БИР БОР ЭСЛА...
Кузда узилган япроқман.
Наҳот ортга қайтолмасам.
Айрилиқдан кўнгли доғман,
Тўлиб битди сабр косам.
Нима хато қилган эдим?
Ишққа борим этдим фидо.
Ёр деб кўксим тилган эдим,
У айлади мени гадо.
Нур берувчи ҳаётимга
Қуёш эдинг сен муҳаббат.
Сирим айтай энди кимга?
Сирдош эдинг сен муҳаббат.
Қўлларимдан тутиб фироқ,
Олиб борар зулмат томон.
Дилдан қувонч кетиб йироқ
Бахт қиссаси бўлди тамом.
Майли, бахтли бўл дилдорим,
Шодон ўтказ ҳар кунингни
Соғинсанг гар дилсиз ёрим,
Бир эслаб қўй Мажнунингни.
УНУТОЛМАЯПМАН
Кунларим ўтмоқда йўқ бирор маъно,
Ишқим оташини ютмоқда само,
Ҳаракат қилдим-у неча бор, аммо,
Унутолмаяпман қанча уринмай.
Оламда менингдек кўнгли пора йўқ,
Йўлидан адашган бир бечора йўқ,
Армонларим бисёр, бирор чора йўқ,
Унутолмаяпман қанча уринмай.
Ором йўқ тунларда ғамга ботсам ҳам,
Ёлғизлик қаърида совуқ қотсам ҳам,
Исминг юрагимдан юлиб отсам ҳам,
Унутолмаяпман қанча уринмай.
Кўнгил яралари қачон битади?
Ҳижрон юрагимни тирнаб ўтади,
Бахтингни топ, дилбар, шу ҳам етади,
Унутолмаяпман қанча уринмай.
ТЎРТЛИКЛАР
Азим дарахтларни қулатган бўрон,
Юрак гардларини учиролмайди.
Лек муштипар онам бир бор кулган он,
Кўнгилда заррача ғубор қолмайди.
* * *
Дунёда бисёрдир буюк инсонлар,
Биргина сўз ила бахш этар ҳаёт.
Ва лек бир сўз билан айрим ёмонлар,
Одамлар умрини қилишар барбод.
* * *
Яхшиликка ёмонлик разилларнинг ишидир,
Яхшиликка яхшилик фозилларнинг ишидир.
Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтарган,
Комилликка эришган жуда улуғ кишидир.
* * *
Қийинчиликларга дош бериб бардам,
Кулгу ила енгмоқ нақадар ширин.
Ёруғликни изла зулматларда ҳам,
Ёдда тут тундан сўнг кундуз борлигин.
* * *
Донишмандлар гўзал ҳаётнинг нақши,
Доно сухбатига ошиқгин, жўра.
Игна билан қудуқ қазганинг яхши,
Нодон ила сухбат қургандан кўра.
* * *
Ҳар кимнинг ўз камчилиги бор,
Гўзал, кучли, камбағал, бойнинг.
Бегуноҳ бир Ҳақ Парвардигор,
Ҳатто юзда доғи бор ойнинг.
* * *
Сен ўзгага кетдинг. Дилим қийноқда,
Минг битта бўлакка бўлинди кўнглим.
Юзимда порлаган табассум сохта,
Юрак ўксиб йиғлар... Забон эса жим...
* * *
Барпо бўлсин бизга бахтнинг биноси,
Бормикан борлиқда бўсанг баҳоси.
Берган балоларинг бўлди-ку бисёр,
Боқий бирга бўлсак бўлгум бахтиёр.
* * *
Дард алам эзмоқда, юрагим оғрир,
Сен кетган кундан сўнг жўш уролмади.
Биласанми нега ёғмоқда ёмғир,
Дардим айтган эдим... Жим туролмади...
Do'stlaringiz bilan baham: |