Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий (1058–1111), Ўрта асрлар мусулмон Шарқи нафосатшунослигида машшоиййўнлик йўналиши билан бирга тасаввуфий йўналиш ҳам вужудга келди. Унинг буюк вакили тасаввуф фалсафаси асосчиси тенги кам илоҳиётчи Имом Ғаззолийдир. Унинг «Иҳё улум ад дин» («Дин ҳақидаги илмларнинг тирилиши») ва «Кимёи саодат» асарларида эстетикака кенг ўрин берилган.
Ғаззолий уларда гўзаллик тушунчасига алоҳида тўҳталади, манфаатсиз гўзаллик, олтинчи сезги воситасида ҳис этиладиган гўзаллик ҳақида ўзига хос назарияларни ўртага ташлайди. Буларнинг ҳаммаси муҳаббат тушунчаси билан боғлиқ ҳолда тадқиқ этилади. Зеро Ғаззолий муҳаббатни беш турга бўлади. Унинг дастлабки уч тури асосан аҳлоқшуносликка, сўнгги икки тури эса эстетикага тааллуқли.
Муҳаббатнинг учинчи тури ҳақида ёзар экан, Ғаззолий гўзалликка ёндашув, нафосат туйғусининг беғаразлиги тўғрисида фикр юритади. «Учинчи хил муҳаббат, - дейди файласуф, — бирор нарсани шу туришича севиш, унинг ўзидан олинадиган завқдан бошқа завқ олмаган холда севишдир. У – ўзининг қоимлиги билан пойидор бўлган улкан, ҳақиқий муҳаббат». У, чунончи, гўзаллик ва ёқимлиликка бўлган муҳаббат. Ахир, гўзаллик гўзалликни англаб етган одам учунгина муҳаббат объектидир. Гўзалликни англаб етишнинг ўзи ёқимли, ўз-ўзича муҳаббат объекти бўлиши мумкин. Модомики, кўкат ва шарқираб оқаётган сув, фақат уларни ейишимиз ва ичишимиз мумкинлиги учун эмас, балки, бор-йўғи уларни кўриб, завқланганимиз сабабли, фақат шу сабаблигина муҳаббат объекти экан, юқоридаги фикрни инкор қилиш мушкул.
Имом Ғаззолий муҳаббатнинг тўртинчи тури ҳақида фикр юритган чоғида нисбий гўзалликка алоҳида тўхталади. Фақат ўз камолотининг барча қирраларига тўлиқ эга бўлган нарсанигина у олий даражадаги гўзаллик деб атайди. Бундай комилликни файласуф фақат Аллоҳда кўради ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Аллоҳ гўзал ва у гўзалликни севади» - деган сўзларини келтиради. Шундай қилиб, файласуф мутлақ гўзаллик фақат Аллоҳга тааллуқли бўлишини, бошқа гўзалликларнинг ҳаммаси нисбий эканини аниқ-равшан баён этади. Дарҳақиқат, отнинг пешонасидаги қашқаси отга нисбатангина гўзал, одамнинг пешонаси қашқа бўлса, у ҳеч қандай гўзалликка кирмайди. Ана шундай нисбий гўзаллик ҳақида фикр юритиб, файласуф кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўлмайдиган нарсаларда ҳам гўзаллик мавжудлигини айтади. ҳақиқатан ҳам, биз «гўзал овоз» деганимизда, фақат қулоғимиз орқали, «ёқимли ҳид» деганимизда димоғимиз орқали гўзалликни ажратамиз. Демак, гўзалликни ҳис этишда беш сезгининг ҳаммаси баравар иштирок этиши шарт эмас. Айни пайтда, Имом Ғаззолий гўзалликни баъзан беш сезгининг бирортаси ҳам иштирок қилмаган холда хис этиш мумкинлигини алоҳида таъкидлайди. Дарҳақиқат, агар биз «гўзал ҳулқ», «гўзал ҳаёт» в. ҳ. деганимизда беш сезгининг бирортаси ҳам иштирок этмайди. Уни биз олтинчи, ботиний сезги билан ҳис қиламиз, Ғаззолий айтганидек, ички зиё ёрдамида кўрамиз.
Ғаззолий ибодат билан санъатнинг фарқи хусусида сўзлар экан, зикрни рақс билан аралаштирмасликка, жазаба пайтидаги мурид ҳаракатларида ўйин аломатларига йўл қўймасликка чақиради. Шундай аломатлардан бири тепиниш эканини таъкидлаб: «Бу ҳаракатлар кўп ҳолларда кўнгил очиш ва ўйин билан боғлиқ», дейди. У мусиқани, ўйин кулгини тиловатга аралаштирмасликни, қироатни қўшиқ ёки шеър билан чалкаштирмаслик кераклигини таъкидлайди.
Низомуддин Мир Алишер Навоий (1441–1501). Аллома ўз асарларида ички ва ташқи гўзаллик ғоясини илгари суради. Алломанинг «Ҳамса»сидаги бош қаҳрамонлар ана шундай комил гўзаллик эгалари. Умуман, Навоий ҳам, бошқа кўпгина Шарқ мутафаккирлари каби инсоний гўзалликни ички гўзалликда, ҳулқий гўзалликда кўради. Навоий сўзга алоҳида эътибор беради, уни кўнгил қутиси ичидагини гавҳар деб атайди, ҳатто фалак жисмининг жони дейди:
Кўнгул дуржи ичра гуҳар сўздурур,
Башар гулшанида самар сўздурур.
Эрур сўз фалак жисмининг жони ҳам,
Бу зулумотнинг оби ҳайвони ҳам.
«Мажолис ун-нафоис», «Меъзон ул-авзон» асарларида Навоий ана шу моҳиятан муқаддас бўлган сўздан фойдаланиш санъати ҳақида фикр юритади. «Меъзон ул-авзон» аруз назарияси сифатида диққатга сазовор бўлса, «Мажолис ун-нафоис» тенги кам тазкира сифатида эстетикака алоқадордир. Унда Навоий 450 нафардан ортиқ шоир ижодига тўхталиб ўтади ва улар ижоди учун характерли бўлган мисолларни келтиради. Айни пайтда, тазкирада дин, шакл ва мазмун сингари эстетика муаммолари ҳам ўз аксини топган. Чунончи, тазкиранинг темурий шаҳзода шоирларга бағишланган етинчи мажлисида Амир Темур диди ҳақида фикр юритар экан, шундай дейди: “... агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг яхши байт айтганча бор”. Бу парчадаги андак муболағадан қатъи назар, Навоий шоирона, эстетик дид том манодаги эстетик идрок эгаси бўлишни, тўғри келган гапни вазнга солиб, шеър деб тақдим этувчи баъзи назмбозлардан юқори қўйганини фаҳмлаб олиш қийин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |