4. Миллий маданият. Анъана, урф-одат ва маросимлар.
Тарихий этнология фани этнографиядан, яъни халқлар турмуш тарзи, моддий ва маънавий маданиятини тавсифлашдан бошланган. XX асрда мутахассис олимлар ва тадқиқотчилар томонидан асосан маълумотларни йиғиш ишлари бажарилган. Айниқса, бунга айнан мазкур даврда дунё бўйича олиб борилган мустамлакачилик сиёсати ҳам бевосита кўмаклашган бўлиб, бу сиёсат мустамлака мамлакатларнинг маданияти, турмуш-тарзи ва умуман миллий хусусиятларидан батафсил хабардор бўлишни тақазо этар эди.
Тадқиқотчилар томонидан маълум даражада фактик материаллар йиғилгандан кейин этнологик йўналишдаги тадқиқотларда йиғилган материалларни умумлаштириш ва маълум бир назарий-методологик концепцияга суянган ҳолда таҳлил қилиш жараёни бошланди.
Замонавий этнология фанида тадқиқот мавзуси янада чуқурлаштирилган ҳолда дунёдаги энг йирик этнослардан тортиб энг митти халқларни янада изчил ўрганишга ва уларнинг аъанавий ҳамда замонавий турмуш тарзи, маданиятини билишга катта эътибор қаратмоқда.
Умуман олганда, инсониятнинг бир неча минг йиллик тарихи давомида турли-туман маданиятлар мавжуд бўлган. Ҳар бир маданият, шубҳасиз, маълум бир этнос ёки этник жамоа таъсирида шаклланади. Хилма-хил этномаданиятлар ичида олимлар анъанавий (археик) маданиятни алоҳида ажратиб кўрсатишади. Анъанавий маданият дейилганда биз турли этнос намояндалари, яъни бир неча авлод вакиллари томонидан бир неча асрлар мобайнида йиғилган ва бир авлоднинг ўргатилиши натижасида унутилиб кетмаган урф-одатларни тушунамиз.
Ҳар бир миллий-этник маданият ўзига хос хусусиятлари билан ажраб туради ва ўзига хослик турли-туман нарсаларда намоён бўлиши мумкин. Хар бир этник маданият ўзига хос мантиққа эга ва айнан мазкур мантиқ асосида мазкур маданиятга хос асосий ўзгармас ва иккинчи даражали ўзгарувчан хусусиятларни изоҳлаш мумкин.
Анъанавий миллий маданиятни яхлит ва кўп қиррали ҳодиса сифатида ўрганиш, унинг тузилиши, асосий кўринишлари, шаклларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис биз этномаданият эволюцияси ва умумқабул қилинган маданият таснифидан келиб чиқиб, халқ маданиятининг асосий соҳаларига тўхталиб ўтамиз. Ҳолбуки, этномаданият ва унинг таркибий қисми бўлган анъанавий халқ маданият тизимининг таркибий қисмида: халқ донишмандлиги, халқ фалсафаси, халқ эътиқоди, халқ педагогикаси, халқ одатлари, халқ ижоди, халқ ўйинлари, дам олиш маданияти, халқ пазандалиги, миллий либослар, халқ меъморчилиги, халқ амалий санъати, халқ табобати, халқ турмуш маданияти каби кўплаб соҳаларни ажратса бўлади.
Анъанавий халқ маданиятининг барча соҳаларида авлодларнинг дунёқарашлари, фалсафий тушунчалари ўз аксини топганлиги учун этномаданият таркибида халқ донишмандлигига алоҳида эътибор бериш лозим. Бунинг сабаби шундаки, халқнинг ғоя, фикр, билим, дунёқарашини ифода этган этномаданият кўринишини халқ фалсафий донишмандлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, халқ маданиятининг фалсафий-ғоявий мазмуни қанчалик чуқур бўлса, унинг шакли ҳам шунча бақувват, ижтимоий аҳамияти кучли, умри ҳам боқий бўлар экан.
Халқ маданияти дейилганда кенг маънода этноснинг ҳаётидаги барча қадриятлар тушунилса ҳам, унинг туб маънодаги негизини халқ анъаналари ҳосил қилади.
