43. ЎзР ИИВнинг ХЁХК ва КЁХКлари томонидан қўриқланаётган масканларда ёнғин назоратининг фаолиятини ташкиллаштириш /8/
ЎзР ИИВ ЁХББнинг 17 - сонли буйруғи билан 2002 йилнинг 12 март кунида тасдиқланган «ДЁХХнинг бўлинмалари томонидан қўриқланаётган масканларда ёнғинни олдини олиш ишларини ташкиллаштириш Қўлланмаси» талаблари асосида амалга оширилади. Бу вазифалар қуйидагича:
қўриқлаётган Ёнғин хавфсизлик қисмининг профилактика ходимлари ва навбатчи қоровулнинг жанговар ҳисоби кучларидан фойдаланиб корхона ва унинг алоҳида хоналарининг ёнғин хавфсизлиги ҳолатини кундалик текшириб туриш ҳамда таклиф қилинган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш;
ёнғиндан хавфли ишларнинг ўтказилишини, янги қурилаётган биноларда ҳамда цехларни, омборхоналарни ва бошқа хоналарни реконструкция қилиш ва қайта жиҳозлаш чоғида ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва меъёрлари талабларининг бажарилишини доимий назорат қилиб туриш;
автоматик ва бирламчи ўт ўчириш воситаларининг, ёнғинга қарши сув таъминоти ва ёнғин ҳақида хабар берувчи тизимларининг иш ҳолатини ва уларга тўғри хизмат кўрсатиш қандай ташкил қилинганлигини текшириб туриш;
ишчилар ва хизматчилар (шунингдек бошқа корхоналардан вақтинчалик келган ишчилар ҳам) билан ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича йўриқномалар, суҳбатлар ва махсус машғулотлар ўтиш ва ёнғинга қарши тарғибот бўйича бошқа тадбирларни амалга ошириш;
профилактика ишларини амалга ошириш ва пайдо бўлиш эҳтимоли бўлган ёнғинларни ўчириш учун кўнгилли ўт ўчириш дружинасининг шахсий таркибини тайёрлаш;
корхонанинг ёнғин хавфсизлигига қаратилган ишларини ёзма кўрсатма тақдим этиш орқали йиллик текширишни (қоида тариқасида, бригада усулида) амалга ошириш ва унинг бажарилишини назорат қилиш;
цехларда, ускуналарда (дастгоҳларда), омборхоналарда, алоҳида агрегатларда ва хоналарда ёнғин автоматикаси мосламалари ва тизимини жорий қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш (қўриқланаётган корхона маъмурияти орқали).
Қўриқлаётган масканда профилактика ишларини амалга ошириш учун ёнғин хавфсизлиги қисмининг бутун шахсий таркиби жалб этилади. Ўт ўчириш қисмининг профилактик шахсий таркиби эса корхона технологик жараёнининг, ишлатилаётган ва тайёрланаётган маҳсулот ва моддаларнинг ёнғин чиқиш хавфини, ҳамда бино ва иншоотлар қурилиш конструкцияларининг ўзига хос жиҳатларини, сув таъминоти тизимининг ва шу каби масалаларнинг муҳим томонларини билишлари шарт.
Навбатчи қоровул ва КЎЎД шахсий таркибини ўт ўчириш воситаларининг ҳолатини, электр иситиш воситаларидан корхонада қандай фойдаланаётганликларини, ҳамда алоҳида хоналарни кутилмаганда текшириб қолиш каби ишларга тез-тез жалб этиб туриш тавсия этилади. Бунақанги ёппасига текширишларни қишки мавсумга ўтиш чоғида ёки байрам олди кунларида ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
Янги қурилаётган, реконструкция қилинаётган ва амалда ишлатилаётган саноат корхоналарини текшириш чоғида меъёрий ҳужжатларда назарда тутилмаган ва ҳар хил ўйлаб топилган камчиликларнинг бажарилишини талаб қилмасдан, балки тасдиқланган ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларининг бажарилишини риоя қилишни назорат қилиш керак.