Одатда бирор бир киши ҳаёти давомида бир ижтимоий гуруҳдан бошқасига, бир давлатдан иккинчисига ўтиб яшаши мумкин, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам у ўзининг этник мансублигидан воз кечмайди. Бу эса ўз навбатида уни ўзига хос тарзда идрок этишга ва унга маълум бир меъёрий ўлчов асосида ҳаёт фаолиятини юритишга мажбур этади. Шу боис ҳам мослашувчи механизмнинг муҳим қисми этник маданият ҳисобланади. Этник маданият этносга хос маданий хусусиятлар мажмуидан ташкил топган.
Этник маданият келиб чиқиш асоси шаклланишининг муҳим аломатлари ва маълум бир умумий қизиқишлар доирасида бирлашган инсонлар гуруҳининг пайдо бўлиши билан боғлиқдир. Бундай эҳтиёжлар шуниси билан муҳимки, уларда умумжамоавий қизиқишлар акс этади ва мазмунан ушбу жамоа аъзоларининг индивидуал қизиқишларидан келиб чиқади. Ўз навбатида бу кўринишдаги эҳтиёжлар ўзига хос алоҳида шахслараро қизиқишларни намоён қилади ва бутун жамоанинг умумий ҳаракатлари асосида қондирилиши мумкин. Этнологик, тарихий, социологик ва маданиятшуносликка оид тадқиқотларда жамоанинг ҳаёт фаолияти алоҳида ажралиб туради. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ҳар қандай жамоа маълум бир табиий-тарихий шароитда, макон ва замон ҳолатида яшайди.
Этнос маданиятининг умумий йиғиндисига мазкур этнос ҳаётида мавжуд бўлган маданий хусусиятларнинг барча шакллари, усуллари ва натижалари киради. Этник маданиятга этник анъаналар, этник символлар, этномиллий моддий маданият шакллари – турар – жойлар, кийим-кечаклар, озиқ-овқатлар, фольклор наъмуналари (эпос, мусиқа, рақс ва ш .к) киради. Шунингдек, бунга иноэтник маданиятлардан ўзлаштирилган кўринишлар ва умумдунёвий интернационал маданият хусусиятлари, қўни-қўшни ва қариндош этносларга хос ҳудудий маданий кўринишлар ҳам киради. Этноснинг умумий маданиятидан фарқли тарзда этник маданиятда этноснинг ўзи ва унинг қўни-қўшнилари томонидан эътироф этиладиган маданиятгина тушунилади. Этник маданият кўринишлари маълум бир этносгагина хос бўлмасдан, балки бир неча этносларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Мисол учун қадимий чорвадорларнинг уйи бўлган ўтов туркий халқлар орасида турли номлар билан юритилса-да уларнинг шакли ва тузилиши қозоқлар, қирғизлар, қорақалпоқлар орасида деярли бир хил бўлган ва улар бундай уйни ўзларининг этник маданиятларининг ажралмас қисми тарзида эътироф этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |