САВОЛЛАР ВА ТОПШИРИҚЛАР
1.Экология фани нимани ўрганади?
2.Экология ва табиатдан фойдаланишга оид дастлабки тушунча ва маълумотлар берган Ўрта Осиёлик олимлардан кимларни биласиз?
3.Экология қандай қисмларга бўлинади?
4.Ижтимоий экология нимани ўрганади?
5.Экология фанинг тарихи ҳақида сўзлаб беринг.
6.Ўрта Осиёлик алломаларнинг табиат ва экология фанига қандай ҳисса қўшганлар?
7.Ўзбекистонда экология фанининг кисқача ривожланиш тарихи ҳақида сўзлаб беринг.
II БЎЛИМ. МУҲИТ ВА ЭКОЛОГИК ОМИЛЛАР
Муҳит тушунчаси. Экологик омил. Абиотик, биотик, антропоген омиллар.
Муҳит экологик тушунча бўлиб, у табиий компонентлар мажмуасидан ва воқеалардан ташкил топган. Шу муҳитда тирик организмлар улр билан бевосита ва билвосита муносабатда бўлади. Муҳит — тирик организмларни ўраб турган жамики табиий экологик омиллардир (ҳаво, ёруғлик, тупроқ ва б.). Муҳит элементлари организмлар ҳолатига, ўсиш, ривожланиш, тарқалишига тўғридан-тўғри ёки бошқа иккламчи омил сифатида таъсир қиладилар. Бундан ташқари яшаш шароити деган тушунча ҳам бўлиб, у тирик организмлар учун зарур бўлган муҳит омилларининг йиғиндисидир. Уларсиз тирик организмлар бир жойда яшай олмайдилар. Шунинг учун яшаш шароитида организмлар муҳит омиллари билан доимо бирликда бўлиб, улар билан доимий мулоқатда яшайдилар.
Тирик организмларни индивидуал ривожланиш жараёнига тўғридан-тўғри таъсир этадиган муҳит элементларига экологик омиллар дейилади. Ташқи муҳит кўпгина экологик омиллардан иборат. Бу омиллар одатда уч гуруҳга бўлиб ўрганилади: абиотик (ёки ўлик омил), биотик (тирик омил) ва антропоген (ёки инсон омили). Одатда экологик омиллар барча тирик организмларга бир вақтда комплекс равишда бевосита ёки воситали таъсир кўрсатади. Аммо бу омилларнинг ҳар бирининг таъсирини аниқроқ, яхшироқ тасаввур этиш учун улар алоҳида-алоҳида олиб ўрганилади. Организмнинг теварак атрофини ўраб олган ва воситали ҳамда воситасиз таъсир этувчи бу омиллар йиғиндиси шу организмнинг яшаш муҳитини ташкил этади. Демак, муҳит экологик тушунча бўлиб, кўпроқ география фанларида қўлланилади. Экологик омил тушунчаси ташқи муҳит тушунчасига нисбатан бирмунча торроқ маънога эга бўлиб, муҳитнинг айрим унсури ҳисобланади, Экологик омил хиллари қуйидаги жадвалда кўрсатилган (1-жадвалга қаранг).
Муҳитнинг айрим экологик омиллари ҳар бири биргаликда яшаётган организмларнинг барчаси учун ёки ҳар хил турлар учун турлича таъсир этиши мумкин ва турлича аҳамият касб этади. Масалан, тупроқдаги тузлар миқдори ва таркиби ўсимликларнинг озиқланишида муҳим аҳамиятга эга бўлса, ҳайвонлар учун унинг аҳамияти унча катта эмас. Ёки қишки кучли шамоллар очиқ ҳавода яшовчи йирик ҳайвонларга салбий таъсир кўрсатса, инида ёки қор остида яшовчи кичик ҳайвонларга деярли таъсир этмайди ва ҳоказо. Аммо шуни айтиш керакки, экологик омилларнинг организмга таъсир этиш характери қанчалик хилма-хил бўлмасин уларнинг барчаси учун қуйидаги бир неча умумий қонуниятларни кўрсатиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |