нейрофизиологик структураси жуда мураккаб. Физиологик хулқ-атвор реакциялари структурасини одатда муайян схема ёки модель сифатида ифодалашга ҳаракат қилинади. Бундай моделларнинг мураккаблик даражаси фаннинг ривожланганлик даражасига боғлиқдир.
Декарт ўзи билган тугмачани босиш билан ишга киритиладиган механик автоматларга ўхшатиб, рефлекс тамойилини таклиф этган. Бундай конструкцияга доимий, мунтазам боғланиш, яъни ундаги элементларнинг доимо бир хил, ўзгармас хамкорлиги хосдир. И.П.Павлов томонидан ишлаб чиқилган вақтинча (шартли) боғланиш тамойили табиатшунослик ва фалсафанинг ривожланишида жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Бунда асаб тизими иши телефон станцияси комутатори конструкциясига ўхшатилади. Физиологик жараёнлар ўз-ўзини бошқариш механизмлари ҳамма томонлама ўрганилиши оқибатида “рефлектор халқа“ схемаси (Н.Бернштейн) юзага чиқди. Бу схемада 19 асрнинг 60 йилларида И.М.Сеченов, Цион ва Людвиг томонидан кашф этилган қайта боғланиш жараёнларига катта аҳамият берилди.
П. К. Анохин томонидан таклиф этилган “функционал тизим” схемаси кенг тарқалгандир. Бу схема физиологик жараёнлар ўз-ўзини бошқариш механизмлари ва хулқ-атвор реакциялари структурасини тушунтиради. Бу схема бўйича ҳар қандай мақсадга йўналтирилган фаолият “афферент синтез” орқали қарор қабул қилиш билан бошланади. “Афферент синтез” афферент информация тахлили ва синтезидан иборатдир. Афферент информациянинг ўзаро тенг бўлмаган тўрт манбаи мавжуд:
1) биологик мотивация (инстинктга оид эҳтиёжлар: овқат, жинсий, ҳимоя в.б.)
2) шароитга оид афферентация (ташқи муҳит ҳақидаги маълумотлар),
3) ишга киритувчи афферентация (реакциянинг бевосита қўзғатувчиси),
4) хотира (ҳаётий тажриба асосида вужудга келган ахборот).
Афферент синтез фаолият дастурининг шакллантирилиши билан тугайди. П. К. Анохин бўйича фаолият дастури принципиал жиҳатдан ўзаро фарқ қилувчи икки элементдан иборат:
1) эфферент фаолият дастури (ЭФД), яъни бажарувчи асбоблар – эффекторлар (скелет мушаклари, безлар, ички аъзолар) га юбориладиган асаб буйруқларининг муайян тартибдаги мажмуаси,
2) фаолият натижаси акцептори (ФНА), яъни кутилган оқибат модели.
Пайдо бўлган биологик ёки ижтимоий эҳтиёж маълум мия тузилмаларида қўзғалиш ҳосил қилиб, у ёки бу интилишни юзага чиқаради. Ҳар зумда аҳамияти каттарок бўлган интилиш доминантли, яъни устивор бўлиб олиб, унга сабабчи бўлган эҳтиёжни биринчи навбатда қониқтиришни талаб қилади.
Эҳтиёжни қондириш учун маълум режага асосланиб, тегишли хатти-ҳаракатларни амалга ошириш зарур. Ҳаётий тажрибаси бой бўлган одам ҳар гал янги режа тузиб ўтирмайди, аввал шундай шароитда тузилган режани хотирасидан топиб (эслаб), керак бўлса унга қўшимчалар киритиб, амалга оширади.
Қайси бир эҳтиёж ўзгармас шаритда кўп марталаб қондирилса, анча мустахкам бўлган кўникма ривожланади, унинг режаси хотирада сақланади ва мураккаб хатти-ҳаракатлар тузилмасига таркибий қисм сифатида киритилиши мумкин.
Фаолият дастурининг амалга оширилиши организм томонидан қайта афферентация (ҚА), яъни қайта боғланиш орқали баҳоланади. Мазкур звено мураккаб рефлектор ейни ёпиқ халқага айлантиради. Қўлга киритилган объектив натижа ФНАда кодлаштирилган – кутилган натижа билан таққосланади. Бу иккаласи бир хил бўлганда мазкур “функционал тизим” тугатилади, чунки организм ўз олдига қуйган мақсадга эришган бўлади. Шундай килиб, “функционал тизим” асаб тизими турлари элементлари (рецепторлардан бошлаб то бажарувчи аъзоларгача) нинг вақтинча бирлашмаси бўлиб, муайян вазифани бажариш учун вужудга келган.
Кутилган натижага эришилмаса, турли механизмлар ишга тушади: 1) натижасиз дастур қисқа муддатли хотирада сақланади ва унинг асосида ҳаракатлар такрорланади, 2) мақсадга эриша олмаслик салбий хиссиётлар туғдиради, улар эса интилишнинг ўзини ўзгартириши мумкин, 3) истак тургунлашади, уни кондириш учун хатти-ҳаракатлар дастури қайта ишланади ва мақсадга эришишга қаратилган фаолият давом этади.
Буларнинг ҳаммасидан кўриниб турибдики, одам хулқи қўзғатувчи реакция тамойилида эмас, организм ва муҳитнинг узлуксиз халқасимон ҳамкорлиги тамойилида кўрилган. Бу тасаввур А. А. Ухтомскийнинг доминанта тамойилига ҳам тўғри келади. Хулқ-атвор реакцияларининг бу структураси кибернетикадаги бошқариш тамойилларига жуда яқин ва тирик организм билан машиналар учун умумийдир. Хулқ-атвор реакцияларининг мазкур структураси электрон ҳисоблаш машиналари струтурасига ўхшайди. Маълумки, ЭХМ бошқа машиналар ва ишлаб чиқариш жараёнини махсус дастур асосида бошқариб туради.
“Халқасимон” моделлар хулқ-атвор реакциялари механизмлари ни тушунтириш йўлида илгари босилган қадамдир. Аммо ҳарқандай схема мия иш тамойилларини аниқлашдаги бир поғонадир. Аслида бу механизмларнинг ўзи анча мураккабдир.
Фойдали натижага эришишга қаратилган фаолиятга интилиш одам миясига олдиндан киритилган ва фақат биологик мотивациялар, фақат организм ҳаётини сақлаб қолишга йўналтирилган эмас.
Одам фаол хулқи аксарият юксак мақсадларга қаратилган бўлиб, бу йўлда у “муҳит билан бўлган мувозанатни“ бузиши, гомеостзни издан чиқариши ва хатто ҳаётини қурбон этиши мумкин (бунга космонавтлар, гаввослар, альпинистлар в.б. фаолияти мисол бўлади).
Одам нафақат биологик эволюция махсули, балки ижтимоий муҳит махсули ҳамдир. Одам мияси фаолияти инсоният бутун тарихий тажрибасига ҳам боғлиқ. Қайта боғланиш орқали гомеостазни сақлашга қаратилган схемалар хулқ-атвор механизмларини тушунтира олмайди. Физиологиянинг мия фаолияти механизмларини ўрганувчи тармоқлари ҳозирги вақтда тез ривожланиб бормоқда ва бу механизмларни тўла очиш келажакка тааллуқлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |