Элбек ижодида масалчиликнинг ўрни Бекзод ИБРАГИМОВ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти Аннотация: Мақолада жадид адабиётининг йирик вакили Машриқ Юнусов (Элбек) ижодининг муҳим бир қирраси бўлган масалчилиги борасида сўз боради. Хусусан, шоирнинг масаллари Шарқ ва Ғарб адабиётидаги масаллар билан солиштирилиб, қиёсий ўрганилган. Алишер Навоий, Гулханий, Лафонтен, И.А.Крилов каби масалчилар билан ўхшаш ва фарқли жиҳатлари очиб берилган. Калит сўзлар: Элбек, жадид адабиёти, масал жанри, Алишер Навоий, Фитрат, Крилов, халқ оғзаки ижоди, бўри, қўй, рамзий ифода. Ўзбек жадид адабиётидаги шаклий-услубий ўзгаришлар ҳақида гап кетар экан, бу даврда жанрлар кўламининг кенгайгани, шоир ва ёзувчилар дунё адабиёти билан кенгроқ танишиб, ўзлари ҳам дунёга бўйлашишга замин яратганини қайд этиш лозим. Зотан, Абдулла Қодирий илк ўзбек замонавий романчилигига асос солган бўлса, Маҳмудхўжа Беҳбудий драма жанрининг юзага келиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшди. Шу маънода, Элбек ХХ аср бошларида анчайин сустлашиб, тарихий илдизларидан узилаёзган масал жанрига қўл урди ва уни янгича йўналишда тараққий эттиришга ҳаракат қилди. Абдураҳмон Саъдий таъбири билан айтганда, кейинги давр ўзбек адабиётида “масалчиликни Элбек бошлади. Таржима йўли билан эмас, балки масалчиликни туғдириш йўлини тутди. Ҳали бу йўлда ундан бошқа киши кўринмаган”1. Ўз даврининг етук адабиётшуноси саналган Фитрат масал жанри ҳақида воқеалар кўпроқ ҳайвонлар орасида тасвирланиши, ўқувчиларга қандай бўлса-да, бир ибрат бериш тилаги билан ёзилишини айтиб ўтади. “Бизнинг адабиётимизда Навоийнинг форсийдан кўчиргани “Лисон ут-тайр” китоби каттакон бир масал бўлғони каби Гуханий шоирнинг “Зарбулмасал”ида бир масал, замонамизда эса масалчилик йўлида Элбекинг онча хизматлари бўлиб турадир”2. Элбекни шундай эътироф этган Фитрат шу асарида унинг “Икки тулки” масалини мисол тариқасида келтиради. Дарҳақиқат, Элбек масалчилик билан жиддий шуғулланган. Дунё адабиётидаги шу жанрдаги сара асарларни таржима қилган, ўрганган, шу билан бирга, Шарқ фалсафасини, халқ оғзаки ижодини ўзаро уйғунлаштира олган. Элбек 1921, 1923 йилларда чоп эттирган “Армуғон” масаллар тўпламига 18 та масал киритилган. Тўпламнинг иккинчи нашри жиддий қайта ишланган ва бадиийлик нуқтаи назаридан анча пишитилган. Шуни ҳам қайд этиш керакки, Машриқ асарларида халқ оғзаки ижодининг турли мотивлари ўз аксини топади. Ашурали Зоҳирий айтганидек, “...шоир Элбек халқ мулки – оғиз адабиётини халқдан олиш ва халққа қайтадан етказишда эл тилининг тушунарли таъсирларидан фойдаланган, эл болалар адабиётида масалчиликни яратган катта санъаткор”3 эди. Элбек масалларни болалар учун ёзган бўлса-да, унда чуқур ижтимоий муаммолар, шоирнинг дард-аламлари яширин рамзлар воситасида ўз аксини топади. Шоир ўзининг “От ила одам”, “Қайси бири бўри?”, “Сичқонхоннинг қиз узатиши”, “Олақарға билан қурбақа”, “Икки тулки”, “Кампирнинг товуқлари”, “Фил ва лайча” каби масал ва эртак-масаллари орқали нозик кулгу ва юмор воситасида замонасининг долзарб муаммоларин очиб бера олган. Масалан, “Олақарға билан қурбақа” масалида олақарға қўлига тушиб, емакка айланган қурбақанинг ҳийла билан ундан қутулиб қолиши тасвирланган. Яъни қурбақа олақарғани кўкка кўтариб мақтаб, унинг товушининг дунёда тенги йўқлиги ва бир сайраб берса, маза қилиб тингласа, армонсиз кетишини айтиб, қарға сайраётган маҳал қочиб қолади. Шу каби мотивлар ўзбек ва бошқа халқлар эртакларида кўп учрайди. Бу ерда айнан олақарғанинг танланиши сабаби эса унинг овозининг ўта ёқимсизлиги ва ёмонлик хабарчиси эканидадир. Қарға қанчалик хунук ва ёқимсиз бўлмасин, мақтовга учиб, ўзининг овозини тенги йўқ эканига ишонади ва сайрашга тушади. Оқибатда ўлжани қўлдан чиқаради. Шунингдк, “Сичқонхоннинг қиз узатиши” эртак-масали ҳам халқ оғзаки ижодидан олинган эртак асосида жуда яхши ифода этилган. Масал ритми, қофияси жиҳатидан мукаммал бўлмаса-да, шоир асл мазмун-моҳиятни болалар учун тушунарли тарзда гўзал ифода эта олган. Сичқонхоннинг қизига куёв излаб, дунё кезиб, охири ўз қавмидан муносиб номзод топишида “Тенг тенги билан”, “Пешонага ёзилганидан қутулиб бўлмайди” каби нақл ва халқ мақоллари мужассам. “От ила одам” масалида ҳам эътиборни тортадиган жиҳатлар бисёр. Унда ўз яйловида тоза ўтлардан еб, тиниқ булоқлар сувин ичиб, роҳат-фароғатда, энг муҳими, эркинликда яшаб келаётган от бир куни ногоҳ яйловида бир ҳўкизнинг ўтлаб юрганини кўриб қолади. Бундан жаҳли чиқиб, уни ҳайдаб юбориш учун одамдан ёрдам сўрайди. Одам эса пиёда узоққа боролмаслигини баҳона қилиб, отни нўхталаб, миниб олади. От мақсадига эришади. Ҳўкиз яйловдан қувилади. Аммо унинг устига чиқиб, жиловини қўлига олган одам отни озод қилишни хаёлига ҳам келтирмайди. Асл вазиятни, одамнинг мақсадини англаб қолган отнинг ёлворишлари бекор кетади: …Отнинг бундай ялинишларин кўзга илмай, Унинг шундай ҳолиға ҳеч раҳм қилмай, Қамчи билан айлантириб тўрт-беш урди: Ҳўкиз билан бирга қўшиб боғлаб қўйди...4 Шоир изоҳда “Бунинг асли халқ эртакларидан олинмишдир”, деган бўлса-да, унда ўша замон сиёсий тузуми яққол аксланади. Масал ёзилган вақтда, яъни 1921 йили Чор Россиясининг мустамлака сиёсати мустаҳкамланиб, халқ масалдаги ёрдам сўраб қўлга тушган от каби “қозиққа боғлаган” – эрки ва ҳуқуқларидан маҳрум этилган палла эди. Россия ва Буюк Британиянинг Ўрта Осиё учун кураши ҳаммамизга маълум. Уларнинг ҳеч бири ёрдам қўлини чўзганда самимият билан иттифоқ тузиш учун эмас, ўзига бўйсундириш ва йўриғига юргизиш учун ҳаракат қилган. Шу жумладан, руслар босқини ҳам ўша даврда ҳашпўшланиб, айрим тарихчилар томонидан агар Россия бўлмаганда, Ўрта Осиё Англияга қарам бўлиб қоларди, Росия бизни бошқа бир давлат босқинидан қутқариб қолди, деган қарашлар билан тарихни ўзгача талқин этишга уринилган. Ўшандай қалтис вазиятда Элбек ушбу масали билан халқнинг кўзини очишни, мустамлака сабаби ва оқибатини тушунтиришни мақсад қилган бўлса не ажаб. Айни шундай мустамлака сиёсатининг аччиқ оқибатлари “Қайси бири бўри?!” масалида янада аниқроқ очиб берилган. Бўрининг қўлига тушган қўй ўзининг ўлишини билиб, ғамга ботиб турганда бир киши шовқин солиб келиб, бўрини қувади ва қўйни ундан халос этади. Бечора қўйнинг қувончи ичига сиғмасдан “сакради, суюнди, шодланди”. Аммо... Ул киши ҳам қўйни уйига келтириб Пичоқ билан қўйди уни тез сўйиб. Ана, фожиа қаерда? Бир золимнинг қўлидан халос бўлган қўй “халоскори”нинг қўлида ўлим топади. Жони чиқар маҳал типирчилар экан, шундай дейди: “...Эй киши, Бўрими ё, айтгил, энди ким ваҳший? Қутқардинг сен мени бўри илгидан, Ҳамда қўрқинч шу ўлимнинг ваҳмидан. Энг сўнг ўзинг бўридан-да ўздирдинг, Кўрдим, энди чин бўри ҳам сен бўлдинг”5. Юқорида айтганимиздек, қаттол мустамлака тузумини оқлаш учун тўқиб чиқарилган турли важ-карсонлар, тарихни бузиб кўрсатишга уринишларга қарши жавоб тарзида битилган бу масал ўз даври учун ғоятда куюниб ёзилган, шу билан бирга, катта юрак билан, юксак жасорат ва исён ўлароқ битилган десак, хато бўлмайди. Элбек масалларини кузатар эканмиз, нафақат, халқ оғзаки ижоди, Шарқ мумтоз адабиёти, балки рус ва Европа адабиёти таъсири ҳам яққол сезилади. Жумладан, Карел Чапекда қўйлар тилидан айтилган ажойиб масал бор: “Сўйишса сўяверишсин, бўри дахл қилмаса бўлгани.6 Ёки Криловнинг “Қўйлар ва итлар” масалида қўйларни бўрилардан асраш учун итлар сонини оширишади. Натижада итлар шунчалик кўпайиб кетадики, уларни боқиш учун қўйларни бир-бир сўйишга тўғри келади. Ниҳоят масал сўнгида “Бор-йўғи беш олти қўй қолган эди – Уларни ҳам итлар еб битиришди7”, дея якунланади. Ёки Криловнинг “Бўри ва чўпонлар” масалида бир бўри қўтон ёнидан ўтиб кетаётганда чўпонларнинг энг семиз қўчқорни бемалол бўғизлаётганига кўзи тушади ва ўзича шундай дейди: “Агар бу ишни мен қилганимда – Кўтарар эдингиз қанчалик шов-шув”8. Булардан ташқари, Элбек масалларини яратишда Навоий, Гулханий каби ижодкорлар масалларидан, халқ оғзаки намуналаридан илҳомланади. Буни зукко ўқувчи бир қарашдаёқ илғай олади. Аммо шоирнинг ўз услуби, воқеани ўқувчига содда ва тушунарли, лўнда қилиб етказиши масалларни қизиқарлироқ ва таъсирлироқ қилади. Анъанавий Шарқ масалчилигидан фарқли равишда алоҳида “қиссадан ҳисса” чиқариб, насиҳат қилмайди. Воқеалар якуни орқали масалнинг асосий шарти бўлган “ибрат” келиб чиқади. Бир сўз билан айтганда, Элбек ижодида масаллар алоҳида ўрин тутиб, уларни кенг тадқиқ этиш, ёш авлодга ўргатиш яхши самара беради. Бу борада алоҳида тадқиқотлар қилиш мақсадга мувофиқ.