5.3. Қарор қоидасини танлаш Харид олдидан вариантларни танлаш жараёнининг сўнгги элементи бўлиб қарор қоидаси ҳисобланади. Қарор қоидаси истеъмолчи томонидан сўнгги танловни қабул қилишдаги стратегияни англатади. қарор қоидалари диапозони кам вақт сарфларига эга бўлган соддалаштирилган жараёнлардан тортиб жуда мураккаб ва меҳнат талаб қиладиган сай-ҳаракатлар билан боғлиқ бўлган жараёнлар ҳисобланади.
Кундалик (оддий) танловда қарор қоидаси жуда оддийдир: «Ўтган йили харид қилган маркани яна сотиб оламан». Танлов ҳар доимгидай бўлмаган тақдирда ҳам истеъмолчи соддалаштирилган қарор қоидаларини қабул қилиши мумкин, масалан: «Энг арзонини харид қиламан» ёки «Эрим яхши кўрадиган маркани харид қиламан». Бу ҳолат шунинг учун пайдо бўладики, истеъмолчи доимо ушбу қарорни амалга ошириш учун зарур бўлган унда мавжуд бўлган вақт ва сай-ҳаракат миқдори билан «энг яхши» маркани харид қилиш истаги орасида бўлади. Кўпчилик ҳолларда истеъмолчилар минимал вақт сарфлари ва сай-ҳаракатлари шароитида қониқарли натижа берувчи қоидаларга амал қилишади. Бундай соддалаштирилган қоидалар, муҳимлиги ёки манфаатдорлиги даражаси бўйича нисбатан паст бўлган такрорланадиган товар танлови учун қўлланилади.
Қарорларнинг компенсация қилинмайдиган қоидалари буюмнинг кучсиз томонлари унинг кучли томонлари билан компенсация қилинмаслиги билан тавсифланади. Ушбу ҳолатни қуруқ нонушталар мисолида кўриб чиқамиз. Ишлаб чиқарувчилар истеъмолчиларнинг соғлом овқат харид қилиш хохишига қараб, маҳсулотлардаги туз ва ёғ миқдорини камайтиришади. Агар ушбу қўшимчалар жуда кам миқдорда бўлса қуруқ нонушталарнинг таъми ёмонлашади. Модификациялашган маҳсулот озуқавий хоссалари бўйича устун турсада, бу ҳолат таъмнинг камчилигини тўлдира олмайди.
Қарорларнинг компенсация қилинмайдиган қоидаларининг уч типи мавжуддир: лексикографик, мустасно (жиҳатларни камайтириш), аралаш тип.
Лексикографик усулда қарорлар дастлаб маркаларнинг энг муҳим кўрсаткичлари бўйича таққосланади. Агар бирор бир марка ушбу кўрсаткич бўйича энг яхши деб топилса, бу танлаб олинади. Агар икки ёки ундан ортиқ марка бир хил деб топилса, улар бошқа бир муҳим кўрсаткич бўйича таққосланадилар. Бу жараён улар орасидаги алоқа узилмагунича давом этади.
Мустасно (жиҳатларни камайтириш) усулининг лексикографика усули билан яқин томонлари мавжуддир. Маркалар дастлаб энг муҳим кўрсаткичлар бўйича баҳоланадилар. Бу усулда истеъмолчи ниманидир олиб ташлайди. Масалан, истеъмолчи «2$ дан қиммат бўлмасин» ёки «Мазали бўлиши шарт» деб тўсиқ қўяди.
Лексикографик усулда қарорлар қабул қилиш қоидаларини 5.2-жадвал асосида кўриб чиқиш мумкин.