Дин ва санъат ўртасидаги боғлиқлик
Ўрта асрлар тарихда умумжаҳоний динларнинг вужудга келиши ва мустаҳкамланиши билан муҳим ўрин эгаллайди. Инсониятнинг нисбатан афкор қисми бу даврда тавҳидни англаб етди. Натижада жаҳоннинг жуда катта қисмида – Осиё, Оврўпа ва Африкада асосан учта дин ҳукмронлик мавқеини эгаллади. Арабистон, Эрон ва Турон минтақаларида – мусулмонлик, Ҳинди-Хитой минтақасида – буддҳачилик, Оврўпада – насронийлик умумжаҳоний динлар сифатида майдонга чиқди.
Маълумки, ҳар бир диний эътиқод даъватсиз, тарғибот–ташвиқотсиз кенг омма орасига кириб боролмайди. Фақат муқаддас китоблар ва ибодатхоналар орқалигина кўзланган мақсадга эришиши қийин. Шу боис даъватнинг янада кенгроқ, бошқа маънавий ҳодисалар кўмагида олиб бориш табиий зарурат сифатида юзага чиқди. Ана шундай восита вазифасини ўташ учун дин санъатни танлади. Зеро санъат ифода шакллари ичида бирваракайига ранг-баранглик, мукаммаллик ва жонлилик хусусиятларига эга. Шундай қилиб, умумжаҳоний динлар санъат билан ҳамкорлик қила бошлади. Ана шу ҳамкорлик маҳсули бўлган асарларни биз диний–бадиий асар деймиз.
Диний–бадиий асарда рамз алоҳида ўринга эга. Рамзнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у ўз мазмунига эмас, бутунлай бошқа мазмунни англатадиган шакл, ўз моҳиятини эмас, бутунлай бошқа моҳиятни ифодалайдиган ҳодиса, қисқаси, бутунлай бошқа ботинни ифодоловчи зоҳирдир. Шу боис ҳам у сирли, яширин ҳодиса: уни муайян билимга эга бўлмай туриб англаш мумкин эмас. Чунончи, нур, олов – Аллоҳнинг моҳияти, доимий ёруғлик сочувчи ва шу билан мавжудотга жон бахш этувчи абадий ҳамда мутлақ зиёнинг рамзи. Ёки насроний ҳаворийлари бошидаги нурли гардиш (нимба) – уларнинг авлиёлигини, Худога яқинлигини англатади. Ёки биринчи маърузада айтиб ўтганимиз, мусулмон меъморчилигидаги гумбаз – Худо жамолининг, гўзаллигининг, минора – Худо қудратининг, пештоқлардаги оятлар – Худо сифатининг рамзи эканини эслайлик. Буддҳачиликда ғилдирак ёки оловли доира – Буддҳа таълимотининг баъзан эса Буддҳанинг ўзини англатади.
Идеал муаммоси ҳам диний–бадиий жанрда ўзига хос тарзда талқин этилади. Умуман олганда, идеални маълум маънода, антиқа ҳолат–парадокс дейиш мумкин: унда бор нарса йўқ нарсанинг мезони билан ўлчанади, яъни мавжуд нарсага ёки ҳодисага ўша пайтда мавжуд бўлмаган нарса ёки воқелик талаблари билан ёндашилади. Масалан, ахлоқий идеални олайлик. У, шубҳасиз, инсонни келажакда эришилиши лозим бўлган ахлоқий юксакликка, яъни олдинга чорлайди. Лекин унинг учун ўтмишдаги ахлоқий қиёфа хизмат қилади. Бунинг устига, диний-бадиий идеал ҳаётий идеалдан кескин фарқ қилади-у ҳеч қачон ўзгармайди: ҳеч қачон биз учун – Муҳаммад алайҳисаломдан, насронийлар учун – ҳазрати Исодан, яҳудийлар учун – ҳазрати Мусодан ўзга иккинчи пайғамбар пайдо бўлмайди. Ҳаётий идеал эса, ўзимиз ҳаётимиз давомида шоҳид бўлганимиздек, вақт, мафкура, давлат тузуми, миллий озодликни йўқотиш ёки унга эришиш ва шу сингари омиллар туфайли ўзгариб туради.
Барча диний-бадиий асарлар муайян қатъий қонунлар асосида яратилади. Қонунлар йиллар ёки асрлар мобайнида ишлаб чиқилган мустаҳкам, яъни қонунлаштирилган тизимга асосланади. Сўз санъатидаги диний–бадиий қонунни авлиёлар ҳаётига бағишланган қиссалар, достонларда кўриш мумкин. Уларда бўлажак авлиё ёшлигида бошқа болалардан ажралиб туради, ўйин-кулгиларга қўшилавермайди, улғайганида Аллоҳга суюкли банда бўлиб, мўъжизалар кўрсатади ва умрининг охирида ноқис, калтабин уламолар ёки ҳукмдорлар томонидан қатл этилади. Масалан, «Шоҳ Машраб қиссаси»ни олайлик: авлиё-гўдак она қорнида гапириб юборади, мактабга борганида, ҳаммани ҳайратда қолдириб, илоҳий шеър ўқиб, дарсхонадан чиқиб кетади, кейинчалик олисдаги пири–муршидининг ўлими унга аён бўлади ва мўъжиза кўрсатиб, тезда етиб келади ҳамда пирининг имонини шайтон чангалида қутқариб қолади. Умри эса– қатл қилиниш билан ниҳоя топади. Насронийларнинг «Авлиёлар ҳаёти» («Житие святих») туркумидаги қиссалари ҳам шундай қонун асосида яратилган.
Диний–бадиий қонун меъморчиликда ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, йирик масжид–жоменинг ташқи ва ички кўринишига эътибор қилайлик: кираверишдаги пештоқда Каломуллодан оятлар, бир ёнда мезона–минора, томда гумбаз, ҳовлида таҳорат учун ҳовуз, ичкарида диний ва дунёвий раҳбарларга аталган махсус жой–мақсура, фатволар ўқиладиган, ваъз айтиладиган минбар, қибла томонда меҳроб ва ҳоказо. Буларсиз жоме масжидни тасаввур қилиш қийин. Ёки насронийлар черковида меҳроб (алтарь), девор ва шифтларда Биби Марям, Исо алайҳиссаломнинг тасвирлари, гумбазлар, қўнғироқхона сингари унсурлар албатта бўлиши керак.
Маълумки, диний маросимларда фотиҳа ўқилганда, айниқса ибодат пайтида инсон қалбида фориғланиш, тозариш рўй беради. Инсон кундалик ташвишлар, ғазаб, гина сингари майдакашликдан фориғ бўлади, уларнинг ўрнини илоҳий орзулар, эзгу амаллар қилиш фикри эгаллайди. Диний–бадиий асарни эстетик идрок этиш жараёнида ҳам худди шундай ҳолат рўй беради. Лекин бу фориғланиш ибодат жараёнидагига нисбатан анча узоқ давом қилади; диний-бадиий асарнинг таъсири ҳатто бир неча кунга чўзилиши мумкин. Диний фориғланишни қалбда тутиб туриш учун эса ибодат ҳар куни такрорланади. Бунинг сабаби шундаки, ибодат фақат руҳий ҳолатнинг ўзи, санъат эса, яъни бадиий ёки диний-бадиий асар руҳий ҳолат билан моддийликнинг омухталилиги руҳ ва вужуд бирлигидир. Шу боис у инсонга яқинроқ, зеро инсон ҳам руҳ ва вужуд бирлигидан ташкил топган.
Барча умумжаҳоний динлар, юқорида айтганимиздек, санъат билан алоқадор. Шу сабабли баъзи бир ақидапарастларнинг ислом дини санъат билан сиғишмайди, деган гаплари бутунлай нотўғри. Зеро, Қуръони каримнинг ўзи ҳар жиҳатдан мутлақ илоҳий санъатдир. Ундаги оҳанг, қофиялар, услуб, қиссалар ҳаммаси мўминлар қалбида Аллоҳнинг буюк, қудратли ва гўзал зот эканига ишонч туйғусини, унинг гўзаллигидан ҳайратланиш ҳиссини уйғотади. Чунончи, «Юсуф» сурасидаги Юсуф алайҳиссалом қиссаси бадиий асар сифатида ҳам кишини тонг қолдиради. Суранинг 3–оятида Аллоҳ шундай марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад) Биз Сизга ушбу Қуръон сурасини ваҳий қилиш билан қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз». Таниқли исломшунос, Қуръонга совуқ тадқиқотчи нигоҳи билан эмас, балки улкан ҳаяжон ва эҳтиром ила мурожаат қилиб, уни бош ҳарфлар билан ёзиладиган «Китоб» деб атаган Михаил Борисович Пиотровский Юсуф қиссаси ҳақида сўз юритар экан, уни бир умумий оҳангга эга, деярли бир қофиядаги яхлит бадиий асар деб таърифлайди; унинг, бошқа қуръоний ҳикоятлардан фарқли ўлароқ, тингловчиларга шаклий–бадиий жиҳатдан ҳам лаззат бахш этишга мўлжалланганини таъкидлайди. Дарҳақиқат, Қуръони Каримдаги Юсуф қиссаси Аллоҳнинг ўзи томонидан сўйланган илк исломий диний–бадиий асардир, исломий санъатнинг илк ва гўзал намунасидир. Демак, санъатнинг, хусусан, сўз санъатининг ибтидоси Аллоҳдандир.
Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоиз. Баъзи оврўпалик шарқшунослар ва санъатшунослар исломий санъатга жиддий эътибор қилмасдан, менсимасдан муносабатда бўладилар. Бунинг асосий сабабларидан бирини, бизнингча, исломий санъатнинг моҳиятини, ўзига хос услубий сирларини тушуниб етмасликдан, иккинчисини– оврўпапарастликдан ва учинчисини, исломни насронийликка нисбатан қуйи даражадаги дин деб қарашдан изламоқ лозим. Уларнинг фикрига кўра, гўёки исломий диний-бадиий асарлар чуқур фалсафий моҳиятдан йироқ, олам ҳақида бир бутун, яхлит тасаввур бера олмайдиган нисбатан мавҳум санъат. Ж. Дюамел, Х. Гибб, Л. Массиньон, А. Мюллер, Н. Хаников сингари оврўпалик олимлар ана шундай фикр билдирадилар. Хўш аслида ҳам шундайми?
Бу саволга жавоб бериш учун тасаввуфдаги Мавлавия тариқатининг зикрига мурожаат қилиб кўрайлик. Маълумки, бу сулукнинг зикри ўзининг ниҳоятда бадиийлаштирилгани билан ажралиб туради: унда ҳам шеър, ҳам мусиқа, ҳам қўшиқ, ҳам театр санъати унсурлари мужассам. Аллома, Е.Э. Бертельс Мавлавия тариқати дарвишлари зикр тушадиган асримиз бошларидаги Такяни театрга ўхшаш саҳнали бино эканини, унга кираётганда беш пиастрга чипта олиш, соябон, қалин уст–бошларини топшириш кераклигини айтади. Нафақат бино ва унга кириш усули, балки зикрнинг ўзи ҳам театрни эслатади; томошабинлар жойлашиб бўлгач, залга тўққиз, ўн бир ёки ўн уч дарвиш ва уларнинг кетидан шайх киради. Дарвишлар бир–биридан маълум масофада ташлаб қўйилган пўстаклар устига ўтирадилар, узоқ муддат жим қоладилар. Жимликни шайх бузади: дастлаб фотиҳа ўқилади, сўнг най оҳиста қайғули оҳангда янграб, бемаврид ҳаётдан кўз юмган Шамсиддини Табризий ҳақида нола қилади. Ундан кейин хофиз дарвишлик ҳаётини мадҳ этувчи ғазални найга жўр тарзда куйлайди. Қўшиқ оҳанглари остида дарвишлар ўринларидан туриб, меҳробга яқинлашадилар ва Жалолиддин Румий номи битилган лавҳ–тахтага таъзим бажо келтириб, зал бўйлаб айланма ҳаракат бошлайдилар. Мусиқа кучаяди. Танбур жўр бўлади. Дарвишлар мовий ёпинчиқларини ечиб, конус шаклидаги оқ кўйлакларида қоладилар. Улар бирма–бир шайх этагига юкиниб, сўнг қўлларига ёзиб, айлана бошлайдилар. Оқ кўйлаклар шишиб улкан қўнғироқ шаклини олади; ҳаракатлар қатъий қонун асосида давом этади: ҳар бир дарвиш катта ёки кичик доирада айланади. Ҳаракатлар мусиқага мос равишда тезлашиб боради. Ниҳоят, танбур сўнгги зарбда кескин жаранглайди ва дарвишлар яна пўстаклар устига ўтирадилар. Яна қўшиқ янграйди:
Do'stlaringiz bilan baham: |