Кўнгил ҳайрон ўлибдир ишқ алиндин, ишқ алиндин,
Жигар бирён ўлибдир ишқ алиндин, ишқ алиндин...
Яна қўшиқ оҳанглари остида зикр бошланади.
Албатта, бу зикрни оддий эътиқодий манзара, исломий ибодатнинг бир тури сифатида менсимасдан кузатган одам унда яхлитлик кўрмайди. Лекин кимда–ким унга муайян билим ва оқилона нигоҳ билан қараса, у албатта яхлит оламни илғаб олади: ўртадаги шайх–Аллоҳга бўлган муҳаббат рамзи, атрофдаги дарвишлар эса–ўша мухаббат ўқи теграсида айланаётган сайёралар. Инсон ҳам, ташқи дунё ҳам– ҳаммаси бир бутун оламдан иборат, ҳаммасини Худога бўлган муҳаббат ҳаракатга келтиради. Бу зикр театр санъатининг ажойиб намунаси сифатида ҳам эътиқодий–фалсафий, ҳам бадиий–эстетик яхлитликка, теранликка эга.
Шундай қилиб, умумжаҳоний динлар вужудга келгач санъат билан ҳамкорлик қила бошладилар, санъатдан восита сифатида фойдаланиш баробарида унинг равнақига ўзига хос ҳисса қўшдилар, эстетика тараққиётига ҳам катта таъсир кўрсатдилар.
Ўрта асрлар Мусулмон Шарқи ва Буддҳа Шарқи мутафаккирларининг эстетик қарашлари
Антик дунё мумтоз эстетикаси йўналишлари ва ғояларини Ўрта асрлар Мусулмон Шарқи мутафаккирлари давом эттирдилар. Улар қадимги Юнон файласуфлари ва олимлари асарларини шарҳладилар, танқидий ўргандилар, таржима қилдилар. Арастуни эса улар «Биринчи муаллим» деб атадилар. Шу ўринда табиий савол туғилади: нима учун аждодларимиз ўзимизнинг Шарққа, дейлик, қадимги Хитойга эмас, Оврўпага–юнонларга мурожаат қилдилар?
Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ўзлуқ ибн Тархон Форобий (873–950). Арастудан кейинги устоз «Муаллими соний» – «Иккинчи муаллим» номини олган буюк файласуф. Унинг қарашларида эзгулик билан гўзаллик маълум маънода айнанлаштирилади, бири иккинчисида яшовчи ҳодисалар сифатида талқин этилади. Шунинг учун унинг асарларида «Гўзал хатти–ҳаракатлар», «Гўзал қилмишлар» деган ибораларни учратиш мумкин. Гўзалликка етишишни у фалсафа туфайли рўй беради, деб ҳисоблайди. Ҳар бир нарса ҳодисанинг гўзаллиги унинг ўз борлиғини тўла намоён этиши ва мукаммалликка эришуви билан боғлиқ. Аллома файласуф инсонда икки хил гўзалликни фарқлайди–ички ва ташқи. У ички гўзалликни юқори қўяди ва бу «Бойнинг бойлигини безаб, камбағалнинг камбағаллигини яширадиган» гўзалликни «адаб» деб атайди. Бундай гўзаллик юксак ахлоқий хатти–ҳаракатлар ва инсоний комилликда ўзини намоён этади. Ташқи гўзалликка келганда, файласуф табиий гўзалликни ҳар қандай безаниш, ясанишлардан юқори қўяди.
Форобий санъаткорнинг қобилияти туғма бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтади: «... шоирлар чиндан туғма қобилиятли ва шеър битишга тайёр табиатли кишилар бўлади...» Айни пайтда файласуф биргина истеъдод билан етук шоир бўлиш мумкин эмаслигини ҳам айтиб ўтади. Шу боис «шоирларнинг шеър ижод қилиш борасидаги аҳволи камолотга етишгани ва етишмагани жиҳатидан турлича бўлади».
Арасту изидан бориб, Муаллими соний шеъриятни тасвирий санъат билан қиёслайди ва ҳар иккала санъат тури ҳам моҳиятан бир хил асосга– тақлидга бориб тақалишини айтади. «Бу шундайки, — деб ёзади у, — шеър санъатини безайдиган нарсалар– сўз, мулоҳазалар бўлса, рассомлар санъатини безайдиган нарса бўёқлар саналади. Буларнинг иккови ўртасида фарқ бор, аммо иккаласи ҳам одамлар тасаввури ва сезгиларида бир мақсадга – тақлид қилишга йўналган бўлади».
Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино (980–1037). У Форобий қарашларини давом эттириб, мусиқадан олинадиган лаззат мусиқий уйғунликнинг маконда ёйилишидан, пардаларнинг навбатма–навбат келишидан деб билади. Мусиқада гап товушининг ўзида эмаслигини, балки уни қандай чиқариш муҳим эканини айтади, яъни бизда ёқимли ёки ёқимсиз сезгини товушнинг ўзи эмас, балки уни пайдо қилиш усули уйғотади. Мусиқанинг келиб чиқишини эса инсон нутқининг бойлиги билан боғлайди: хушомад қилаётганда овоз пасаяди, мағрур сўзлаётганда қатъий жаранглайди ва ҳ. к. Мусиқа инсон кайфиятига тақлиддир, дейди Ибн Сино. Шунингдек, аллома гўзаллик борасида ҳам Форобий изидан боради. Унинг фикрига кўра, жисмоний гўзаллик бевосита қалб гўзаллиги билан белгиланади. «Ишқ рисоласи» асарида муҳаббатнинг асосида гўзаллик ётишини «аслида муҳаббат – гўзалликни маъқуллашдир», деган фикр билан ифодалайди.
Ўрта асрлар нафосатшунослигида Ибн Синонинг «Шеър санъати» асари ўзига хос ўрин эгаллайди. Унда қомусий аллома, Арасту «Поэтика»сини шарҳлар экан, ўзига хос янгиликлар киритади ва шеърнинг кейинчалик машҳур бўлиб кетган мана бу қоидасини келтиради: «Шеър деб – образли сўзлардан иборат бўлган ритмли, бир–бирига мувофиқ иборалардан таркиб топган ҳамда мисралар бир–бирига тенг, вазнлари қайтариладиган, охирги товушлари бир–бирига ўхшаш сатрларга айтилади». Унинг фикрига кўра, шеър тақлидий фикр натижаси ўлароқ уч хил йўл билан юзага келади. Биринчиси лаҳн – уйғунлик, ундан кейин калом – сўз келади (бунда албатта тимсолли–образли сўз назарда тутилади). Учинчиси вазн. Мана шу уч йўлнинг бир-бирга мос келиши натижасида шеър пайдо бўлади. Йўқса кўнгилдагидек шеър яратиш мумкин эмас.
Шунингдек, Ибн Сино ўз рисоласида, юнон шеърияти билан араб шеъриятини солиштириб, шеъриятнинг вазифаси ҳақида фикр юритади ва бу борадаги юнонлардаги баъзи устунликларга ишора қилади. Унинг айтишича, юнонлар шеъриятда феъл-атворга қараб тақлид ишлатишни кўзлаганлар. Араблар эса, икки важдан шеър ёзганлар. Бир томондан, улар шеър орқали одамлар руҳига таъсир этмоқчи бўлганлар. Зеро шеър идрок этувчида ҳаяжонли ҳиссиёт, тўлқинланиш уйғотиши шубҳасиздир. Шеър ёзишнинг иккинчи сабаби– одамларнинг таажубга солиш бўлган. Араблар ҳар бир нарсага ташбеҳ ишлатаверганлар, улар бу ташбеҳлари билан одамларни ҳайратга солишни мақсад қилиб қўйганлар. Юнонлар эса шеър воситасида одамлар феъл–атворига таъсир этишни, ё бўлмаса, шеър орқали одамларни ўзлари кўзлаган хатти–ҳаракатларидан тиймоқчи бўлганлар. Бу билан у юнонлар шеърни ахлоқий–эстетик тарбия воситаси сифатида олиб қараганлар, араблар эса шеърда кўпроқ шахсий гўзалликка эътибор қилганлар, демоқчи.
Шеърият назарияси борасидаги фикрларини Ибн Сино, энг аввало, ўз амалиётида тажрибадан ўтказади. Алломанинг «Саломон ва Ибсол», «Ҳайй ибн Яқзон», «Юсуф қиссаси», «Қуш рисоласи» сингари насрда ёзилган фалсафий–бадиий ва мажозий асарлари билан бирга, бизгача етиб келган шеърий асарлари ҳам катта аҳамиятга молик. Лекин аллома ўзининг ўнга яқин назмда тизилган илмий уржуза достонларини шеърий асар деб билган эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |