VI.9.ТАБИАТ МУВОЗАНАТИНИ ОРОЛ МУАММОСИ НАТИЖАСИДА ЎЗГАРИБ БОРИШИ ВА УНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЙЎЛЛАРИ
Орол денгизи муаммосининг табииий ва экологик жараёнларига таъсири.
Орол денгизи муаммосининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари.Орол денгизи экологик муаммосини ҳал этиш йўллари.
Табиат билан инсон ўртасидаги муносабатлар тобора жиддийлашиб, айрим ўлкаларда бу зиддият жуда чигал ва хавфли тус олмоқда. Бунинг натижасида экологик вазият жойларда баъзан танг ёки фалокат даражасига яқинлашмоқда. Кейинги йилларда нохуш ҳодисалар аввалги даврларга нисбатан сайёрамизда тез-тез қайтарилиб, тобора катта ҳудудларни эгаллаб олмоқда. Ҳудудий муаммолар қуруқлик ва сув ҳавзаларида Ер куррасининг маълум табиий чегараларига эга бўлган айрим қисмларида таркиб топмоқда, бинобарин уларнинг кўпинча бир неча давлат, баъзан эса йирик бир мамлакат доирасида ҳам ривожланиши кузатилмоқда. Шунинг учун ҳам вужудга келаётган экологик муаммолар регионал хусусият касб этмоқда.
Дунёда кенг тарқалган ҳудудий геоэкологик муаммолар Ўрта, қора, Азов, Болтиқ, Шимолий, Кариб денгизлари ҳавзалари. Форс қўлтиғи, қуруқликдаги сув ҳавзалари: Каспий ва Орол денгизлари, Байкал, Балхаш, Ладога, Онега, Чад, Буюк кўллар; Иссиқкўл, йирик дарёлар: Дунай, Волга, Миссисипи, Рейн ва бошқаларга хос. Демак, таъкидлаб ўтилганидек, бугунги куннинг энг жиддий муаммоларидан бири Орол денгизининг қуриб бориши ва бунинг натижасида чўллашиш жараёнини ривожланишидир. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов қуйидагича фикрни баён этган: "Биз 20-25 йил мобайнида жаҳондаги энг йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бирининг йўқолиб боришига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бироқ, бир авлоднинг кўз ўнгида бутун бир денгиз ҳалок бўлган ҳол хали рўй берган эмас эди". Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда кўз ўнгимизда сайёрамизда энг катта фалокатлардан бири содир бўлмоқда. Ер юзида катталиги жиҳатидан тўртинчи ўринда турган Орол денгиз - кўли қуриб бормоқда, унинг ўрнида улкан Орол чўли таркиб топмоқда, бу жараёнда Қорақум, Қизилқум ва Устюрт чўллари ўзаро бирлашмоқда. Турон пасттекислигининг қоқ марказида обиҳаёт масканининг йўқолиб бориши, чўлларнинг кенгайиши ўлкада чўлга айланиш жараёнини авж олишига сабаб бўлмоқда. Орол денгизи ва унга ёндош Ўрта Осиё минтақавий-ижтимоий экосистемасининг шимолида жойлашган. Умумий майдони 473 минг кв.км, аҳолиси эса 35 миллиондан ортиқ. Орол денгизи қитъа ичкарисидаги суви оқиб чиқиб кетмайдиган, тузли ҳамда денгиз ва кўл хислатларига эга бўлган сув ҳавзасидир. Денгизга Амударё ва Сирдарё сув етказиб беради. 1960-йилларгача Орол денгизи нисбатан барқарор эди. Амударё ва Сирдарёнинг унга тушувчи сувлари (йилига 55 куб.км) ва ёғин сочин сувлари (9 куб.км) денгиз юзасидан буғланадиган сув ҳажмига (йилига 65 куб-км) тенг келар эди (4-жадвал).
Собиқ иттифоқ даврида илгари кўчманчи чорвачилик ва суғориладиган деҳқончилик мавжуд бўлган Оролбуйи, жадал суғоришга асосланган, кўп тармоқли қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш ўлкасига айланди. Айниқса, мустақилликгача бўлган чорак аср мобайнида суғориш ва саноатни ривожлантириш учун қайтарилмас сув истеъмолининг ўсиши, шунингдек қатор йиллардаги қурғоқчилик Орол денгизига дарё сувлари қуйилишининг аста-секин камайишига, хатто бутунлай тўхтаб қолишига олиб келди. Пахта ва бошқа экин майдонларини суғориш учун сувдан бетартиб фойдаланиш, кейинги йилларда, Орол денгизига Амударё ва Сирдарё сувлари келиб қуйилишининг кескин қисқаришига олиб келди. Денгиз сатҳи 16 метрдан зиёд пасайди. Сув майдони 1960-йиллар бошларидагига нисбатан уч баробарга қисқариб, сув ҳажми 60% камайди (5-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |