«Инсон ва биосфера» дастури (МАБ)
«Инсон ва биосфера» дастури бўйича Миллий қўмита Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошида ташкил этилди. «Инсон ва биосфера» дастурининг мақсади атроф-муҳит бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш. Тадқиқотлар экологик мувозанатни таъминлаш, ер юзида табиий манбаларни ва биологик турфахилликни асрашга йўналтирилган. Дастур доирасида биосфера қўриқхоналарининг бутунжаҳон тармоғи ташкил этилган. Ушбу тармоққа Ўзбекистоннинг Чотқол табиий қўриқхонаси ҳам киритилган. Ушбу қўриқхона Ғарбий Тянғ-Шандаги Чотқол тоғ тизмасининг жануби-ғарбий қисмини эгаллаган баланд тоғ ҳудудидаги биотурфахиллик мисолидир. Қўриқхона катта археологик аҳамиятга ҳам эга, чунки унинг ҳудудида қадимги қоятош тасвирлари топилган.
Халқаро гидрология дастури
Халқаро гидрология дастури бўйича Миллий қўмита «Ўзгидромет» маркази қошида ташкил этилган. Ушбу қўмита мутахассислари ЮНЕСКОнинг гидрология соҳасидаги илмий анжуманларида иштирок этиб келмоқда ва ҳар йили 22 март куни халқаро сув кунига бағишланган давра суҳбатларини ўтказмоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Сув муаммолари тадқиқот институти, ЮНЕСКО таклифига биноан, Сув масаласига бағишланган БМТнинг бешинчи форумига (2009 йил, Стамбул) махсус ҳисоботни тайёрлаган. Ўзбекистон Республикаси Сувли-ботқоқ ерлар тўғрисидаги Рамсар конвенциясига 2001 йилда қўшилган. Ушбу конвенция барқарор тараққиётга эришишга йўналтирилган бўлиб, у сувли-ботқоқ ерлар ва уларнинг манбаларини асраш ва оқилона фойдаланиш соҳасида миллий ҳаракат доираси ҳамда халқаро ҳамкорликни кўзда тутади.
Ижтимоий ва гуманитар фанлар
МОСТ (Ижтимоий ислоҳотлар бошқаруви) дастури
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази қошида ташкил этилган МОСТ Миллий қўмитаси ЮНЕСКО ёрдамида бир қатор лойиҳаларни амалга оширди: «Глобаллашув ва Марказий Осиё ҳамда Покистонда гиёҳвандлик муаммолари», «Ўзбекистонда демографик вазиятнинг ижтимоий-маданий жиҳатлари», «Марказий Осиё давлатларида бошқарув, ёшлар қадриятлари ва турмуш тарзи», «Шаҳарсозлик сиёсати ва шаҳарлар ҳуқуқлари» (натижалари 2005 йил март ойида ЮНЕСКО/ХАБИТАТ учрашувида тақдим этилган), «Шаҳарсозлик, жамиятнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланиши», «Аёл ва жамият», «Ўзбекистонда таълим ислоҳотларини ижтимоий ва сиёсий тадқиқ этиш». Шунингдек, ҳар йили 16 ноябр куни МОСТ миллий қўмитаси томонидан Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган давра суҳбати ташкил этилади. 2007 йилда МОСТ дастури доирасида, «Осиё ва тинч океани минтақасида инсон хавфсизлиги» бўйича ўқув семинарлар ташкил этиш ҳамда ўқув қўлланмани чоп этиш ЮНЕСКОнинг Бангкокдаги ваколатхонаси томонидан қўллаб-қувватланди. Миллий комиссия МОСТ миллий қўмитаси ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Тинчлик таълими ва маданиятлараро мулоқот маркази билан ҳамкорликда 2008 йилнинг 21-22 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида «Осиё ва Тинч океани минтақасида барқарор тараққиёт учун тинчлик, бағрикенглик ва инсон хавфсизлиги» мавзусида семинарни ташкил этди.
Do'stlaringiz bilan baham: |