Этнология фанида «маросим», «урф-одат», «анъана», «байрам»лар фаннинг асосий тадқиқот обьекти тарзида кенг қўлланилади. Чунки ҳар бир халқни шаклланиш жараёни билан бирга унга хос ва мос миллий-этник анъаналар, урф-одатлар, маросимлар ва байрам ва сайиллар шаклланиб тараққий этиб боради. Улар кишилар турмуш-тарзининг муҳим бир бўғини тарзида таркиб топиб боради.
Этнология фани шаклланган даврдан бошлаб миллий анъаналарни, расм-русумлар ва урф-одатларни халқ маданиятининг феномени тарзида ўрганишни долзарб муаммоларидан бири саналиб келган. Айниқса, Республикамизда миллий қадриятларимизга ва маънавий меросимизга давлат миқёсида эътибор берилаётган тарихий бир жараёнда мутахассис олимлар томонидан анъанавий маросимларимизни тадқиқ қилишда уларнинг ёзма тавсифини бериш билангина чекланиб қолмасдан, балки қадимий тарихга эга бўлган миллий маросимларимизнинг халқ турмуши ва анъанавий маданиятда тутган ўрни, уларнинг генезиси ва ўзига хос хусусиятлари ҳамда сақланиш омиллари борасидаги тадқиқотлар муҳим илмий-амалий аҳамият касб этиб бормоқда. Лекин афсуслар билан айтиш жоизки ҳали ҳануз этнология, маданиятшунослик, фольклоршунослик ва халқ турмуш-тарзи билан шуғуулланувчи фанлар доирасида юқоридаги терминларнинг таърифи ва тавсифи ҳамда фарқли хусусиятлари борасида мукаммал назарий-методологик қарашлар ишлаб чиқилмаган. Шу боис баъзи ҳолларда айрим тадқиқотлар томонидан «маросим» ва «урф-одат», «анъана» ва «байрам» каби қатор терминларни синоним тарзда ишлатиш ёки изчил фарқланмаган ҳолда қўлланилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Шубҳасиз бу ўринда “маросим”, “урф-одат», “анъана” ва “байрам” терминларнинг қандай ўхшашликлар ва фарқли хусусиятлар мавжуд? – деган савол туғилиши табиийдир. Бизнингча, ушбу терминлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, аммо бир-биридан кескин фарқ қилувчи тушунчалардир.
“Анъана” – тарихий тараққиёт жараёнида табиий ва ижтимоий эҳтиёжлар асосида вужудга келадиган, аждодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтадиган, кишилар маданий ҳаётига таъсир ўтказадиган маданий ходисадир. Анъана ўзига хос ижтимоий қоида тарзида кишилар онггига синган (умум ёки маълум гуруҳ томонидан), қабул қилинган тартиб ва қоидалар мажмуаси ҳисобланади1.
Урф-одат тушунчаси эса ўта кенг бўлиб, у ўз ичига халқ ҳаётининг барча томонини-оддий кундалик удум, расм-русум, ирим-сиримлар, ўзаро-муомала тарзи ҳамда барча маросимларни бутунича қамраб олади. Маросим тушунчаси нисбатан тор тушунча бўлиб, у шу халқ ҳаётининг маълум соҳаларида омма томонидан қабул қилинган, кўпинча рамзий характерга эга бўлган ва маълум кишилар мажмуи томонидан махсус уюштириладиган намойишлардан иборат2. Шунингдек маросим – инсон ҳаётининг моддий ва маънавий турмушининг талаб ва эҳтиёжи билан юзага келган ва келадиган ҳодисадир. Ҳар қандай маросим у ёки бу халқнинг маълум бир тарихий тараққиёти босқичидаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий ривожланиш даражасини кўрсатувчи асосий белгиларни ўзида мужассамлаштирган ҳолда вужудга келади ва яшайди.3 Бошқача қилиб айтганда, маросим умум томонидан қабул қилинган рамзий ҳаракатларга эга бўлган ҳаётий тадбирдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |