Мавзу: Анализаторлар физиологияси. Кўрув анализатори
Анализаторлар физиологияси
Ташқи муҳит ҳолати ва ўзгаришлари ҳақида мунтазам ахборот қабул қилиш, бу ахборотни қайта ишлаш ва унинг асосида бўлажак фаолият режа ва дастурларини тузиш одам учун зарурдир. Организмга ташқи ва ички муҳит тўғрисидаги ахборот ҳаёт учун зарур бўлган гомеостазни таъминлаб туриш учун ҳам керак. Бу ахборотларни МНТ га анализаторлар деб номланган қатор механизмлар ва системалар етказиб беради.
Анализаторлар ёки сенсор тизим деб, кўп сонли ихтисослашган қабул қилувчи асбоблар – рецепторлар, шунингдек оралиқ ва марказий асаб ҳужайралари ва уларни боғлаб турувчи асаб толаларидан иборат нерв системасининг қисми аталади. Анализаторлар ахборотнинг мияга кириши ва бу ахборотнинг тахлил қилиниши тизимларидир. Ҳар бир анализаторнинг иши мия учун ташқи бўлган физик ёки кимёвий энергияни рецепторлар томонидан қабул қилинишидан бошланади. Бу энергия нерв сигналларига айлантирилади ва қатор босқичлардан иборат нейронлар занжири орқали мияга узатилади. Сенсор сигналларнинг узатилиш жараёни уларнинг кўп мароталаб қайта ҳосил бўлиши ва қайта кодлаштирилиши билан кечади ва энг юксак анализ ва синтез (образни аниқлаш) билан тугайди. Шундан кейин организмда жавоб реакцияси танланади ёки ишланади, бу эса анализаторлар функциясига кирмайди.
Сенсор аъзолар таъсирланиши ва улардан импульслар келиши туфайли бош мия катта яримшарларида сезгилар, идроклар, тасаввурлар, яъни ташқи олам хиссий инъикосининг турли формалари юзага чиқади. Сезгиларда объектив ва субъектив ҳодисаларнинг диалектик бирлиги намоён бўлади: сезгилар объектив, чунки борликни акс этдиради, бир вақтнинг ўзида улар субъектив – инсон уларни хис қилади. Сезгилар фикрлаш жараёни асосидир.
Анализаторлар ҳақидаги таълимот И.П.Павлов томонидан яратилган, бу атама ҳам 1909 й. унинг томонидан физиологияга киритилган. Таъсиротларни қабул қилишда, қўзғалишларни ўтказишда қатнашадиган нейронларнинг барчасини, шунингдек мия пўстлоғининг қўзғалишларни тахлил этувчи ҳужайраларини И.П.Павлов анализаторлар деб атади. Ҳар бир анализатор уч қисмдан иборат:
1) анализаторнинг четки бўлими – таъсиротни қабул қилувчи рецепторлар ёки рецептор аппарати,
2) ўтказувчи бўлими – афферент нейронлар ва ўтказувчи йўллар,
3) анализаторларнинг марказий бўлими – афферент сигналларни қабул қилувчи мия катта ярим шарлар пўстлоғи нейронлари — пўстлоғ марказлар.
Анализаторлар функциясини текширишда турли экспериментал ва клиник усуллар, психофизиологик текширувлар, шартли рефлекслар усули билан ҳайвонларда сенсор жараёнларни текшириш, электрофизиологик, морфологик, биокимёвий анализ, у ёки бу вегетатив функциялар кўрсаткичлари бўйича сенсор жараёнларни текшириш в.б. усуллардан фойдаланадилар. Сўнгги йилларда сенсор функцияларни моделлаштириш ва уларнинг протезларини ясаш кенг тарқалмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |