Ҳарорат сезувчанлиги
Атроф-муҳитдаги ҳароратнинг ўзгариши ҳақидаги ахборот организмга терморецепторлар фаолияти туфайли қабул қилинади. Терморецепторлар терининг турли худудларида, айниқса бош (бет) ва бўйин терисида, ички аъзоларда (меъда, бачадон, нафас йўллари, сийдик пуфаги ), скелет мушакларида, кон томирларда, марказий асаб тизимида (гипоталамус, катта ярим шарлар пўстлоғи, ретикуляр формация, орқа мия ) жойлашган.
Теридаги ҳарорат рецепторларини икки гуруҳга: совуқни сезувчи ва иссиқни сезувчи рецепторларга ажратадилар. Совуқни сезувчи рецепторларга Краузе колбалари, иссиқни сезувчиларга Руффини таначалари тааллуқли. Совуқни сезувчи рецепторлар жуда кўп, уларнинг умумий сони 250000 га яқин. Улар эпидермис остида тери юзасидан 0,17 мм чуқурликда жойлашган. Иссиқликни сезувчи рецепторлар чуқурроқда терининг хусусий қатламида, унинг юзасидан 0,3 мм чуқурда жойлашган. Иссиқни сезувчи рецепторлар сони 30000 яқин бўлиб, совуқни сезувчи рецепторлардан камроқ.
Совуқни сезувчи рецепторларда 10 градус С дан 41градус С гача доимий импульсация кузатилади, уларнинг оптимал сезувчанлиги 15 дан 30 градус С гача ҳароратда бўлади. Иссиқни сезувчи рецепторлар 20 дан 50 градус С гача бўлган ҳароратда ҳаракат потенциалининг мунтазам частотасини ҳосил қилади, уларнинг оптимал сезувчанлиги 34-42 градус С да кузатилади.
Терморецепторларни специфик ва носпецификка ажратиш мумкин. Биринчиларини фақат ҳарорат таъсири қўзғатади, иккинчилари механик таъсиротларга ҳам жавоб қайтаради. Терморецепторларнинг тафовутловчи сезувчанлиги жуда юксак, ҳароратнинг 0,2 градус С га ўзгариши улар импульсациясини ўзгартиради.
Ҳозирги вақтда терморецепторлар, улар билан боғлиқ марказий тузилмалар фаоллигини ва одам сезгисини аниқловчи энг муҳим омил ҳароратнинг мутлақ катталиги ҳисобланади. Шу билан бирга ҳарорат сезгиси тери ҳарорати билан таъсир этаётган ҳарорат орасидаги фарқ, таъсир этиш жойи ва майдонига боғлиқ. Агар қўлни 27 градус С ҳароратли сувдан чиқариб, 25градус С ҳароратли сувга ботирсак, бошида сув совуқдай сезилади. Қўлни 34градус С гача иситилган сувдан ҳарорати 31градус С бўлган сувга ўтказилганда ҳам совуқ сезилгандай бўлади, лекин тезда ҳароратга реал баҳо берилади.
Совуқни сезувчи рецепторлардан импульслар орқа мияга А дельта типдаги миелинли толалардан, иссиқни сезувчи рецепторлардан С типдаги миелинсиз толалардан ўтказилади. Орқа миядаги иккинчи нейронлардан спиноталамик йўл бошланади. Бу йўлни ташкил этган толалар орқа миянинг ҳар бир сегментида ўзаро кесишиб, кўрув думбоғларига кўтарилади. Ҳарорат тўғрисидаги информациянинг бир қисми гипоталамусдаги терморугуляция марказларига, бошқа қисми катта яримшарлар пўстлоғининг сенсомотор зонасига боради.
Мия пўстлоғида ва лимбик тизимда иссиқ, совуқ ва ҳароратга оид комфорт (яъни на совуқ, на иссиқни сезмаслик) сезгилари шаклланади.
Терморецепторлар орқали олинадиган ташқи муҳит ҳарорати ҳақидаги ахборот гавда ҳароратини бошқариш жараёнлари учун муҳим аҳамиятга эга
Do'stlaringiz bilan baham: |