Таъм билиш анализатори
Таъм ҳам хид сезгисига ўхшаб хеморецепцияга асосланган. Таъм билиш рецепторлари огизга тушадиган моддаларнинг характери ва концентрацияси, унинг сифатини аниқлайди. Бу рецепторларнинг қўзғалиши ҳазм аъзолари турли фаолиятини бошқариб берувчи ёки зарарли моддаларнинг организмдан чиқарилишига олиб келувчи қатор рефлексларни юзага чиқаради.
Таъм билиш рецепторлари (кўртаклари) тилда, халқум орқа девори, юмшоқ танглайда, бодомчалар ва хиқилдоқ усти тогай шиллиқ пардасида жойлашган. Улар кўпроқ тил учи, қирралари ва илдизида учрайди. Таҳминан 10000 таъм билиш кўртакларидан ҳар бири бир неча (2-6) рецептор ҳужайра ва ундан ташқари таянч ҳужайралардан иборат. Таъм билиш кўртаги колбасимон бўлиб, оғиз шиллиқ пардасига чиқмайди, оғиз бўшлиги билан таъм билиш тешиги орқали боғланган.
Таъм билиш ҳужайралари организмдаги эпителиал ҳужайралардан энг қисқа яшайдиганлардир, ҳар 250 соатда ҳар бир ҳужайра кўртакнинг четидан марказга қараб ҳаракат қилувчи еш ҳужайра билан алмашинади. Ҳар бир рецептор ҳужайранинг 30-40 ингичка микроворсинкалари таъм билиш тешикчаси томон чиқиб туради. Айнан мана шу микроворсинкаларда кимёвий моддалар таъсирини қабул қилиб олувчи молекулалар бор ва шу ерда рецептор потенциали генерация қилинади деб ҳисобланади. Барча таъмлар сезувчанлигининг ўтказувчи йўллари бўлиб ноғора тори ва тил-халқуми нерви хизмат қилади. Уларнинг узунчоқ миядаги ядроларида таъм билиш анализаторининг биринчи нейронлари жойлашган.
Таъм билиш анализаторининг иккинчи нейронлари мия стволининг якка тутам ядросида, учинчи нейронлари таламусда жойлашган. Учинчи нейронлар аксонлари таъм билиш пўстлоқ марказига – орқанги марказий пушта ва гиппокампга боради.
Таъм билиш сезгилари асосан 4 хил бўлади: ширин, нордон, шўр, аччиқ (тахир). Бу сезгиларнинг ҳар бири махсус рецепторлар таъсирланганда пайдо бўлади деб ҳисобланар эди. Сўнгги йилларда аниқланишича таъм сезгилари толалар катта гуруҳида импульслар частотасининг турлича тақсимланишига боғлиқ, чунки толалар таъмли модда билан бир вақтда, аммо турлича қўзғатилади.
Турли одамларда таъм сезувчанлигининг бўсағаси турлича бўлади, баъзиларда бирон таъмга нисбатан сезувчанлик умуман бўлмаслиги мумкин. Бундан ташқари сезувчанлик бўсағаси кўп жиҳатдан организм ҳолати (масалан, ҳомиладорлик, очлик в.ҳ.) га боғлиқ.
Мутлак таъм сезувчанлигини ўлчашда унинг икки баҳоси ажратилади: номаълум бирон таъмнинг (дистилланган сув таъмидан фарқ қиладиган) пайдо бўлиши ва муайян таъмнинг сезилиши. Иккинчи сезгининг пайдо бўлиш бўсағаси баландроқ. Фарқлаш бўсағаси модданинг ўртача концентрациясида минимал, концентрация ошганда у ҳам ошади. Шунинг учун қанднинг 20% эритмаси энг ширин, ош тузининг 10% эритмаси энг шўр, хлорид кислотанинг 0,2% эритмаси энг нордон ва хинин сульфатининг 0,1% эритмаси энг аччиқ сезилади.
Таъмли моддаларнинг таъсири остида адаптация (таъм сезгисининг пасайиши) кузатилади. Адаптациянинг давом этиши эритма концентрациясига муносиб. Ширин ва шурга адаптация тезроқ ривожланади, аччиқ ва нордон моддаларга эса секинроқ. Бир модданинг таъсири иккинчи моддага нисбатан сезувчанликни ўзгартириши мумкин. Бир неча таъмли моддалар бир вақтда ёки навбат билан таъсир этганда баъзан янги таъм сезгиси келиб чиқиши ёки таъмларнинг аралашиб кетиши кузатилади. Аччиқ таъмга нисбатан адаптация шўр ва нордон моддаларга нисбатан сезувчанликни оширади, ширинга адаптация қолган барча моддаларга сезувчанликни оширади.
Эволюция жараёнида таъм овқатни танлаш ёки рад этиш механизми сифатида шаклланган. Табиий шароитда таъм сезгисига овқат таъсиридан пайдо бўлган хид, тактил ва ҳарорат сезгилари ҳам қўшилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |