Анализаторларнинг ўзаро таъсири ва адаптацияси Анализаторлар нейронларининг ўзаро таъсири икки асосий механизм ёрдамида амалга ошади: қўзғатувчи ва тормозловчи. Қўзғатувчи ўзаро таъсир бирин-кетин жойлашган нерв қатламлари элементлари орасида, тормозловчи асосан бир қатламдаги нейронлар орасида кузатилади.
Қўзғатувчи ўзаро таъсир қуйидаги йўллар билан уюштирилади:
1) ҳар бир нейрон аксони юқоридаги қатламга келиб, бир неча нейронлар билан контакт ҳосил қилувчи бир неча тармоқларга бўлинади;
2) “дендрит дарахти”, яъни нейроннинг кириш қисми, одатда олдинги қатламдаги бир эмас, бир неча ҳужайралар аксонлари билан синапс ҳосил қилади. Бунинг оқибатида анализаторлар нейронларининг барчаси амалда проекцион майдонга, яъни анализаторнинг бундан кейинги ва нисбатан юксакроқ босқичларидаги у билан боғлиқ нейронлар мажмуасига эга.
Анализаторларнинг ўзаро таъсири сигнал, ретикуляр, таламик ва пўстлоқ босқичларида амалга оширилади. Сигналлар интеграцияси ретикуляр формацияда айниқса кенг. Катта яримшарлар пўстлоғида юксак тартибли сигналлар интеграцияси содир бўлади. Кўпчилик пўстлоқ нейронлари бошқа сенсор ва номахсус тизимлар билан кўп сонли алоқа ҳосил қилиш натижасида турли сигналлар мураккаб камбинацияларига жавоб қайтариш қобилиятига эга.
Импульслари мазкур нейронга келиб тушувчи рецепторлар йиғиндиси нейроннинг рецептив майдони дейилади.
Шуни ҳам назарда тутиш керакки, барча нейронларнинг бир вақтнинг ўзида рецептив ва проекцион майдонлари бор. Улар қисман устма-уст тушади. Бир нейрон рецептив майдонига кирувчи рецепторларнинг бир қисми қўшни нейрон рецептив майдонига ҳам киради. Бирон-бир рецептор проекцион майдонига кирувчи нейронларнинг бир қисми қўшни рецептор проекцион майдонига ҳам кириши мумкин. Ҳужайраларнинг бундай мураккаб ўзаро таъсири анализаторда нерв тури деб аталган тузилмани ҳосил қилади. Бунинг оқибатида анализаторларнинг сезувчанлиги ошади ва муҳит шароитига мосланувчанлиги яхшиланади.
Анализаторлардаги тормозловчи ўзаро таъсир тормозловчи киритма нейрон (интернейрон) лар ёрдамида амалга оширилади. Қўзғалган нейрон тормозловчи интернейронни фаоллаштиради. Интернейрон эса ўз навбатида уни қўзғатган унсур импульсациясини ва қўшни қатлам унсурларини тормозлайди. Мазкур механизм ҳисобига ортиқча ахборот камайтирилади.
Анализатор барча звенолари ўзаро боғланган ва ўзаро бир-бировини бошқарувчи бир бутун тизим сифатида ишлайди. Анализатор барча босқичлари ҳолати амалда бевосита ёки воситали йўл билан ретикуляр формация томонидан назорат қилинади. Ретикуляр формация анализаторнинг барча қисмларини бир тизимга бирлаштиради, миянинг бошқа бўлимлари ва бутун организм билан интеграциялайди. Мазкур интегратив фаолиятда анализаторлар адаптацияси муҳим роль ўйнайди. Адаптация анализаторларнинг умумий хоссаси бўлиб, улар барча звеноларининг узоқ муддат таъсир этиб турган таъсирловчи доимий жадаллиги (интенсивлиги) га мослашувидан иборатдир. Адаптация анализатор мутлақ сезувчанлигининг пасайиши ва кучи бўйича мослаштирувчига яқин бўлган стимулларга нисбатан анализаторларнинг тафовутловчи сезувчанлигининг кучайишида намоен бўлади. Адаптация доимий таъсирловчи таъсирига субъектив ўрганишда намоён бўлади.
Адаптацион жараёнлар рецепторларда бошланади ва анализатор барча нейронларини қамраб олади. Адаптация фақат висцеро-, вестибуло- ва проприорецепторларда деярли ривожланмаган. Адаптация жараёнларининг тезлиги бўйича рецепторлар тез ва секин адаптацияланадиганларга бўлинади. Тез адаптацияланувчан рецепторлар адаптация ривожланиши билан ўзидан кейинги нейронга давом этаётган таъсирот тўғрисида умуман билдирмайди. Секин адаптацияланувчан рецепторлар эса ахборот бериб туради, лекин жуда камайтирилган кўринишда.
Ҳозирги вақтда рецепторлардан юксак сезувчи марказларга борувчи афферент оқимнинг МНТ томонидан амалга ошириладиган эфферент назорат таъсирида қайта тузилиши, ўзгартирилиши ҳақида жуда кўп маълумотлар бор. Бу назорат анализаторнинг барча нейронларини қамраб олган. Эфферент таъсирнинг йўллари турлича: рецепторларнинг қон билан таъминланишини ўзгартириш, рецептор ёрдамчи аппарати мушак тонусига таъсир этиш, рецепторлар ва кейинги босқичлардаги нейронлар ҳолатига таъсир этиш. Анализаторлардаги эфферент таъсирлар аксарият тормозловчи характерга эга, яъни улар сезувчанлигини пасайтиради ва афферент сигналлар оқимини чеклаб қўяди.