Адекват овкатланиш. А.М.Уголев таклиф этган адекват овқатланиш назарияси балансланган овқатланиш назарияси тамойилларига асосланган ва овқат билан қабул қилинган энергия организм энергия сарфини тўла қоплаши кераклигини эътироф этади. Аммо бу назариядаги баъзи йўналишларга аниқлик киритилади, баъзи тушунчаларга янгича ендашилади.
Адекват овқатланиш назарияси буйича овқатланиш орқали организмнинг молекуляр таркиби,энергетик ва пластик харажатлари тўлдирилади. Шунинг учун озиқ моддалар мажмуаси ва хоссалари овқат ҳазм қилиш тизими ферментлари ва изоферментлари йиғиндисига мос бўлиши керак. Бундай мослик (адекватлик) бўшликдаги ва мембрана ҳазм жараёнларида бўлиши керак. Ичаклардан сўрилаётган озиқ моддалар резорбция механизмларига адекват бўлиши лозим.
Мазкур назарияда ҳазмланишнинг уч босқичлигига эътибор қилинади ва индивидуал ва турга оид овқатланишнинг ҳазмланиш учала босқичига ҳам адекват бўлиши зарурлиги уқтирилади.
Бу ўзаро мосликнинг бузилишига турли ферментопатиялар, чунончи лактаза етишмовчилиги мисол бўлади. Бундай ҳолатда овқат рационига қўшилган сут ноадекват овқат туридир. Адекват овқатланиш назариясида овқат таркибидаги балласт моддаларнинг кўп жиҳатдан муҳимлигига алоҳида урғу берилган.
Адекват овқатланиш назариясининг муаллифи озиқ моддаларни ассимиляция қилувчи организмнинг ўз эндоэкологияси мавжуд деб ҳисоблайди. Бу эндоэкологияни ичак микрофлораси ҳосил қилган. Нутриентларнинг биринчи оқими овқат ҳазмланиши ва сўрилиши оқибатида пайдо бўлади. Бундан ташқари ичак микроорганизмлари фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи озиқ моддаларнинг иккиламчи оқими ҳам бор. Бу фаолиятни эндоген ва экзоген омиллар, яъни қабул қилинган овқатнинг таркиби ва хоссалари, унинг ҳазм йўлларида сўрилиши аниқлаб туради. Шуларга боғлиқ ҳолда микроорганизмларга нимадир етарли, бошқа бир нарса етарли бўлмай қолади. Оқибатда микроорганизмлар сони ва таркиби, хоссалари, иккиламчи озиқ моддаларнинг оқими, унинг таркибидаги алмаштириб бўлмайдиган, биологик фаол моддалар ва токсинлар ўзгариб туради.
Овқат таркибий қисмларидан, уларнинг гидролизи ва микроорганизмлар иштирокида трансформацияси натижасида организм физиологик тизимлари фаолиятини бошқарувчи моддалар ҳосил бўлади. Шунинг учун овқат нафақат озиклантирувчи хоссага эга, балки у кўпгина физиологик жараёнларни (хулқ-атвор, ҳимояланиш, жумладан иммун механизмларни) кенг миқёсда ўзгартириш қобилиятига эга. Тирик тизимлар турли даражали уюшмалари-ҳужайра, аъзо ва организм томонидан ҳаёт учун зарур бўлган моддаларнинг ассимиляцияси умумий қонуниятларини ўрганувчи фан – трофологияни А.М.Уголев асослади.
Do'stlaringiz bilan baham: |