БЕҒАМ ДИЛДОР
Беғам дилдор, қалбим бедор, сен билмадинг,
Куйиб битдим, роса кутдим, бир келмадинг,
Осмон бўлдим, лекин ой каби тўлмадинг,
Сени севиб хато қилдим, нетай гулим?
Жавоб бергин, сўнг олдингдан кетай гулим?
Фақат алам, бўлди ҳамдам оғир кунда,
Меҳринг керак, телба юрак оғрир кунда,
Дил кўкида шаррос ёғар ёмғир кунда,
Сени севиб хато қилдим, нетай гулим?
Жавоб бергин, сўнг олдингдан кетай гулим?
Қасам ичдинг, нега кечдинг, айт, сўзингдан?
Эртак битди, айб ўтди бир ўзингдан,
Қайтма соғинч ёши томса гар кўзингдан,
Сени севиб хато қилдим, нетай гулим?
Жавоб бергин, сўнг олдингдан кетай гулим?
БЕРАҲМ ЁР
Бераҳмроқ чиқди кўнгил суйгани,
Қийналса ҳам ҳали йўқдир тўйгани,
Қайс-у Фарҳодларнинг қанча куйгани,
Сабоқ бўлолмади телба юракка.
Тоғлардаги тошдан унинг бағритош,
Эритаман дея тўкдим қанча ёш,
Курраи заминга нур сочган қуёш –
Чироқ бўлолмади телба юракка.
Чиройин йўқотди оламлар рангги,
Тўхтамас юраг-у ақлимнинг жангги,
Пари-пайкарларнинг ҳийла найрангги,
Тузоқ бўлолмади телба юракка.
Кўкламим айирма, гул юзим, кузга,
Зор этма дилингда яширган сўзга,
Қалбимнинг эгаси, ўзингдан ўзга
Ҳамроҳ бўлолмади телба юракка.
КЎНГИЛ ИЗҲОРИ
Юрак пештоғига ин қуриб олдинг,
Қалбинг қафасига этдинг-ку банди.
Кўксимга муҳаббат ўтини солдинг,
Унинг ҳовурини бостиргин энди.
Оловдир юрагим, чўғдир юрагим,
Ҳаёлдан бир лаҳза кетмайсан нари.
Сен Лайлим, Шириним, танҳо керагим,
Ошиқ бўлдим сенга Мажнун сингари.
Дунё ташвишларин қўйдим унутиб,
Азоб чекмоқдаман ишқингда аҳир.
Ўйлайман, ошиқлар минг азоб ютиб,
Севги висолига етган-ку оҳир.
Кел,бахтли бўламиз,қўлинг бер жонон,
Сенга боғлангандир тақдирим, йўлим.
Бизни айиролмас ҳеч ким, ҳеч қачон,
Айириши мумкин биргина ўлим.
НОМА
Тубсизликнинг энг тубига равона бўлдим нигорим,
Фироқдан куйган юракка ҳамхона бўлдим нигорим,
Мажнун зор кезган чўлларда сарсона бўлдим нигорим,
Кўзларинг денгиз экан-ку, чўкканимни билмай қолдим.
Саҳроларда адашгандай ўртанмоқдаман қийноқда,
Қўлларга кишан солинган, ожиз вужудим сиртмоқда,
Қаро бахтимнинг шаҳрида тинмайин ёмғир ёғмоқда,
Муҳаббат деб қанча кўз ёш тўкканимни билмай қолдим.
Ўзимга ўзим айбдор, ўзимга ўзим қозиман,
Севги билан нафрат аро аросатда тарозиман,
Ишққа уруш бошламоққа бир умрга ҳам розиман,
Шу ишқ дея битмас азоб чекканимни билмай қолдим.
АЛВИДО
Йиғлама ,қалбимнинг ёғизи,
Мен энди ортимга қайтмайман.
Сўнди-ку бахтимнинг юлдузи,
“Севаман” деб асло айтмайман.
Йиғлама , қалбимнинг ёлғизи,
Юрагим забт этди қайғулар.
Қуриди севгимиз илдизи,
Хор бўлди покиза туйғулар.
Йиғлама , қалбимнинг ёлғизи,
Юракдан борингни олиб кет.
Эслаб юр кеча-ю кундузи,
Йиғлама, сен фақат кулиб кет.
Йиғлама, қалбимнинг ёлғизи
Бахтли бўл, бахтингга жон фидо.
Телба юрагимнинг сўнгсўзи –
Алвидо, дилдорим, алвидо...
Do'stlaringiz bilan baham: |